Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:51

Ўзбекистон 2:3 Жанубий Корея


Жанубий Кореяга қарши ўйинда дубл муаллифи бўлган Александр Гейнрих 11 метрлик жарима тўпини амалга оширмоқда
Жанубий Кореяга қарши ўйинда дубл муаллифи бўлган Александр Гейнрих 11 метрлик жарима тўпини амалга оширмоқда

28 январ куни футбол бўйича Осиë кубогининг ярим финалида мағлубиятга учраган Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари учинчи ўрин масаласини ҳал қилиш учун майдонга тушишди. Ўйин Тошкент вақти билан соат 20.00 да бошланди. Ярим финалдаги таркибдан фарқли равишда Ўзбекистонда термаси таркибида бугун Игнатий Нестеров ва Александр Гейнрихлар ҳаракат қилишди.


Биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларини жамоалар тенг курашлар остида бошлашди. Ўйиннинг 17-дақиқасида жанубий кореялик футболчилар ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Голдан руҳланган Жанубий Корея термаси ўйинни янада кучайтирди ва 28 ҳамда 38-дақиқаларда биттадан тўп киритиб ҳисобни 3:0 кўринишига олиб келди.

Айни шу дамдан бошлаб кўпчилик Ўзбекистон термасининг йирик ҳисобда мағлуб бўлишини тахмин қила бошлаган бўлса керак. Чунки ярим финалдаги Ўзбекистоннинг аччиқ мағлубияти ҳали ҳеч кимнинг ëдидан кўтарилгани йўқ. Аммо ўзбекистонлик футболчилар ўйинда бурилиш ясай олишди. 44 -дақиқада кореяликлар ўз жарима майдончасида Гейнрихга нисбатан ўйин қоидасини бузишди ва натижада кореяликлар дарвозасига 11 метрлик жарима тўпи белгиланди. Гейнрих бу имкониятдан унумли фойдаланди ва ҳисоб қисқарди.

Иккинчи бўлимда ўзбекистонлик чарм тўп усталари анча дадил ҳаракат қилиб, ишончли ўйин кўрсатишди. Бироқ турли вазиятларда ўйинчилар орасида тушунмовчилик содир бўлиб, ҳужумлар охирига етмай қолди.

Ўйиннинг 53-дақиқасида катта саҳнага яна Гейнрих чиқди. Чап қанотдан ошириб берилган тўпни қабул қилган Гейнрих иккита ҳимоячидан ўта олди ва дарвозабонни доғда қолдириб ҳисобни қисқартирди. Мана шу гол ўйиндаги энг охиргиси бўлди.

Шундан кейин иккала жамоа ўйинчилари ҳам бир қанча хавфли вазиятларни юзага келтиришди, аммо ҳеч бир ҳужум гол билан якун топмади. Ўйиннинг охирги дақиқаларида ўзбекистонлик футболчиларда Саломов, Муллажонов ва Гейнрихлар сариқ карточка билан сийланишди.

93-дақиқада кореялик футболчи Ли вақтни чўзгани учун сариқ карточкага лойиқ топилди.

Шундай қилиб Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган учрашув 3:2 ҳисобида Жанубий Корея терма жамоаси фойдасига ҳал бўлди. Улар 2011 йилги Осиë кубоги бронза медалини ва 2015 йили Австралияда бўлиб ўтадиган Осиë кубогига тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритишди.

Эслатиб ўтамиз, ярим финал босқичида Жанубий Корея термаси Япония термаси билан асосий ва қўшиб берилган вақтда дуранг ўйнаб¸ пеналтилар сериясида мағлубиятга учраган эди. Ўзбекистон термаси эса ярим финалда Австралия термасига қарши майдонга тушиб, асосий вақтнинг ўзида 6:0 ҳисобида мағлуб бўлган эди.

2011 йилги Осиë кубогининг финал ўйини 29 январ куни Австралия ва Япония терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея термалари ўртасида бўлиб ўтган ўйинни Озодликнинг "Yosh to‘lqin" yoshlar sahifasiда томоша қилишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG