Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:10

Ўзбекистонда диний эркинлик вазияти танқид қилинди


АҚШ Давлат департаментининг жаҳондаги диний эркинликлар вазиятига доир янги ҳисоботида Ўзбекистон яна танқид қилинди. Янги ҳисоботининг 17 саҳифаси Ўзбекистондаги диний эркинликлар аҳволига бағишланган.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган Дин тўғрисидаги қонун фуқароларнинг эътиқод эркинлигини чеклаб қўйган.

Диний тарғибот, диний адабиётларни мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш, шунингдек, хусусий равишда диний дарслар бериш каби ҳаракатлар мазкур қонун билан тақиқлаб қўйилган, бу қонунни бузганлар жиноий жавобгарликка тортилади.

- Ўзбекистонда ҳукуматнинг диний эркинликка бўлган ҳурмати бир неча жабҳаларда пасайди. Насроний ва бошқа диний гуруҳларга ҳукумат рейдлари, диний озчилик вакиллари жаримага тортилди ва бошқа чекловлар билан юзма-юз келди, - деди АҚШ Давлат котибининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича ёрдамчиси Майкл Познер чоршанба куни Вашингтонда ҳисоботни жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилар экан.

"Айрим диний гуруҳларни рўйхатга олишни рад этиб, бошқаларини эса рўйхатдан ўчириш билан ҳукумат бу гуруҳларни ибодат қилиш ҳуқуқларидан маҳрум қилди", дейилади ҳужжатда.

Ҳисоботда келтирилишича, ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистонда 141 шахс нурчилик диний оқимига мансубликда айбланиб, 6 йилдан 12 йилгача бўлган муддатларга озодликдан махрум этилганлар.

2009 йил ёзида Тошкентда икки диний уламо ва ички ишлар мулозимига уюштирилган суиқасд ортидан эса юзлаб одам экстремизм айби билан қамоққа олинди.

Уларнинг айримларига қотиллик билан боғлиқ айблар қўйилган бўлса, кўпчилиги фақатгина ноқонуний диний ташкилотга аъзоликда айбланди.

Ҳисоботда айрим кичик диний гуруҳларнинг рўйхатдан ўтишда муаммолар билан рўпара келганлари ҳам айтилади. Гарчи Ўзбекистонда ҳукумат мусулмон, яҳудий, католик ва рус православ жамоалари фаолиятига тўсқинлик қилмаса-да, баъзи кам сонли диний гуруҳлар рўйхатдан ўтмаганича қолдилар, чунки улар рўйхатдан ўтиш бўйича қонунда белгиланган қатъий талабларга жавоб бера олмаганлар.

Прозелитизм билан шуғулланишда гумон қилинган гуруҳларга қарши рейдлар, тазйиқлар уюштирилган, уларнинг етакчилари ва аъзолари ҳибсга олинган, баъзиларига нисбатан жиноий жавобгарлик айблови қарши сурилган.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон жамияти диний гуруҳларга нисбатан бағрикенг муносабатда бўлади, диний гуруҳлар ҳам одатда бир-бирига нисбатан бағрикенг муносабатда, аммо ўзбек миллатига мансуб насронийларга, айниқса насронийликни яқинда қабул қилганларга нисбатан қўшнилар, қариндошлар ва иш берувчилар томонидан баъзида босим ўтказилади.

Ўзбекистон 2006 йилдан буён диний эркинликлар борасида алоҳида хавотир уйғотувчи мамлакатлар рўйхатида бўлиб келади.
XS
SM
MD
LG