Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:15

Озодлик бекорчиси: Ўзбекларга икки фуқаролик керакми?


Камолиддин Раббимов
Камолиддин Раббимов

Ассалому алайкум, муҳтарам Озодлик мухлиси! Сиз билан Озодлик радиоси орқали мулоқот қилиш имкониятидан хурсандман. Бу сафар “Озодлик Бекорчиси” сифатида мени таклиф қилишди. Мен эса ушбу имкониятдан мақсадли фойдаланиш ниятидаман, ва бир муҳим масала юзасидан Сизнинг фикрингизни ўрганмокчи эдим.


Муҳокама учун мен таклиф қилмокчи бўлган мавзу, назаримда жуда актуал. Аҳолиси 30 миллионга яқинлашаётган Ўзбекистонда миграцион ва эмиграцион оқимлар кўлами жиддий. Бир қанча омиллар ҳисобига, хусусан, глобаллашув шароитида яқин ўн йилликлар давомида бу жараённинг – Ўзбекистондан миграция ва эмиграция оқимининг – маълум миқдорда, доимий сақланиб қолишини кутиш мумкин холос.

Бугунги Ўзбекистон ҳукумати инсон ресурсларини кам қадрлайди, уни самарали йўналтира олиш потенциалига эга эмас. Бироқ, кейинчалик, тараққиёт ҳақида ўйланадиган сиёсатчилар ва ҳукумат бир муаммо устида ўйланиб кўриши аниқ. У ҳам бўлса: “қандай қилиб ўн минлаб еки юз минглаб Ўзбекистондан четга чиқиб кетганларнинг иқтисодий, интеллектуал потенциалидан давлат ва миллат ривожи учун фойдаланиш мумкин?”, “нима қилсак хорижда пайдо бўлаётган/пайдо бўлган ўзбек диаспораларини, уларнинг ғоялари ва капиталини Ўзбекистон тараққиёти йўлида жалб қилиш мумкин?”. Бу каби саволлар вақти келиб пайдо бўлиши, менинг назаримда, табиийдир.

Ҳали Ўзбекистонда авторитаризм анча вақт давом этишини эҳтимоли юқоридир, И.Каримов кетиши билан демократик жараёнлар бошланишига умид қилиш учун замин мавжуд эмас. Шу сабаб, ҳозирда Европа, Америка истиқомат қилаётган Ўзбекистонликларнинг купчилиги ўша давлатлар фуқаролигини олиб кетадилар. Вақти келиб, энг кўп сонли янги ўзбек диаспораси Россияда пайдо бўлади. Ҳатто сиёсий режим мўътадиллашганда, иқтисодий эркинликлар кенг қулоч ёйганда ҳам фуқаролик олиб бўлганларнинг аксарияти Ватанга қайтишдан кўра, ўша давлатда қолиши эҳтимоли каттроқдир.

2030-40 йилларга бориб МДХ, АКШ ва Европа давлатларида кўп сонли ўзбек диаспоралари пайдо бўлади, дейишга асослар бор. Улар Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қила оладиган капиталга ҳам эга бўлишлари мумкин. Ўйлайманки, ушбу масалага жавоблардан бири бу хориж давлатларида муқим жойлашиб, фуқаролик олган ўзбекистонликлар учун “икки фуқаролик” жорий қилиш бўлиши мумкин.
Тасаввур қилинг, биз ҳозир “Икки фуқаролик” тўғрисидаги қонун лойиҳасининг моҳиятини мухокама қилаяпмиз. Ушбу қонун лойиҳасининг мен таклиф қилган асосий параметрлари қуйидагилардан иборат:

Қонун табиатан “консерватив” характерга эга бўлиши лозим. Яъни, Ўзбекистон республикасининг фуқаролигини иккинчи фуқаролик сифатида олмоқчи бўлганлар:

• Ўзи ёки ота-онаси Ўзбекистонда туғилган бўлиши, лекин турли сабабларга кўра, бошқа давлатлар фуқаролигини олган шахсларга, уларнинг оилаларига берилиши мумкин;
• Ўзбекистон фуқаролигини олмокчи бўлган шахслар ўзбек тилини юқори даражада билишлари лозим;
• Умумхалқ сайлови билан сайланадиган давлат вазифаларида, давлат бошқарув органларида ишлаш учун, икки фуқаролиги бор шахслар хорижий фуқаролигидан воз кечиши назарда тутилади.

Тил билишни талаб қилишдан мақсад ¬¬номзодларни фильтр қилиш, ва бу билан баъзи қўшни давлатларнинг “икки фуқаролик” воситасида Ўзбекистон ички ишларига аралашишга йўл қўймасликдир.

Мана шу масалада мен Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим? Нима деб ўйлайсиз, келажакда шундай амалиетга эҳтиёж борми? Бор бўлса, юқоридаги чекловларга муносабатингиз қандай? Умуман, “Икки фуқаролик”ни жорий қилиш давлат ва жамият тараққиётига ёрдам берадими, ёки Ўзбекистон шароитида бу тажриба номақбулми? Бу борада сизда бошқа таклифлар борми?

Умид қиламанки, ушбу мавзуда сизлар ўз қарашларингизни билдирасиз. Кун якунида эса мен имкон қадар айтилган фикрларни умумлаштириб, хулоса қиламиз. Фикрларингизни кутиб қоламан.

Камолиддин Раббимов
Сиёсатшунос
XS
SM
MD
LG