Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:41

Тожикистонда икки хотинли эркаклар жавобгарликка тортилди


Кундошларнинг ўзаро жанжали ва соч юлиши натижасида тожикистонлик 45 эркакнинг қонунга зид хатти-ҳаракати ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ошкор бўлган. Бу эркакларнинг ҳаммаси Хатлон вилоятидан экани маълум бўлди. Аммо улар орасида бирорта мансабдор шахс йўқлиги айтилмоқда.

Бохтар туманида яшовчи 34 ёшли Мастура тўрт йил аввал ота-она розилиги билан оилали эркак никоҳига кирганини айтади.

Аёл иккинчи хотин бўлгани важидан унинг никоҳи давлат қайдига олинмаган. Мастура икки фарзанди билан ижарада яшайди.

Мастуранинг айтишича, эри анчадан буён оилани таъминламай қўйган. Боз устига, исломий никоҳини ҳам бузиш ҳақида гап очган. Унинг бу қарорига ҳукумат идораларининг бирдаги юқори лавозимга тайинланиши сабаб бўлган.

Оила ва фарзандларидан мансабни устун билган эркак Тожикистон қонунлари бўйича икки ёки кўпхотинли шахс жиноий жавобгарликка тортилишини яхши англайди.

- Эримнинг бу қароридан сўнг саломатлигим ёмонлашди, касалхонага тушдим. Ўтимни операция қилиб олишди. Ёш болаларим билан қаёққа бош уришни билмай энсам қотди. Мен шу кунгача бирорта идорага шикоят кўтариб бормаганман бу фикридан қайтар, деган умидда. Лекин бир неча ойдирки, биринчи хотинининг таъсирида бизга қарамай қўйган. Ҳаёт инсонга бир марта берилади. Мен ҳам болаларим билан яхши ҳаёт кечиришни истайман, - дея куюнади Мастура.

Жувон болалари учун ота тарбияси жуда зарурлигини, шунингдек, оилани боқиш келгусида ўзи учун жуда қийин кечиши мумкинлигини қўшимча қилди. Аммо аёл никоҳи расмий қайддан ўтмагани боис ўзи ва болаларининг ҳуқуқларини қай йўсин талаб қилишни билмай боши қотган.

Мастура тожик жамиятида иккинчи хотин бўлиб никоҳга олинган ягона аёл эмас. Тожикистонда кундошли аёллар сони анчагина экани айтилади. Хусусан, Хатлон вилоятида кўпхотинлилик “янги гап” эмас, дейди хатлонлик аёллар.

Тожикистон жорий қонунларига кўра, икки ва ундан кўп хотини бўлган эркаклар жиноий жавобгарликка тортилади.

Хатлон вилоят ички ишлар бўлим бошлиғи Абдураҳмон Бузмаковнинг билдиришча, жорий йил бошидан буён кўпхотинлиликда айбланган 45 эркак жавобгарликка тортилган.

- Асосан биргаликда рўзғор юритаётган кундошлар жанжали ва уларнинг у ёки бу идораларга ариза кўтариб боришлари ортидан қонунни бузган кўпхотинли эркаклар маҳкамага тортилмоқда. Шу йил тўққиз ойи давомида қайдга олинган 45 ҳолат бунга мисол, - дейди Хатлон вилоят ички ишлар расмийси Бузмаков.

Уларнинг кўпи Россиядаги меҳнат муҳожирлигидан қайтган ва молиявий аҳволи бошқаларникидан яхшироқ бўлган Қўрғонтепа, Жалолиддин Румий, Шаҳритус ва Қабодиён фуқаролари экан.

Аммо Хатлон вилоят прокурори муовини Юсуф Юсуфзоданинг Озодлик мухбирига маълум қилишича, бу ҳудудда кўпхотинлиликда гумонланган 11 шахс устидан жиноят иши очилган.

- Бу жиноят унчалик оғир бўлмаган жиноятлар сирасига киради. Кўпхотинлилик юзасидан очилган 11 та жиноят ишининг бари аёллардан бирининг шикоят аризаси асосида очилган, - деди прокурор Юсуфзода.

Бу ҳудуд суди раиси Муҳаббат Азизова кўпхотинлилик билан боғлиқ ишлар табиийлик касб этаётганини эътироф этади.

- Бундай делолар жуда кўп. Аммо ҳозиргача икки ва ундан ортиқ хотини бўлган бирор мансабдор шахс устидан ариза тушгани йўқ. Айни пайтда парламентда Жиноят кодексидан кўпхотинлилик банди олиб ташланиш таклифи киритилган. Агар шу қарорга келинса, судларга бу каби аризалар тушмай қўяди, - дейди Хатлон вилоят суд раиси Азизова хоним.

Аснода Тожикистон Ислом уйғониш партияси расмийси Азимжон Ваҳҳобов жамиятда фаҳш ишларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликдаги мазкур чеклов бекор қилинса, айни муддао бўлур эди, дея фикр билдиради.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, бу мамлакатда, хусусан, Хатлон вилоятида кўпхотинлиликнинг қулоч ёйишига асосан Тожикистондаги фуқаролик урушида (1992-1997 йиллар - таҳр.) минглаб аёлларнинг бева ва болаларнинг отасиз қолиши сабаб бўлган. Зеро, фуқаролик урушидан кўпроқ хатлонликлар зарар кўргани борасида маълумотлар мавжуд.

- Яна бошқа бир сабаби тожикистонлик йигитларнинг аксарияти хорижга таҳсил ва меҳнат муҳожирлигига кетиб, қайтмаётгани боис жамиятда аёллар сони эркаклар сонидан бир неча баравар ортиб кетган, дейди гендер масалалари бўйича таҳлилчи Латофат Чориева.

Тожикистон давлат статистика қўмитасининг сўнгги маълумотларида айтилишича, республикада етти миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб, унинг қарийб 60 фоизини аёллар ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG