Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:08

Озодлик бекорчиси: Интернет муваффақиятми ё маҳрумият?


Сешанба бекорчиси Хондамир
Сешанба бекорчиси Хондамир

Интернет шу кунда телевизор каби кўпчилик турмушининг ажралмас қисмига айланиб қолгани сир эмас. Айниқса хорижда яшаётган миллатдошлар орасида Интернетдан фойдаланмайдигани кам бўлса керак.

Нафақат хорижда, балки Ўзбекистоннинг ўзида ҳам жаҳон тармоғи йилдан-йилга оммалашиб бораяпти. Ўзбекистон алоқа ва ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 2010 йил сентябр ойи охирига келиб мамлакатда Интернетдан фойдаланувчилар сони 6 миллион 626 минг кишига етган. Улардан 3,5 миллиони глобал тармоққа уяли телефонлар орқали уланаётгани айтилади. Ўзбеклар анча консерватор халқ эканини ҳисобга олсак, бу кичкина рақам эмаслигини тан олишга тўғри келади.

Айни пайтда Интернет ҳақидаги орифона баҳсларда (ажабланарлиси, бу баҳслар яна ўша онлайн-форумларда қизигандан қизияпти) глобал тармоқнинг “буюк шумлик” экани бот-бот такрорланадиган бўлган. Дарҳақиқат шундайми?

Интернетдаги фаҳш, гиёҳвандлик, зулм, нацизмни тарғиб қиладиган сайтларни ёқлаш фикридан мен ҳам мутлақо йироқман, албатта. Лекин мени ҳозирда “Глобал тармоқ бошқа жиҳатлари билан бизга фойда келтираяптими ёки у чинданам кўз нурию қалб қўрини сўндирадиган шуғлми?” деган савол қийнаяпти.

Албатта сиз нуктадон гурунгдош сифатида менга бу борада бирор ривоят келтириб, “ҳар иш ниятга кўра бўлиши”ни исботлашга ҳаракат қилишингиз мумкин. Бундай ривоятлардан бир нечтасини ўзим ҳам биламан.

Улардан бири будир:

Олим, ўғри ва қиморбоз тақдир тақозоси билан йўлдош бўлиб қолибдию Истанбулга келибди. Битта карвонсаройга тушган ҳамроҳлар эрталаб шаҳар айланишга чиқиб кетиб, оқшомда яна учрашишибди.

- Қандоқ ажойиб шаҳар экан, умримда бунча кўп олим яшаган шаҳарни кўрмагандим, - дебди олим.

- Ўғриларини айтмайсизми, Истанбулдагидай чапдаст ўғрилар ҳеч ерда топилмаса керак, - дея гапни улабди ўғри.

- Истанбул қиморбозларидек жўмардини кўрмадим, - қўшимчалабди қиморбоз.

“Қиссадан ҳисса” чиқариб, ғашингизга тегмоқчи эмасман. Муддаом бошқа – сиз билан “виртуал олам муваффақиятми ё маҳрумият” мавзуида гурунглашиш. Бу мавзуда айтар гапингиз бўлса, 2 ноябр кунги гурунгимизга қўшилинг. Камарбаста бекорчингиз Хондамир.
XS
SM
MD
LG