Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:30

Ўзбекистоннинг хориж нефтига қарамлиги кучаймоқда


Айрим тошкентликларга кўра¸ айни кунларда бензин учун муштлашувлар АËҚШ да кунига рўй бериб турадиган воқеага айланган.
Айрим тошкентликларга кўра¸ айни кунларда бензин учун муштлашувлар АËҚШ да кунига рўй бериб турадиган воқеага айланган.

Мустақилликдан кўп ўтмай нефт мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистонда бир неча ойдан бери бензин тақчиллиги давом этмоқда. Таҳлилчилар фикрича¸ Ўзбекистон нефт импортини кўпайтирмаса¸ ҳозирда тақчил ëнилғи янада тақчиллашади.


"Ўзбекистон 2011 йилга бориб 4,2 миллион тонна нефтни импорт қилишга мажбур бўлади."

Бу гап Марказий Осиë аналитик гуруҳи эълон қилган ҳисобот мазмунини белгилади.

Ҳисобот муаллифлари ўзбекистонлик уч нафар таҳлилчи Владимир Парамонов, Алексей Строков ва Олег Столповскийларга кўра¸ Ўзбекистонинг ташқи нефтга қарамлиги яқин келажакда янада кучаяди.

Ўзбекистон ичкарисида нефт маҳсулотларга бўлган ўсиб бораëтган эҳтиëж қаршисидаги номувофиқлик бу муаммо илдизи ўлароқ ҳисоботда кўрсатилади.

Ўзбекистонда ëнилғи мойлаш ва ëқилғи заҳиралари тақчиллиги ҳисоботда айтилгани каби¸ 2011 йилда эмас балки 2010 йилнинг бошиданоқ сезила бошланди.

Бензин тақчиллиги юз бериш арафасида мамлакатдаги нефт ва газ саноатини назорат қилаëтган "Зеромакс" ширкати раҳбари Миродил Жалолов қамалди. Сентябр ойида эса "Узтрансгаз" ширкати раҳбари Эркин Вагаповнинг қамоққа олингани хабари чиқди.

2010 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон президенти фармони билан Тўлаган Жўраев "Узтрансгаз" ширкати раҳбари қилиб тайинланди.

Ихтиëримиздаги маълумотлар Марказий Осиë аналитик гуруҳи айтган “Ташқи нефтга қарамлик” ташхисининг тўғри чиқаëтгани ва бу билан боғлиқ муаммолар кўлами кутилганидан каттароқ эканидан далолат бермоқда.

Ўзбекистонда бензин тақчиллиги жараëнлари бу соҳадаги кадр алмашувлари билан уйғундай кўринди.

Ҳар ҳолда кейинги 7-8 ойга назар ташлайлик.


2010 йил март ойи. Тошкент

Ўзбекистондаги ëқилғи саноатини назорат қилувчи “Зеромакс” ширкати раҳбари Миродил Жалоловнинг, "Алп Жамол" банки раҳбари Муҳиддин Асомуддиновнинг мамлакатдан чиқиб кетгани хабари тарқалди. Бундан олдин тошкентлик йирик тадбиркор Бахтиëр Раҳимов, Ўрикзор улгуржи бозори соҳиби Дмитрий Лим қамоққа олинди. Бу тадбиркорлар, хусусан “Зеромакс” ширкати раҳбари Миродил Жалоловнинг Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан иқтисодий илдизининг бирлиги айтилди.

Бу хабарлар ортидан “Ўзнефтмаҳсулот” ширкатининг 2010 йил 16 март кунидан бошлаб ҳар бир литр АИ-76 русумли бензин нархи ошганини эълон қилди.

Аммо бензин қуйиш шаҳобчаларида АИ-91,-92,-93 бензинларининг нархи кўтарилди, энг яхши АИ-95 бензин нархи осмонга кўтарилди.

Нарх ошиши маҳаллий ҳайдовчилар учун жиддий муаммо бўлди.

Бунинг баробарида “Ўзнефтмаҳсулот” ширкати бензин чакана савдо нархининг ҳар литрига 90 сўм солиқ киритди.

Россия ва Қозоғистондан келтирилган бензиннинг нархи икки баробар баландроқ нарҳда сотила бошланди.

