Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:50

Намойишчилар Қоҳира марказини тарк этмаяпти


Мисрда қарийб ўн кундан буён президент Ҳусни Муборак истеъфосини талаб этаётган намойишчилар расмийларни "Таҳрир" майдонидаги кечаги зўравонликларни атайлаб уюштирганликда айбламоқда.

Уларнинг ишонишларича, Ҳусни Муборак норозиликларни бостириш учун махсус одамларни ёллаган ва бу усулдан у авваллари ҳам фойдаланарди.

Чоршанба куни президент истеъфоси талаби билан намойишлар бўлаётган Қоҳира марказидаги "Таҳрир" хиëбонига айримлари от ва туя минган Муборак тарафдорлари бостириб кириб, майдонда тўққиз кундан бери намойиш ўтказаётган норозиларга ҳужум қилди, шундан сўнг тўқнашувлар бошланиб кетди.

Майдонга бостириб кирганларнинг аксари ёши 20-30 атрофида бўлган эркаклар бўлган. Улар Ҳусни Муборакни "барқарорлик тимсоли" сифатида таърифлаганлар.

Мисрнинг давлат матбуоти уларни "барқарорлик тарафдорлари" сифатида тилга олди.

Ҳозирга қадар "Таҳрир" майдонидаги тўқнашувлар оқибатида уч киши ҳалок бўлди, мингга яқин одам жароҳатланди.

Ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги расмийлари мухолифатнинг "зўравонликлар атайлаб уюштирилган" деган иддаосини рад этмоқда.

Миср мухолифати намойишчиларни уйга қайтиш ҳақидаги армия чақириғига бўйсунмай, президент Ҳусни Муборакка қарши намойишлар давом эттириш ниятида.

Қоҳирадаги кечаги ходисалар халқаро ҳамжамиятни жунбушга солди. БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Мисрда тинч намойишчиларга нисбатан зўравонликларни кескин қоралади.

- Мисрда зўравонлик амаллари давом этаётганидан чуқур ташвишдаман. Томонларни яна бир бор босиқ бўлишга чақираман. Тинч намойишчиларга нисбатан ҳар қандай ҳамла қабул қилиб бўлмас ҳолдир, - деди Бан Ки Мун.

"Таҳрир" майдонидаги тўқнашувлар чоғида Муборак тарафдорлари чет эллик журналистларнинг бир қанчасига ҳам таҳдид қилганлар.

- Бу ердаги муҳит бирданига ўзгарди. Олдинига бу ерга журналистлар етиб келганидан, интервюлар олишаётганидан одамлар мамнун эди. Лекин ҳозир вазият ўзгарди. Муборак тарафдорлари журналистларга қаршилик қилмоқда. Улар ҳодисаларни ёритаётган, норозиликларни суратга тушираётган журналистларга тўсқинлик қилишаяпти, - дейди Мисрдаги ҳодисаларни ёритиш учун Қоҳирага борган чех журналисти Милан Шима Озодлик билан суҳбатда.

Ню Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Миср ҳукуматини мамлакатдаги ҳодисаларни ёритиш учун борган журналистларга амалга оширилган ҳужумларда айблади. Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам Мисрда журналистларга қилинган таҳдидларда ҳукуматнинг қўли борлигига ишора қилди.

Қўшма Штатлар Миср ҳукуматини намойишчиларга нисбатан куч қўллашдан воз кечиб, сиёсий ислоҳотларни бошлашга чақирди. Оқ уй матбуот вакили Роберт Гиббс Қоҳирага АҚШ тарафидан ҳар йили берилаётган 1.5 миллиард долларлик молиявий ёрдамларнинг бундан буёнги тақдири Миср ҳукумати қўл уражак амалларга боғлиқ эканини айтди.

Ўз чиқишида Гиббс президент Обама Мисрда ҳокимиятни топшириш ишлари ҳозирданоқ бошланишини хоҳлаётганини айтиб ўтди.

- Ҳозир Миср ҳукумати бу борада жўяли қадамларни ташлаши, Миср халқи хоҳишидан келиб чиқиб, сайловлар ва демократик бошқарувни қарор топтириш йўлидан бораётганини намоён этиши керак, - деди Гиббс.

Шунингдек, 2 феврал куни Британия парламентида чиқиш қилган Бош вазир Дэвид Камерон Миср президентининг ҳокимиятни тез орада топшириши муҳим эканини айтди.

- Президент Муборак лавозимидан кетишини айтди ва биз буни ҳурмат қиламиз. Асосий масала нафақат ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш, балки бу ишни ишончли тарзда бошлашдир, - деди Британия Бош вазири.

Мисрда президент Ҳусни Муборак истеъфоси талаб этилаётган намойишлар қарийб 10 кундан буён давом этмоқда.

Сешанба куни Муборак мамлакат телевидениеси орқали қилган мурожаатида сентябр ойида бўладиган президентлик сайловида бошқа номзодини қўймаслигини ваъда қилди ва ҳозирги муддати тугагунича лавозимида қолишни истаётганини айтди.

82 ёшли Муборак Мисрни 30 йилдан бери идора этиб келади. Сентябр ойида бўладиган сайловларда у олтинчи марта номзодини қўйишни режалаётган эди.

Аммо ўз мурожаатида Муборак ҳозирги президентлик муддати охиргиси бўлиши, мамлакатда барқарорликни тиклаш ва қонуний президентлик алмашинувини амалга ошириш учун сентябр ойига қадар президентликда қолишини айтди.
XS
SM
MD
LG