Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:29

Ўзбек фаоллари ЕИ раҳбарларини Ислом Каримов билан учрашмасликка чақирмоқда


Ислом Каримовнинг 24 январ куни Брюссел сафари олдидан ўзбек мухолифати лидерлари ва ҳуқуқ фаоллари Европа Иттифоқи лидерларидан Ўзбекистон президенти билан учрашмасликни сўрамоқда.

Европа расмийларидан бирининг айтишича, Брюссел сафари доирасида Каримов Европа комиссияси президенти Жозе Мануэл Баррозо билан учрашади.

- Каримов НАТО ва Белгия расмийлари билан ҳам мулоқот ўтказади, - деди исми сир қолишини истаган ЕИ расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон мухолифати ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса Европа расмийларини Ислом Каримов билан учрашмасликка чақирмоқда.

Ўзбекистон ЭРК демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ Европа Комиссияси президенти Жозе Мануэл Баррозо ва Белгия Қироли Алберт Иккинчига 17 январ куни эълон қилган баёнотида демократия ва эркинлик қадриятларидан ортга чекиниб, Ўзбекистон раҳбарини қабул қилмасликка чақирган.

“Жорий йилнинг 24 январида сизлар ўзбек мазолими Ислом Каримовни қабул этишга шайланмоқдасизлар. Наҳотки, бу кишининг 2005 йилда Андижонда намойишчи халққа қарши уюштирган оммавий қатлиомини бу қадар тез унутдингизлар?” дея мурожаат қилади Эрк партияси лидери ЕИ расмийларига.

Айни пайтда “Ўтюраклар” клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева, Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэл Боррозо, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар етакчилари ва Европа Парламенти аъзоларига йўллаган ёзма мурожаатида Ўзбекистон раҳбари билан учрашишдан воз кечиб Ўзбекистондаги демократия ва эркинлик сари бўлаётган ожиз интилишларни буткул яксон қилмасликка чақирган.

- Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Белгияга ташриф буюриши яқинда аниқ бўлганидан кейин биз аввало Белгияда 23 – 24 январ кунлари норозилик намойишлари ўтказишни режалаштирган эдик. Лекин Белгияда яшовчи фикрдошларимизнинг айтишлари бўйича намойиш ўтказиш учун намойиш ўтказиладиган муддатдан 15 кун олдин рухсат сўраб, ариза берилиши ҳақидаги қонун ўзгарган экан. Биз ҳеч бир ҳолатда рухсат олишга улгурмас эди. Чунки Каримовнинг 24 январда Белгияга келишини жуда кеч билдик. “Ўтюраклар” клуби инсон ҳуқуқлари ташкилоти эълон қилган баёнотдан кўзланган мақсад ЕИ мансабдорларини Ўзбекистонда содир этилаётган жиноятларга кўз юмаётганликларини уларга яна бир бор эслатишдан иборат эди, - деди Мўътабар Тожибоева.
XS
SM
MD
LG