Бензин нархининг ўсиши орқасидан товар ва хизматларнинг нархи ҳам кўтарилди. Мисол учун, такси кираси учун ўзбекистонликлар март ойидан бошлаб икки баробар кўпроқ пул тўлашга мажбур бўлишди.


2010 йил май ойи. Тошкент

Май ойи ўрталарига бориб қимматлаган бензин тақчил бўла бошлади. Тошкент шаҳридаги UzGazOil ёқилғи қуйиш шаҳобчаларининг ëпилгани оқибатида бензин учун километрга чўзилган навбатлар кузатилди.

Айниқса¸ май охиридаги уч кунда Тошкентдаги бензин қуйиш шаҳобчаларидаги навбатлар ярим тунгача тирбанд бўлди. Тақчиллик шаҳарда бензин қора бозорини яратди.

30 май куни бензин қуйиш шаҳобчаларидаги вазият бир оз сокинлашган бўлса-да¸ бензин тақчиллиги бутун республика бўйлаб кенг қанот ëзиб улгурди.


2010 йил июл

Бутун июл ойида ва айниқса 14 июл куни Тошкент шаҳридаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида ёппасига бензин тақчиллиги кузатилди.

14 июл куни Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларининг айримлари тушгача ишлади, аксарияти кун бўйи ёпиқ бўлди.

“Polimer savdo” АЁҚШ ходимасига кўра, бензин тақчиллиги шаҳардаги барча ёқилғи қўйиш шаҳобчаларида бирдек кузатилди.

“ZTE Petrol” АЁҚШ ходими эса кейинги икки кун давомида бензин бўлмаганини Озодликка айтди.

“Keen oil business” АЁҚШ ходимига кўра, кеча Чинобод нефт базаси бензин тарқатмагани учун шаҳобчаларда бензин сотилмади.

Озодлик мухбирлари Тошкентдаги Arbus, Max petrol service, Nishona-Bisnes, Perfect petrol, Poytaxt-Oil, Al safina, Афзал автотаъминот, Вива фарм каби жами 15 та ёқилғи қуйиш шаҳобчаси билан телефон орқали боғланди. Ушбу шаҳобчаларни барчасида 14 июл куни бензин тақчиллиги кузатилди.

Пойтахтдаги АЁҚШлардан бирининг раҳбарига кўра, кейинги икки ой ичида нефт базаларидан олинадиган бензин миқдори кескин камайган.

У Тошкентдаги бензин тақчиллигини изоҳлар экан, бу ҳолатни "UzGazOil" шаҳобчаларининг ёпилиши билан боғлади.

Мустақил таҳлилчи Сайфулла Зикиров “Зеромакс” ширкатининг алғов-далғов қилинишининг мамлакатда бензин тақчиллигига бевосита алоқаси бўлишини айтди.

Худди шу пайтда , Тошкентда собиқ “Зеромакс” ширкатига қарашли ва давлат тасарруфига ўтказилган “UzGazOil” ёқилғи қуйиш шаҳобчалари давлат томонидан ижарага берилиши мумкинлигига оид хабарлар ҳам пайдо бўлди.

Қозоғистон ҳукумати дастлаб нефт маҳсулотлари экспортини 1 июлига қадар тақиқлаб қўйган бўлса¸ июл ойида бу тақиқ мамлакат ички бозорини ҳимоялаш мақсадида 1 ноябрга қадар узайтирилди.

15 июл куни Ўзбекистон президенти “Ўзнефтегаз” ширкати бошқарув кенгаши раиси Улуғбек Назаровни ўз лавозимидан озод қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Бош вазирининг геология, нефткимё ва металлургия саноати масалалари бўйича бўйича ўринбосари Эргаш Шоисматов ҳам ишдан олинди.

- Президент қарорида “иш жараёнида йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун” деган ибора ишлатилган. Бунақа ибора президент қарорларида анчадан бери кузатилмаётган эди. Ҳар доим бошқа ишга ўтгани ёки соғлиги каби сабаблар айтилар эди. Бундай сабабнинг кўрсатилиши эса бу одамларга нисбатан аллақачон жиноий иш қўзғатилган ёки тез орада қўзғатилиши мумкин, деган маънони англатади¸ дейишди Озодлик билан суҳбатлашган таҳлилчилар.


