Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:22

Ҳинд генерали: Айнийни кимга топшириш Тожикистоннинг иши


Ҳиндистон армияси бош қўмондони генерал Сингҳ тожик расмийлари билан музокаралар чоғида Афғонистондаги вазиятга ҳам алоҳида тўхталинганини айтди.
Ҳиндистон армияси бош қўмондони генерал Сингҳ тожик расмийлари билан музокаралар чоғида Афғонистондаги вазиятга ҳам алоҳида тўхталинганини айтди.

Шу йилнинг 11 ноябр куни хизмат сафари билан Душанбега борган Ҳиндистон армияси бош қўмондони генерал Вижай Кумар Сингҳ ўз мамлакати халқаро террорчилик ва экстремизмга қарши кураш йўлида Тожикистон билан ҳамкорлигини ривожлантириш ниятида эканини айтди.

Пайшанба куни эрталаб Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашган Ҳиндистон армияси бош қўмондони Вижай Кумар Сингҳ ўзаро музокара чоғида асосан икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ва халқаро терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ва қўшни Афғонистондаги вазият атрофида фикр алмашинганини билдирди.

- Музокарамизнинг бош мавзуи Тожикистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни такомиллаштириш бўлди. Шунингдек, биз хавотирларга сабаб бўлаётган халқаро террорчилик ва экстремизмга қарши биргаликда курашишга ҳам келишиб олдик. Ҳиндистон ҳукумати бу йўналишда Тожикистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳозирдир, деди президент Раҳмон билан учрашувдан сўнг журналистлар олдида сўзлаган генерал Вижай Кумар Сингҳ.

Журналистлар ўзаро музокара чоғида Ҳиндистон маблағи эвазига тўла таъмирдан чиққан Айний ҳарбий базаси ва унинг тақдири ҳақида сўз борган-бормагани билан қизиқдилар.

Эслатиб ўтамиз, 1985 йилдан буён таъмирланмаган Айний ҳарбий аэродроми сўнгги беш йил мобайнида Ҳиндистон ҳукумати ажратган 20 миллион АҚШ доллари эвазига тўла таъмирдан чиқарилганди.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий матбуот анжуманларининг бирида ҳарбий аэродром тўла фойдаланишга тайёрлигини расман эълон ҳам қилган эди.

Кўпдан буён бу ҳарбий базанинг қайси давлат ихтиёрига топширилиши атрофида баҳслар қизиб келса-да, Тожикистон ҳукумати шу кунгача бу ҳарбий аэродромни кимнинг ихтиёрига топшириши борасида аниқ бир тўхтамга келганича йўқ.

Ҳиндистонликлар томонидан тўла таъмирланган ҳарбий аэродром Ҳиндистон ихтиёрига топширилишини тахмин қилаётган мустақил кузатувчилар Вижай Кумар Сингҳнинг Душанбега сафаридан мақсад ҳам бу масалани ҳал қилиб олиш, дея мулоҳаза билдирмоқдалар.

Аммо ҳинд расмийси бу мулоҳазаларни рад этди.

- Тожикистондаги Айний ҳарбий базасини таъмирлаш бу давлат билан ҳарбий ҳамкорлигимиз доирасида амалга оширилди. Бу ҳарбий база Тожикистон ихтиёридаги объект ва уни кимга топшириш бу давлат салоҳиятидаги масаладир. Шу нуқтаи назардан, Ҳиндистон ҳукумати бу ҳарбий майдоннинг қайси давлат ихтиёрига топширилиши масаласига аралаша олмайди, дер экан Сингҳ жаноблари бугунги музокарада бу масала четлаб ўтилганини таъкидлади.

Аснода Тожикистон Мудофаа вазирлигининг халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Маъруф Ҳасанов Айний ҳарбий базасини тўла таъмирлаш борасида имзоланган икки ёқлама шартномада таъмирдан чиққан ҳарбий майдон Ҳиндистонга топширилиши ваъда қилинмаганини таъкидлади.

- Биз ҳозиргача бирор давлат билан Айний ҳарбий базасидан фойдаланиш борасида аниқ келишиб олмаганмиз. Чунки бу майдонда ҳали айрим ҳарбий жиҳозлаш ишлари ниҳоясига етмаган, деди Мудофаа вазирлиги расмийси Маъруф Ҳасанов.

Тожик расмийсининг билдиришича, Ҳиндистон Айний базасини таъмирлаш баробарида Мудофаа вазирлигига иккита вертолёт ҳам совға қилган.

Вазирлик масъули икки давлат ўзаро ҳарбий ҳамкорлиги доирасида Ҳиндистон Тожикистон армияси учун мутахассислар тайёрлаб беришга ваъда қилганини ҳам қўшимча қилди.

Тожикистондаги қатор ахборот агентликларининг ёзишича, ҳиндистонлик 150 чоғли ҳарбий тожикистонлик касбдошларига техник кўмак кўрсатиш мақсадида Тожикистонда бўлиб турибди. Бироқ тожик мулозими Маъруф Ҳасанов бу маълумотларни тасдиқламади.

Маҳаллий таҳлилчилар аввалроқ Тожикистондаги Айний ҳарбий аэродроми Россия ёки АҚШ ихтиёрига топширилиши мумкинлиги ҳақида ҳам турли мулоҳазаларни билдиргандилар. Бироқ, таҳлилчиларга кўра, аэродром учун тўланажак ҳақ юзасидан бирор-бир давлат билан ҳали муайян келишувга эришилмагани учун расмий Душанбе бу борада қатъий қарорини айтгани йўқ.
XS
SM
MD
LG