Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:50

Қирғизистонлик россияликдан неча баравар қадрсизроқ?


Путин ëнғиндан куйиб кетган қишлоқларга бориб¸ жабр кўрганларга янги ва яхши уйлар қуриб беришни ваъда қилган эди.
Путин ëнғиндан куйиб кетган қишлоқларга бориб¸ жабр кўрганларга янги ва яхши уйлар қуриб беришни ваъда қилган эди.

1 ноябр куни Россия ҳукумати раиси Владимир Путин уйи куйган ватандошларига янги қурилган уйларни топширди. Қуруқ уйларни эмас, мебел-себели билан топширди. Мақтанди Путин.


"Ваъдамизни бажардик!" деди.

Телесюжет ғашимни келтирмади. Сайловни ўйлаб қуриб беришдими, ўйламайми – бу масала мутлақо қизиқтирмади мени. Муҳими - одамлар уйлик бўлди.

Кечаги сюжет Қирғизистонда ёндирилган уйларни ёдга солди ва баъзи жиҳатларни қиёслашга ундади.

Янги уйга кўчиб кирган россияликларнинг эски уйлари июлда, мамлакатнинг 14 региони ўрмонларида ёнғин чиққанда куйиб кетганди.

Россия бўйлаб 1 августгача 1875 та уй куйди.

Қирғизистонда июнда 1350 та адресдаги уйларга ўт қўйилди. Айнан шунча адресда халқаро ташкилотлар икки хонали уй қуриб бераяпти.

Битта адресда иккитадан ҳам уй бўлиши мумкинлигидан келиб чиқсак, рақам тахминан Россиядаги рақамчалик бўлиб чиқади.

Россия ҳукумати уйи куйганларга қуйидагича моддий ёрдам берди:

а) 100 минг рубл – куйиб кетган уй жиҳозлари, от-улови, машиналари учун;

б) 100 минг рубл – куйиб кетган кўчмас мулки учун;

в) 2 миллион рубл – куйган уйи ўрнига янги уй қуриш учун;

г) 1 миллион рубл –ҳар бир уй ҳисобига қуриладиган қишлоқ инфратузилмаси учун.

Шундай қилиб, уйи куйган ҳар бир россиялик оила давлатдан 3 млн. 200 минг рубл (тақрибан 106 минг АҚШ доллари) олди.

Қирғизистонда уйи ёндирилган ўзбекка давлат 50 минг қирғиз сўми (тақрибан 1100 АҚШ доллари) таклиф қилди.

Бу пул уйи куйганга, агар у 200 минг қирғиз сўмини қарзга олмаса, бериладиган бўлди. Яъни ё 50 мингни "еб кетарга" олади, ёки 200 мингни қарзга олади.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси чет эллик донорлар пулига 2 хонали уйлар қуриб бераяпти. Битта уй
5100 долларга битаяпти.

Демак, уйи куйдирилган қирғизистонлик ўзбек 5100 доллар, агар "товон пули"ни - 50 минг қирғиз сўминиям олган бўлса, жами 6200 доллар олди.

Уйи куйган россиялик эса, ўз давлатидан 106 минг доллар олди.

Шундай қилиб, қирғизистонлик ўзбекнинг қадри россияликникига қараганда, тақрибан 20 бараварга паст бўлиб чиқаяпти.

Лекин агар 5100 ёки 6200 долларни давлат эмас, халқаро ташкилотлар берганини назарда тутсак, Қирғизистон ҳукумати учун ўз фуқароси қадри бир доллар ҳам турмаслиги ёки Россияликникига қараганда, 106 минг марта пастлиги аён бўлади.

Яна бир тафовут: россияликларнинг уйларига ўт ёнғин чиққан ўрмондан туташиб кетганди. Ўрмон яна ёниши мумкин. Лекин қайта қурилган қишлоқлар энди ёнмайди. Бу ерда гап бир марта бомба тушган жойга яна бир марта тушмаслигида эмас – янги қишлоқларни ўт туташиб кетмайдиган қилиб қуришди.

Қирғизистонда ёндирилган маҳаллаларнинг яна ёқиб юборилмаслигига кафолат борми? Ўт қўйган босқинчиларнинг биронтаси ҳам ушланмагани, жазоланмагани назарда тутилса, кафолат йўққа ўхшайди.
XS
SM
MD
LG