Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:57

Камаробда яна уч жангари йўқ қилинди


Маълумотларга кўра, Рашт водийсига кириш-чиқиш йўллари айни пайтда ҳукумат кучлари томонидан назорат қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, Рашт водийсига кириш-чиқиш йўллари айни пайтда ҳукумат кучлари томонидан назорат қилинмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, Камароб дарасида мулла Абдулло ва Аловуддин Давлатов гуруҳларига қарши ҳозирга қадар давом этаётган амалиёт чоғида 25 октябр куни бу гуруҳнинг уч нафар жангариси отиб ўлдирилган ва яна оғир яраланган бир жангари қўлга олинган.

- Камароб дарасида Тожикистон куч ишлатар тизимларининг мулла Абдулло ва Али Бедаки гуруҳига қарши олиб борилаётган махсус амалиётлар чоғида куни кеча яна уч жангари ўлдирилди, яна бир нафар эса оғир ярадор ҳолда қўлга олинди. Улардан катта миқдорда қурол аслаҳа мусодара қилинди, - дея билдирди мазкур вазирлик расмийси Маҳмадулло Асадуллоев.

Унинг айтишича, айни пайтда бу жангарилар шахси аниқланмоқда.

Тожик расмийси айни кунларда Камароб дарасида жангариларга қарши ҳарбий амалиётлар давом этаётганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон шарқида бу мамлакат куч ишлатар тизимларининг жангариларга қарши амалиётлари шу йил 19 сентябрида Мудофаа вазирлигининг Камароб дарасидан ўтиб бораётган корвонига номаълум кишилар пистирмадан ҳужум уюштиргани ва натижада ҳукуматнинг 28 аскари ҳалок бўлганидан сўнг бошланиб кетган эди.

Ўтган бу давр ичида жангариларга қарши амалиётлар натижасида ҳукуматнинг тахминан 60 га яқин аскари қурбон бўлгани айтилади.

Аввалроқ Тожикистон Бирлашган мухолифатининг тожик жамиятида эътибор қозонган икки собиқ дала қўмондони Мирзохўжа Аҳмадов ва мулла Садриддин авф ва жиноий жавобгарликка тортилмаслик шарти билан қуролларини топширган эди.

Шунингдек, улар Камаробда ҳукумат кучларига қарши жанг қилаётган ёлланма жангариларни Рашт водийсидан қувиб чиқаришга ваъда ҳам берган эди.

Бу ваъда ортидан ҳукумат кучларининг жангариларни йўқ қилиш амалиётларида ижобий натижалар кузатила бошланди.

Бундан бир неча кун аввал ҳам Камаробдаги амалиётлар давомида тўрт жангари йўқ қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги бу жангариларнинг шахсини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб, уларнинг ҳаммаси тожикистонлик фуқаролар эканини маълум қилганди.

Аснода Тожикистондаги айрим ахборот воситалари Камаробда ҳукумат кучларига қарши жанг қилаётган жангариларнинг катта қисми Афғонистондан ўтиб келган толиблар эканини ёзади. Баъзи маълумотларда улар сони тўрт юзга яқинлиги айтилади.
Бироқ кеча Афғонистонга сафар қилган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Кобулдаги матбуот анжуманида бу маълумотлар асоссизлигини таъкидлар экан, Рашт водийсида ҳукуматга қарши курашаётган жангариларни асосан тожикистонлик фуқаролар ва собиқ шўро давлатларидан ёлланган хорижликлар ташкил этишини билдирди.

- Баъзи ахборот воситалари Рашт водийсига Афғонистондан тўрт юзга яқин, баъзилар эса бир юзи элликдан ортиқ толиблар ўтганини хабар қилди. Аммо бу воқеликдан йироқ бўлган ва ҳаводан олиб ёзилган рақамлардир. Мамлакат шарқида кечаётган жангларда асосан собиқ шўро давлатлари фуқаролари ва тожикистонликлар бор. У ерда Афғонистон фуқаролари йўқ, - дея таъкидлади 25 октябр куни Кобулда сўзлаган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон.

Шунингдек, тожик президенти Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб, “Марказий Осиёдаги вазият Афғонистондаги вазиятга боғлиқ. Бу аср вабосига қарши биргаликда курашмоғимиз лозим”, деб айтди.

Шу ўринда айтиш жоизки, айни кунларда ҳам Тожикистоннинг Рашт водийсида ҳарбий ҳолат сақланиб қолмоқда.

Бу водий ва республиканинг барча ҳудудлари ўртасида телефон алоқалари ҳозирга қадар ҳам тиклангани йўқ.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийларининг айтишича, бу гал ҳам ҳукуматга таслим бўлишдан бош тортган собиқ дала қўмондони мулла Абдулло ва унинг тарафдори Аловуддин Давлатов бошлиқ жангарилар Камароб ва тоғли Мастчоҳ оралиғида жойлашган Сиёҳжангалда яширинган. Улар сони тахминан олтмишдан ортиқ экани айтилади.
XS
SM
MD
LG