Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:13

Хатлонда аёл-жиноятчилар кўпаймоқда


Сўнгги бир йил мобайнида Тожикистоннинг Хатлон вилоятида жиноятга қўл ураётган аёллар сони ошган. Вилоят прокуратураси тарқатган маълумотларга кўра, хатлонлик аёллар йилдан-йилга оғирроқ жиноятларга қўл урмоқдалар.

Кейинги пайтларда қиз ва жувонларнинг одам ўлдириш, одам савдоси, ўғрилик ва наркотиклар ноқонуний савдоси каби оғир жиноятларга аралашиб қолиши Тожикистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари ва жамоатчиликни ташвишга солиб қўймоқда.

Мамлакат жанубидаги Хатлон вилоятида биргина шу йилнинг ўзида 150 та оғир ва ўта оғир жиноят содир этган 120 га яқин аёл устидан жиноят иши очилган.

Республикадаги Норак аёллар ягона қамоқхонасида жазо муҳлатини ўтаётган Гулчеҳра Мақсудова бугун ўз қилмишидан пушаймон.

У вояга етмаган болани ўлдирганлик айби билан 27 йил озодликдан маҳрум этилган.

- Уни ўлдириш ниятим йўқ эди. Мақсадим бошқа нарса эди. Лекин бу ишга қандай қилиб қўл урганимни ўзим ҳам билмайман. Ўша лаҳзада оналик туйғуси мени тарк этган эди шекилли. У мен севган йигитнинг синглиси эди. Ҳозир зонада ўтириб, ўзимга минг бир савол бераман. Ўзим она бўла туриб, нега ўзини ҳимоялай олмайдиган болага қўл кўтардим? - дер экан маҳбуса аёл Гулчеҳра уни бу жиноятга етаклаган асосий омил рашк бўлганини қўшимча қилди.

Гулчеҳра қаторида шу кунда Норак қамоқхонасида яна 200 нафар аёл содир этган жинояти учун жазо муҳлатини ўтамоқда.

Хатлон вилоятидаги қамоқхоналар масъули Юсуф Ҳусейнов таҳлилларига кўра, аёлларни жиноятга қўл уришга ижтимоий ва иқтисодий шароитнинг оғирлиги мажбур қилмоқда.

- Аёлларнинг жиноятга қўл ураётганидаги асосий сабаблар бу уларнинг иш ўринлари билан таъминланмагани. Оилани боқиш, болаларга тарбия бериш учун шароитининг йўқлигидир. Озодликка чиққан аёллар жамиятда ўз ўрнини топа олмагач, яна жиноятга қўл уради. Улардан баъзилари умуман ўнгланмайди, дейди Ҳусейнов жаноблари.

Хатлон вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдураҳмон Бузмаков эса аёлларнинг жиноят кўчасига кириб кетишидаги биринчи омил бу уларнинг маданият ва ахлоқ доирасидан чиқиб кетишлари туфайлидир, деган фикрда.

- Биз таҳлил қилиб чиқдик, биргина 8 ой давомида 817 оила ажралишди. Оила бузилганидан кейин ҳамма аёллар ҳам отасининг уйидан жой топа олмайди. Натижада бола боқиш, қорин тўйдириш учун аёл бар ва ресторанларда ишлайди. У ерда турли доирадаги кишилар билан танишади. Айрим аёллар фоҳишалик билан шуғулланади. Баъзилари эса пул топиш илинжида жиноий доиралар билан ҳамкорликка ўтади. Ўта оғир жиноятларни содир этаётган аёлларнинг кўпи асосан шундай доираларга қўшилиб қолганлардир, - дейди Хатлон вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Бузмаков.

Расмийга кўра, жорий йил Хатлон вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларида қайдга олинган жиноятларнинг 10 фоизини аёллар содир этган.

Бузмаковнинг айтишича, жорий йилда Хатлон вилоятида содир этилган битта жиноят ҳаммани ларзага солган - Бохтар туманида оиладаги зўравонлик қурбони бўлган жувон уч нафар балоғатга етмаган боласи билан ўзини тириклайин ёндиришга қарор қилган. Бироқ пировардида аёл тирик қолиб, болалар нобуд бўлган. Шунга қарамай, Бузмаковга кўра, вилоят прокуратураси аёлга нисбатан фарзандларини раҳмсизларча ўлдирганлик айби билан жиноят иши очган.
XS
SM
MD
LG