Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:40

Раштда жангарилар йўқ қилиндими?


Интернет сайтидаги видеолавҳада жангари экани иддао қилинаётган шахсларни таниб бўлмайди.
Интернет сайтидаги видеолавҳада жангари экани иддао қилинаётган шахсларни таниб бўлмайди.

Тожикистон расмийлари Рашт водийсида жангарилар йўқ қилингани ҳақида расман билдираётган бир вақтда, интернет сайтларида жангарилар ва уларнинг раҳбари Аловуддин Давлатов экани иддао қилинаётган видеотасвирлар пайдо бўлмоқда.

Видеотасвир остидаги ёзувда: “Бу 2010 йил ноябр ойида тоғлардан ошаётган Али Бедаки ёки Аловуддин Давлатов мужоҳидлари” деган сўзлар бор.

Бу видеотасвир 10 ноябр куни, яъни Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Саймудин Ятимов Рашт водийсида ҳукуматга қарши жанг қилаётган жангарилар деярли йўқ қилинганини расман билдирган бир вақтда интернетда пайдо бўлди.

“Daily Motion”интернет тармоғига жойлаштирилган мазкур видеотасвир муаллифи ким экани номаълум.

Видеотасвир уяли телфонда ёзиб олингани сабабли сифатсиз ва тасвирга туширилганларни таниш қийин.

Унда елкаларига автомат, пулемёт, гранатомёт ва тўрва осиб олган, бошларига эса афғонча “пакул” бош кийими кийган жангарилар тожикча суҳбатлашади.

Жангарилар ўзаро суҳбатда Тожикистондаги маҳаллаларни тилга оладилар. Аммо суҳбатларда ҳеч кимнинг номи аниқ тилга олинмаган.
Жангарилар ўз ораларидаги узун соқолли ҳарбий кийимдаги кишига ҳазрат дея мурожат қилишадики, бу Али Бедаки экани тахмин қилинади.

Видеотасвир қўл телефонлари ва интернет орқали яшин тезлигида тожик жамиятига тарқалди. Аснода бу видеотасвир ҳақиқий ёки сохта экани атрофида баҳслар қизимоқда.

Бир гуруҳ мустақил кузатувчилар мулоҳазасича, бу видеотасвир ҳақиқий ва у мамлакат хавфсизлик хизмати бошлиғи Саймуддин Ятимовнинг “жангарилар йўқ қилингани” га оид расмий баёнотига раддия ўлароқ оммага тақдим этилган.

Айни пайтда тасвирга олинган жангарилар ҳеч қандай баёнот бермаганлар ва жангарилар гуруҳи раҳбари Аловуддин Давлатов шахсан таништирилмаган ҳам.

Жангарилар ўз чеҳраларини яширмайди, аксинча тасвирга олаётган кишидан уни яхшироқ видеога олишини илтимос қилган.

Айни пайтда Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийлари бу видеотасвир ҳақиқат эканига шубҳа билан қарашларини айтмоқдалар.

Мазкур идора сўзчиси Нозиржон Бўриев видеотасвир айни дамда мутахасислар томонидан ўрганилаётганини билдирган.

- Бу тавсвирни шахсан ўзим томоша қилдим ва унинг ҳақиқий эканига шубҳам бор. У қаерда тасвирга туширилгани ва бу одамлар кимлиги номаълум. Умуман, бу одамларнинг кимлигини билиб бўлмайди. Токи мутахасислар хулосаларини эълон қилмагунларича бу ҳақда бир нарса дейиш қийин. Айни дамда бу видеотасвирни таҳлил қилиш борасида барча хавфсизлик тадбирлар йўлга қўйилган, - дея билдирди Озодлик мухбири билан суҳбатда Миллий хавфсизлик расмийси Нозиржон Бўриев.

Айни пайтда Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Сайдамир Зуҳуров бу видеотасвир тожиклар тинчлигини кўра олмаётган иғвогарлар иши деган ишончда.

- Ҳукумат кучларининг Раштдан чиқарилиши у ердаги вазият барқарорлашгани далилидир. Аммо шуни ҳам унутмайликки, биз технология тараққиёти асрида яшаяпмиз ва бундай видетасвирни истаган одам тайёрлаб, интернетга жойлаши мумкин. Менимча, бу видеотасвир ҳам сохта ва бизнинг тинчлигимизни истамаётган гуруҳлар ишидир, - деди Миллий хавфсизлик собиқ раиси Зуҳуров.

Айтиш жоизки, сал аввалроқ Тожикистон Мудофа вазирлиги жангариларга қарши махсус амалиёт учун сафарбар қилинган куч ишлатар тузилмалари ходимлари Рашт водийсидан чиқарила бошлагани ва бу ҳудудда фақат миллий армия аскарлари ва чегара қўшинлари қолиши борасида маълумот берган эди.

Шунингдек Мудофа вазирлиги Рашт водийсида иккита ҳарбий таёргарлик марказлари ташкил этилишини ва бу ерда тоғли шароитда жанг қила оладиган ҳарбийлар тайёрланишини ҳам билдирган эди.
XS
SM
MD
LG