Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:53

Қамашида 9 яшар қизалоқ зўрланиб ўлдирилди


Қотилликка тўйдаги ичкиликбозлик йўл очгани тахмин қилинмоқда.
Қотилликка тўйдаги ичкиликбозлик йўл очгани тахмин қилинмоқда.

6 ноябр куни Қамаши туманининг Қораҳаёт қишлоғида бўлиб ўтган никоҳ тўйи бошқа бир хонадон азасига айланди. Тўй базмида маст бўлган меҳмонлардан бири 9 яшар қизни зўрлаб¸ сўнгра уни ўлдирди. Расмийларга кўра¸ қотилликда гумонланаëтган шахс ҳибсга олинган ва тергов қилинмоқда.


Қашқадарё вилояти ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Қораҳаёт қишлоғидаги қотиллик тафсилотларини гапириб берди.

Зўрланиб, ўлдирилган қизалоқ вояга етмаганлиги боис, унинг исм-фамилияси жамоатчиликка ошкор этилмаяпти.

Ички ишлар бўлими ходимига кўра, 6 ноябр куни 9 ёшли қизалоқ ота-онаси билан қариндошиникига тўйга келган. Икки тенгқур қиз билан ўйнаб юрган қизалоқ кечки соат 9-10лар атрофида йўқолиб қолган. 7 ноябр куни эрталаб унинг жасади шу қишлоқдаги молхона олдидан топилган.

Айни пайтда мазкур қотиллик учун асосий гумон ўлдирилган қизалоқ аммасининг эри - 1967 йилда туғилган шахс зиммасига тушмоқда ва Озодлик суҳбатлашган манбанинг айтишича¸ ҳозирда у ҳисбга олинган.

Тезкор-оператив ҳаракат олиб борган Қамаши тумани Ички ишлар бўлими ходимларидан бирига кўра, қотилликда гумонланаëтган шахс маст ҳолатда қизалоқни ҳушидан кетгунча урган. Сўнгра уни молхона ичида зўрлаган ва воқеа жойида ухлаб қолган. Қизалоқнинг зўрлангани тиббий экспертиза хулосаси билан тасдиқланган.

7 ноябр куни қизалоқни зўрлаган шахс уйига келганида, хотини унинг кўйлагидаги қон изларини кўрган, дейди исмини айтмаслигимизни сўраган Қамаши туман Ички ишлар бўлими ходими. Зўрланган ва ўлдирилган қизалоқнинг аммаси ўз эрини қотилликда гумон қилган бўлсада, уч кун давомида бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмаган.

Айни пайтда мазкур иш бўйича Қамаши туман прокуратураси жиноят иши қўзғаган ва тергов ишлари давом этмоқда. Туман прокурори Деҳқон Абдуллаев мазкур иш бўйича ҳозирча маълумот бера олмаслигини билдирди:

- Биз ҳукм чиқмагунича дело бўйича маълумот бера олмаймиз. Бу иш ҳозир вилоят прокуратурасида. Судни ҳукми чиқмагунча¸ минг далил-исбот бўлса ҳам¸ уни айбдор деб топиб бўлмайди. Қачон суднинг ҳукми чиқса¸ у одам айбдор ҳисобланади, деди Қамаши туман прокурори Деҳқон Абдуллаев.

Қашқадарё вилоят прокуратурасидан ҳам мазкур жиноят иши бўйича тўлиқроқ маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Ўзбекистонда вояга етмаган болаларнинг зўрланишига оид маълумотлар¸ аксар ҳолларда жамоатчиликдан бекитилади. Шу йилнинг июл ойида Озодлик Сирдарё вилоятида 9 яшар болакайни зўрланганлиги ҳақида хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG