Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:42

Сўғдда қўлга олинганлар яна ЎИҲ га боғланмоқда


Хўжанддаги портлашни ЎИҲ га аъзо худкушнинг амалга оширгани даъво қилинмоқда.
Хўжанддаги портлашни ЎИҲ га аъзо худкушнинг амалга оширгани даъво қилинмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида сентябр ойида Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг минтақавий бўлимида содир этилган портлаш юзасидан 48 нафар шахс ҳибсга олинган. Прокурор иддаосича¸ уларнинг барчаси Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадордир.


Сўғд вилояти прокурори Юсуф Раҳмоновнинг айтишича, қўлга олинганлар Хўжанддаги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими ҳудудида содир этилган портлаш ва яна бир қатор террорчилик амалиётларини амалга оширган ва уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидир.

- Дарҳақиқат, вилоятда террорчилик амалиётларини содир этилганликда айбланиб 48 тожикистонлик қўлга олинган. Ушланганларнинг 37 нафари Истаравшан туманида истиқомат қилади. Бугунги кунда уларнинг айблари деярли тўлиқ тасдиқланган. Улар айни пайтда вилоят Миллий хавфсизлик бошқармасида тергов қилинмоқда, деди Юсуф Раҳмонов.

Вилоят прокурори тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда бундан ортиқ маълумот беролмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганларнинг аксарияти Истаравшан туманида яшайди.Айбланувчилар, тумандаги қишлоқлар аҳолисини Тожикистонда Ислом давлати тузишга даъват этганлар. Бундан ташқари¸ куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимлар вакилларига нисбатан нафрат руҳини уйғотишга қаратилган тарғибот ишлари олиб боришган.

Сўғд вилоятида диний экстремизм ва террорчиликда гумонланган шахсларни қўлга олишлар олти йил олдин бошланган эди. Бироқ 2010 йил сентябр ойи бошида Хўжанддаги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими ҳудудида содир этилган портлашдан кейин вилоятда қама-қама амалиёти авжига чиқди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил 3 сентябрида рўй берган худкуш ҳужуми оқибатида уч милиция вакили ҳалок бўлган ва 27 милиция ходими турли жароҳат олган эди. Расмий маълумотларга кўра бу ҳужумни ЎИҲ аъзолари амалга оширганлар. Бироқ орадан кўп ўтмай, шу пайтгача номаълум бўлган "Ансоруллоҳ Жамоати" гуруҳи портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Тожикистон куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимлар бундай гуруҳнинг мавжудлигини инкор этишди.

Айни замонда таҳлилчилар, Хўжандда содир этилган портлашдан сўнг, айнан милиция бўлинмасига уюштирилган ҳужумга бегуноҳ одамларни қийнаш, тижоратчилардан пул ундириш каби зўравонликлар сабаб бўлганини айтишмоқда. Чунончи¸ 2010 йил апрел ойида Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси минтақавий бўлими ходимлари Россия фуқароси Исмон Бобоевни ЎИҲ га аъзоликда гумонлаб қўлга олган. Ўша куниëқ жон таслим қилган Бобоев¸ марҳумнинг қариндошларига кўра, милиционерлар қўллаган қийноқлардан жон берган.

- Милиция ходимлари менга ёлғон гапиришди, гўёки у касал эмиш. Лекин уйга олиб келиб, юваётганимизда, унинг баданида калтак, қийноклар излари борлигини кўрдик. Улар Исмонни ўлдириб қўйиб, кейин изларни яшириш максадида касалга чиқаришди, дейди Бобоевнинг қариндошларидан бири.

Таҳлилчилар фикрича¸ маҳкама бошланмасдан ҳибсга олинганларни портлашга алоқадор дейишнинг ўзи қонунга зиддир.

- Буни тўйдан олдин ноғора чалиш билан қиёсласа бўлади. Чунки биргина 2009 йилда Исфарада юз берган қуролли отишмадан кейин қидирув эълон қилинган 40 нафар тожикистонликнинг аксарияти ҳалигача топилмаган. Бироқ Хўжанддаги портлашдан сўнг бир ой ўтмасдан аллақачон 48 киши қўлга олиниши, биласизми кишида турлича фикрлар уйғотади, дейди таҳлилчи Баҳрулло Вализода .

Маҳкамага тортилган ва ЎИҲ аъзоси деб гумон қилинган шахслар ва улар ҳимоячилари бу айбловларни рад этадилар.Уларнинг айтишларича, жиноий гуруҳларга мансубликда гумон этилиб, ҳибсга олинганлар тергов пайтида олинган иқрорларга руҳий ёки жисмоний қийноқлар натижасида имзо чекишган. Бироқ маҳкамада ҳакамлар бу каби иддаоларни мутлақ эътиборга олмаяпти.
XS
SM
MD
LG