Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:57

Тожик вазири сайтлар блокировка қилинганини тан олди


Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири Олим Бобоевнинг айтишича, ўтган йил кузида Тожикистонда қатор сайтларнинг тўсиб қўйилиши ахборот хавфсизлиги важидан амалга оширилган.
Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири Олим Бобоевнинг айтишича, ўтган йил кузида Тожикистонда қатор сайтларнинг тўсиб қўйилиши ахборот хавфсизлиги важидан амалга оширилган.

25 январ куни кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири Олим Бобоев ўтган йил охирларида Фарғона.ру, Центразия.ру ва Авеста сайтлари техник сабаблар билан эмас, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан тўсиб қўйилганини эътироф этди.

- Ахборот тизими хавфсизлик аҳамиятига молик бўлиб, у одамларга салбий таъсир этиши, баъзида эса қурол ўрнида ҳам қўлланилиши мумкин. Шуни назарга олган ҳолда, мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бу сайтларга вақтинчалик тўсиқ қўйилган эди, - дея маълум қилди тожик мулозими Олим Бобоев.

Ўтган йил октябр ойи охирларида иқтидордаги ҳукумат ҳақида танқидий мақолалар чоп этувчи Центразия.ру, Фарғона.ру, Тожньюс ва Авеста сайтлари ҳеч бир расмий огоҳлантиришсиз ёпиб қўйилган эди.

Мазкур сайт масъуллари ва муштарийлари билан бирга бу мамлакатдаги бир қатор халқаро ташкилотлар, Европа давлатлари ҳамда АҚШ элчиликлари ўз баёнотларида ҳукуматнинг бу қароридан хавотир билдирган эдилар.

Ўз навбатида, Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири муовини Бек Зуҳуров элчихоналар баёнотига жавобан интернет сайтларнинг очилмаётганини техник сабаблар билан изоҳлаган эди.

Айни пайтда ИТАР-ТАСС агентлиги Тожикистон Транспорт ва алоқа вазирлиги мамлакатдаги энг йирик “Тожиктелеком” провайдерига мустақил ва мухолиф сайтларни блокировка қилиш ҳақида кўрсатма бергани хусусида хабар тарқатган эди.

Таҳлилчилар эса буни ҳукуматнинг мамлакат шарқида бошланган аксилтеррор амалиётлари ҳақидаги ахборот оқимини тўхтатиб қолишга уринаётгани билан изоҳлагандилар.

Эслатиб ўтамиз, Центразия.ру, Авеста ва Фарғона.ру сайтлари Рашт водийсида ҳукумат кучларининг мулла Абдулло ва унинг жанггариларига қарши қақшатгич амалиётлари давом этаётган бир пайтда тўсиб қўйилган эди.

Ўшанда Тожикистондаги қатор маҳаллий ва хорижий ахборот агентликлари Рашт водийсининг Камароб дарасида Мудофаа вазирлигининг 26 аскари айнан шу вазирлик масъулларининг масъулиятсизлиги туфайли қурбон бўлганини ёзган эди.

25 январ куни Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири Олим Бобоев бу сайтларга қўйилган тўсиқлар шу кунларда олиб қўйилганини ва улар ўз фаолиятларини давом этиришлари мумкинлигини билдирди.

Авеста интернет сайти раҳбари Зафар Абдуллоев бу хабардан хурсандлигини яширмади.

- Мен ҳукуматнинг бу қарорига қарши эмасман, чунки мамлакат миллий хавфсизлиги нуқтаи назаридан расмийлар шундай қарор қабул қилишга ҳақли. Лекин бундай қарор суд ҳукми ёки Бош прокурор хулосасисиз амалга оширилар экан, биз ва халқаро ҳамжамият буни “цензура” деб айташга ҳақлимиз, - дейди Авеста раҳбари Зафар Абдуллоев.

ББС радиоси форс хизмати мухбири Искандари Фируз эса Транспорт ва алоқа вазири Олим Бобоевнинг айнан шу сайтлар мамлакат хавфсизлигига хавф туғдирганлиги сабабли тўсиб қўйилганига оид иддаолари кулгили эканини таъкидлади.

- Бу сайтлар кеча хавфли эди, шунинг учун блок қўйилди. Бугун эса айнан ўша сайтлар “қурол эмас” ва фаолиятига рухсат берилди. Шунинг учун ҳам бу фикр менинг учун кулгули. Менимча, Тожикистон ҳукумати бу сайтларга чек қўйиш ўрнига, чоп этилмиш мақолаларга ўз вақтида муносабат билдириб, уларнинг қай даражада ҳақиқат ёки ёлғон эканини далиллар билан исботлаб бериши лозим эди. Ўзини демократик деб эълон қилган давлат учун бу тўғрироқ йўл, - дея мулоҳаза билдирар экан Искандари Фируз Фарғона.ру, Центразия.ру ва Авеста сайтларига бир муддат тўсиқ қўйилишидан мақсад маҳаллий нашрларни чўчитиб қўйиш бўлганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG