Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:31

Муросасоз ҳам барибир тимсоҳга ем бўлади


Уинстон Черчиль нацист Германияси билан муросасозлик сиёсатига қарши чиққан Британиянинг буюк етакчиси сифатида тарихда қолган.
Уинстон Черчиль нацист Германияси билан муросасозлик сиёсатига қарши чиққан Британиянинг буюк етакчиси сифатида тарихда қолган.

“Англиянинг доимий дўсти ҳам, доимий душмани ҳам йўқ, унинг доимий манфаатлари бор”, деган эди Черчиль, деб шарҳ қолдирибди муштарийларимиздан бири Каримовнинг Брюсселда ЕИ расмийлари билан учрашувларига бағишланган мақолалардан бирига.


Аслида бу гапни Буюк Британияннг буюк етакчиси Уинстон Черчиль эмас, 19 аср ўрталарида, ҳали Британия ўз империяси сарҳадларини зўр бериб кенгайтираётган пайтда бош вазир бўлган Лорд Ҳенри Палмерстон айтган. Айтишларича, бош вазир Палмерстон бу гапни Польша ва Россия ўртасидаги можарога Британиянинг аралашмаётганини изоҳлаш учун айтган.

Балки кейинчалик Черчиль, 2-жаҳон уруши авж олиб турган пайтда нацист Германиясига қарши мустабид Сталин билан иттифоқчилик тузиш масаласини ўйлаб юрганда эслаган бўлса бордир бу гапни.

Энди “ўзимизнинг қўйларга”, яъни Каримовнинг Брюсселга қилган сафарига қайтсак.

Ҳақиқатан, Европа матбуоти ёзганидек, “дунёнинг энг мустабид диктатори” Каримовни Брюсселга таклиф қилиб, Европа Иттифоқи ўз қадриятларининг асосийси бўлмиш “инсон ҳуқуқларидан геосиёсатни устун қўйди” ва шубҳасиз¸ Ғарбдаги иккиюзламачи сиёсатнинг кўриниши гувоҳи бўлдик.

Европа Иттифоқи расмийлари иттифоқ негизини ташкил қилувчи инсон ҳақлари ва демократик қадриятларини бир унутиб, бир эслаб қолиши, яъни уларда “сиёсий склероз синдроми” кузатилаётгани сабабларидан бири Лорд Палмерстон айтмоқчи, манфаатлар эканига шубҳа йўқ, албатта.

Лекин, менимча, “сиёсий склероз”га ҳам, қўш стандартли сиёсатга ҳам кун сайин катталашиб бораётган жаҳон бюрократияси (истасангиз, уни ЕИ бюрократияси, деб атанг) ҳам катта ҳисса қўшмоқда. Европа Иттифоқидаги саноқсиз идоралар барчасининг, президент Каримовнинг келиши матбуотда бунча шов-шувга сабаб бўлишини кутмаган эди шекилли (дарвоқе, бу ҳам бюрократик машина катталашиб кўзи ва миясини ёғ босиб қолганидан далолатдир), Европа газеталарида “Брюссел мустабид диктатор Ислом Каримовни олқишламоқда” деган сарлавҳалар пайдо бўлгач, “биз таклиф қилмадик уни”, “Каримов Брюсселга ўзи келди” қабилидаги баёнотларни бера бошлагани бунинг тасдиғидир.

Ана шу нуқтаи назардан, Европа Иттифоқида инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятлар ҳали ҳам қадрланишини айтиш мумкин. Куни кеча Европа Кенгаши Парламентлараро Ассамблеясининг Косово Бош вазири Ҳошим Тачи уюшган жиноятчиликка алоқадорлиги юзасидан тергов ўтказишни тавсия қилувчи резолюцияни қабул қилгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Бундай муаммоларга “кўз юмадиган бўлсак, Европанинг демократик келажагига путур етади”, деди ЕИ бюрократияси эркатойи Ҳошим Тачига қарши айбловларни илгари сурган терговчи Дик Марти.

Ана шу маънода¸ Лорд Палмерстоннинг “Бизнинг на доимий дўстимиз, на доимий душманимиз бор. Бизнинг доимий манфаатларимиз бор”, деган гапидан келиб чиқиб, мустабид диктаторларнинг бошини силамаслик, газ ёки Афғонистонга элтувчи транзит йўлаги учун авторитар режимлар билан муросасозликка бориб, демократик қадриятларни қурбон келтирмаслик ҳам Европа Иттифоқи манфаатидадир, дейиш мумкин.

Сўз сўнгида, Буюк Британияннг буюк етакчиси Уинстон Черчилга тегишли фикрни келтирсам:

“Муросасоз, тимсоҳ мени охирида ер, деган илинжда унга овқат бераётган киши кабидир.”
XS
SM
MD
LG