2010 йил сентябр


“Зеромакс” ширкатнинг собиқ бош ижрочи директори Миродил Жалолов ҳибсга олинди.

Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовга тегишли бўлгани айтиладиган ҳамда Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати асосан нефт, газ ва олтин қазиб олиш билан шуғулланган эди.

"Узтрансгаз" ширкати раҳбари Эркин Вагаповнинг қамоққа олингани ҳабари чиқди


2010 йил октябр

Бухоро, Хоразм¸ Сурхондарë ва Фарғона водийсида ялпи бензин тақчиллиги кузатилди. Бензин нархи қора бозорда бир литри 5000дан ошиб кетгани кузатилди.


2010 йил ноябр


2010 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон президенти фармони билан Тўлаган Жўраев “Узтрансгаз” ширкати раҳбари қилиб тайинланди.

Бензин тақчиллиги оқибатлари Ўзбекистон учун таҳликали истиқбол яратмоқда¸ деди Озодлик билан суҳбатлашган Марказий Осиë аналитик гуруҳининг исми айтилишини истамаган таҳлилчилари.

Бу гуруҳ вакилларига кўра, “Ўзбекистон 2011 йилга бориб 4¸2 миллион тонна нефтни импорт қилишга мажбур бўлади”. Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров назарида, бу жудда катта ҳажм ва бундай ҳажмдаги нефт етишмовчилиги ҳақидаги ҳисобот баҳслидир.

- Уларда Ўзбекистоннинг нефт қувурларининг ишлаб чиқариш қувватлари, қазиб чиқарилаëтган нефт ҳажми, қанчаси нефтни қайта ишлаш заводида қайта ишланаëтгани тўғрисида буларда реал информация борлигига шубҳам бор. Чунки бу охирги пайтда камдан кам одамлар доступга эга бўлган информация ҳисобланади. Шуни тўғри қабул қилинг.

4 миллион тонна тақчиллик дейиш бу ҳаддан ташқари жиддий баëнот. Ўртача бир баррел нефтнинг нархини 80 доллардан ҳисоблаган тақдиримизда ҳам жуда катта суммани ташкил қилади. Ҳисоб-китоб қилиб кўрган бўлсангиз керак. Агар мен адашмаëтган бўлсам, тахминан 3 миллиард 200 минг, 3 миллиард 500 минг доллар атрофида ҳажмга эга бўлган нефт маҳсулотларини импорт қилишга тўғри келади. Бу иқтисодиëтга жуда оғир зараб бўладиган ҳолат. Шунинг учун биринчи айтмоқчи бўган гапим, ҳисоботнинг тўғрилигига шубҳам бор.

Иккинчиси, ҳа етишмовчилик бор, тақчиллик бор балансда. Лекин бу етишмовчилик даражаси сиз номини санаб ўтган тадқиқотчилар айтаëтган суммадан анча камроқ.

Учинчи айтадиган гапим, бу тақчилликни бартараф этиш тадбирларини ҳозир кўришаяпти. Қайси йўналишда?

Биринчиси нефт маҳсулотлари импортини йўлга қўйиш. Бу ҳақда ҳали Ўзбекистонда тан олиб айтилаëтгани йўқ.

Иккинчи йўналиш транспорт воситаларини аста-секинлик билан газ билан ишлайдиган тизимга ўтказиш масаласи.

Сиз оқибатини сўраяпсиз. Оқибати бундай ҳолатда ҳамма вақт салбий бўлади. Чунки ҳар қандай товар, хизмат борки, унинг тан нархида ëқилғи маҳсулотларининг нархи ўтиради. Ўз ўзидан инфляцияга олиб келади, нархларнинг ошишига олиб келади, турмуш даражасининг пасайишига олиб келади. Тўлов балансининг макроиқтисодий даражада ëмонлашувига олиб келади. Лекин мен ҳеч қачон 4 миллион тонна ҳақидаги гапларни асос қилиб олмаган бўлардим, дейди Отабек Бакиров.
XS
SM
MD
LG