Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:24

Обама Индонезия демократиясини олқишлади


Обама индонезиялик ҳамкасби томонидан олий мақомда кутиб олинди.
Обама индонезиялик ҳамкасби томонидан олий мақомда кутиб олинди.

Осиë бўйлаб сафари доирасида АҚШ президенти Барак Обама болалигининг тўрт йили ўтган Индонезияга келди. Дунëнинг энг йирик мусулмон давлати Индонезияда Обама мусулмон дунëси билан муносабатни яхшилашга уринмоқда.


10 кунлик Осиë сафарининг иккинчи қисмида Барак Обама¸ ниҳоят кўпдан кутилгани каби Индонезияга келди.

Ҳиндистонда Жакартага учиб келган Обамани ҳам ҳукумат раҳбарлари¸ ҳам оддий индонезияликлар хушнудлик билан қарши олдилар.

Болалигининг тўрт йилини Индонезияда – ўгай отаси уйида ўтказган¸ маҳаллий мактаблардан бирида таҳсил олган Обаманинг бу мамлакатдаги шуҳрати¸ ҳозирда АҚШ дагидан ҳам баланд ва оддий халқ ҳам¸ Жакарта ҳукумати ҳам бу сафарни кўпдан кутишаëтган эди. Икки марта Индонезияга белгиланган сафар бекор қилингач¸ ниҳоят учинчи уринишда Обама 9 ноябр куни Жакартада олий даражали учрашувлар ўтказишга муваффақ бўлди.

Бу гал сафар бекор қилинмаган бўлса-да¸ аввалига 24 соат давом этиши белгиланган Жакарта сафари¸ Оқ уй матбуот хизматига кўра¸ Индонезиядаги йирик вулқонлардан бирининг отилишидан ҳавога тарқаëтган кул миқдори кўпайиб бораëтгани боис¸ бир неча соатга қисқартирилди.

Индонезия президенти Сусило Бамбанг Йодҳойоно билан музокаралардан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Обама мамлакатдаги иқтисодий ўсиш ва демократик ривожланиш суръатини олқишлади ва АҚШнинг Индонезия билан терроризмга қарши кураш, савдо, иқлим ўзгариши ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиражагини таъкидлади.

- Ўзаро савдо, жумладан, Американинг Индонезияга экспорти ҳажми тез суръатда ошиб бормоқда. Шу боис АҚШ экспортини икки баробарга кўпайтириш ташаббуси доирасида биз Индонезияга ривожланиб бораётган бозор сифатида эътиборни кучайтириш ниятидамиз. Президент Йодҳойоно ва мен савдо ва инвестицияни рағбатлантирувчи шароитлар яратиш йўлларини муҳокама қилдик, деди Барак Обама.

Айни пайтда Обама Жакарта раҳбарларидан исломий жанггариларга қарши курашни сусайтирмасликни ҳам сўради.

Сафарини якунлаш олдидан АҚШ президентининг жануб-шарқий Осиëдаги энг йирик масжид ҳисобланмиш Жакартанинг Истиқлол масжидига бориб¸ бу ердан туриб Индонезия ва дунë мусулмонларига мурожаат қилиши белгиланган.

Мазкур мурожаатида Обаманинг индонезияликларни демократия ва иқтисодий тараққиëт йўлидан оғишмасликка даъват қилиши кутилмоқда.

2009 йил июнида Мисрга қилган сафари чоғида Обама Қоҳирада ҳам дунë мусулмонларига мурожаат қилган ва Жакартадаги нутқнинг Қоҳира мурожаатининг мантиқий давоми бўлиши тахмин қилинмоқда.

Кейинги йиллар давомида қатор қонли террор ҳужумларини бошдан кечирган Индонезия пойтахтида Обама сафари муносабати билан хавфсизлик чоралари ниҳоятда кучайтирилган ва бу ишга ўн минглаб хавфсизлик кучлари сафарбар қилинган.

Жакартадан сўнг Обама ўз сафарини Жанубий Корея ва Японияда давом эттиради.
XS
SM
MD
LG