Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:09

Қозоғистон икки бошпана изловчини депортация қилмоқчи


Ўзбекистонлик Дилдора Амирқулова ва Шаҳноза Муродова ҳибсхонадаги эрларини ташлаб, ёш болалари билан Қозоғистондан чиқиб кетолмасликлариини айтмоқдалар.
Ўзбекистонлик Дилдора Амирқулова ва Шаҳноза Муродова ҳибсхонадаги эрларини ташлаб, ёш болалари билан Қозоғистондан чиқиб кетолмасликлариини айтмоқдалар.

Олмаота шаҳар маъмурий суди 8 феврал куни айни пайтда ҳибсда бўлган Суннатилло ва Суҳроб Қўлдошевларнинг хотинларини Қозоғистондан бадарға қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.Суд ҳукмига мувофиқ, бошпана изловчи мақомидаги бу аëллар беш кун ичида мамлакатдан чиқариб юборилиши лозим.




Аввал хабар қилганимиздек, 25 январ куни Олмаота шаҳар Турксиб туман ички ишлар бўлими ходимлари ака-ука Суҳроб ва Суннатилло Қўлдошевларни уйидан тутиб кетганди. Улар Қозоғистон миграция қонунчилигини бузганликда айбланган. 27 январ куни Олмаота шаҳар суди Суннатилло ва Суҳроб Қўлдошевларни 30 суткага ҳибсда сақлаш бўйича қарорни чиқарган.

Қўлдошевларнинг рафиқалари ўшанда ёш болалари бўлганлиги туфайли ҳибс этилмаган бўлсалар-да, уларнинг паспортлари миграция полицияси томонидан олиб қолинганди.

Дилдора Амирқуловага кўра, аёлларни судга алдов йўли билан олиб келганлар.

- Турксиб туман ички ишлар бошқармаси миграция полицияси ходими мени ва Шаҳнозани алдади. Биз паспортимизни сўраб келганимизда, у бизни “Олмаота миграция полицияси бошлиғига олиб бораман” деб, маъмурий судга олиб келди ва бизни ўша ернинг ўзида суд қилишди, - дейди Дилдора Амирқулова.

Унинг айтишича, маҳкамада судядан ташқари прокурор, давлат томонидан ажратилган адвокат ва таржимон иштирок этган. Дилдора Амирқулова ўзи ва Шаҳноза Муродовага маъмурий иш очган Турксиб туман ички ишлар бошқармаси миграция полицияси зобитининг судда қатнашмаганини, бироқ судя ўз қарорида уни “судда иштирок этди” деб ёзганидан ҳайрон бўлганини айтади.

- У коридорда турганди ва судга киргани йўқ. У судда чиқиш ҳам қилгани йўқ, - дейди Дилдора Амирқулова.


Унга кўра, ўзи ва Шаҳноза Муродова иши юзасидан ўтказилган судда қонунбузарликларга йўл қўйилган, шу сабабли ҳам у суд қарори юзасидан апелляция тартибида шикоят аризаси бермоқчи. Бироқ Дилдора бунинг учун адвокат топиш лозимлигини ва уларда ҳозир бундай имконият йўқлигини айтади.

Маълум бўлишича, суддан кейин ўзбекистонлик аёлларга паспорти қайтариб берилган, лекин унда Қозоғистондан бадарға қилиниш ҳақида муҳр урилганди. Шу тариқа беш кунлик муддат ўтгач бу аёллар Қозоғистонда юриш учун қонуний асосга эга бўлмай қоладилар. Айни пайтда улар 24 февралгача маъмурий ҳибсда бўлган эрларини ташлаб, эмизикли бола билан Қозоғистондан чиқиб кетолмасликларини айтмоқдалар.

Дилдора Амирқулова ва Шаҳноза Муродова ўзлари ва эрларининг Қозоғистонга меҳнат муҳожири сифатида пул ишлаш учун эмас, балки ўзбек махсус хизматлари таъқибидан қочиб келганларини таъкидлайдилар.

Суннатилло ва Суҳроб Қўлдошевларнинг акаси Ойбек 2010 йилнинг июн ойидан буён Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган 29 ўзбек қочқинининг биридир.

Озодлик Олмаотадаги ўзбек қочқинлари билан боғлиқ вазиятни кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG