Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:49

Муборак олтинчи марта президент бўлмоқчи эмас


Миср президенти Ҳусни Муборак 1 феврал куни мамлакат телевидениеси орқали қилган мурожаатида сентябр ойида бўладиган президентлик сайловида ўз номзодини қўймасликни ваъда қилди ва ҳозирги муддати тугагунича лавозимида қолишни истаётганини айтди.

82 ёшли Муборак Мисрни 30 йилдан бери идора этиб келади. Сентябр ойида бўладиган сайловларда у олтинчи марта номзодини қўйишни режалаётган эди.

Аммо кечаги мурожаатида Муборак ҳозирги президентлик муддати охиргиси бўлиши, мамлакатда барқарорликни тиклаш ва қонуний президентлик алмашинувини амалга ошириш учун сентябр ойига қадар президентликда қолишини айтди.

- Мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш, мисрликлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда, тинч ҳокимият алмашинувини таъминлаш ва бўлажак сайловларда халқ сайлаган одамга ҳокимиятни қолдириш ҳозир менинг бош вазифамдир. Шуни самимият-ла айтмоқчиманки, бошқа муддатга президентликка даъво қилаётганим йўқ. Ҳаётимнинг кераклигидан ҳам ортиқ қисмини Миср давлати ва халқига ҳизмат қилишга бахшида этдим. Лекин ҳозир миллат манфаати учун бошқа муддатга президентликка номзодимни қўймаслик қароридаман, - деди Миср президенти.

Ўз мурожаатида Ҳусни Муборак, шунингдек, лавозимидан истеъфо бергани тақдирда ҳам Мисрни тарк этмаслигини таъкидлади.

- Бу менинг мамлакатим. Мен бу ерда яшадим, курашдим, мамлакат мустақиллиги ҳамда манфатларини ҳимоя қилдим ва шу заминда ўламан, - деди Миср раҳбари.

Ҳусни Муборакнинг бу мурожаати Мисрда унинг истеъфоси талаб этилаётган норозилик намойишлари кучайган бир пайтда янгради.

Бошланганига бир ҳафтадан ошган норозилик намойишларининг энг йириги кеча пойтахт Қоҳиранинг "Таҳрир" хиёбонида бўлди. Кун давомида президент Ҳусни Муборак истеъфосини талаб қилаëтган норозилар сонининг 2 миллионга етгани хабар қилинди.

Айни пайтда мухолифатнинг айрим етакчилари президент шартларига рози эмасликлари, Муборак лавозимини тарк этмагунича намойишлар давом этишини айтишмоқда.

Ҳусни Муборак телевидение орқали мурожаатини кечқурун маҳаллий вақт билан соат 23.00 да қилди, лекин норозилар Қоҳиранинг "Таҳрир" ҳиёбонини тарк этмаган.

“Миллионлар марши”га қўшилган намойишчилар тунни шу майдонда ўтказишини айтмоқдалар.

"Биз кетмаймиз, Муборак кетсин", деб ҳайқирмоқда Қоҳира марказига йиғилган оломон.

Айрим хабарларга кўра, Ҳусни Муборак президентлик сайловида бошқа номзодини қўймаслик қарорини АҚШ президенти Барак Обама маслаҳатига биноан қабул қилган.

Обаманинг вакили Фрэнк Виснер билан учрашувдан кейин Муборак ўз қарорини халққа эълон қилди.

Президент Обаманинг таъкидича, Мисрда демократия ва эркин сайловларга тайёргарлик зудликда бошланиши керак.

Сешанба кечқурун Обама Мисрдаги вазият хусусида президент Ҳусни Муборак билан телефонда мулоқот ўтказган. Обаманинг айтишича, суҳбат чоғида Муборак мамлакатда демократик ўзгаришлар заруратини тан олган.

Мисрда Ҳусни Муборак истеъфоси талаби билан намойишлар тўққиз кундан буён давом этмоқда. Шу кунга қадар тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 300 га етди.
XS
SM
MD
LG