Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:07

Ўзбек адлиячилари жиноий жазо либераллашаётганини даъво қилмоқдалар


2010 йилда Ўзбекистонда 17 мингдан кўпроқ киши етказилган моддий зарарни тўлагани учун қамоқ жазосидан қутулиб қолди. Бу ҳақда Регнум агентлиги Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилди.

Айтилишича, ўтган йили умумий ҳисобда 92 миллиард сўмдан зиёдроқ моддий зарарни қоплаган 17175 кишига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгиланган.

Олий суд вакилига кўра, 2010 йилда 292 мингга яқин фуқаролик иши кўрилган, бу ишлардан қарийб 90 фоизи бўйича ҳукм чиқарилган. Шунингдек, у ўтган йили ҳибсга олиш чорасининг қўлланилиши 2009 йилдагига нисбатан 19,6 фоизга камайганини айтган.

Ўзбек адлияси вакиллари буни жиноий жазони либераллаштириш йўлида Ўзбекистон Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар тўғрисида 2001 йил август ойида қабул қилинган қонуннинг турмушга татбиқ этилиши билан боғламоқдалар.

Озодликнинг аноним суҳбатдоши кейинги йилларда ҳақиқатан ҳам кўпроқ молиявий жиноятлар билан боғлиқ ишларда Ўзбекистонда бир қадар либераллашув кузатилаётганини, бироқ жорий қонунчилик мамлакат суд тизимида коррупциянинг янада ривожланишига йўл очганини айтади.

Айни пайтда, суҳбатдошга кўра, бундай адлиявий мурувват сиёсий ва диний қарашлари сабабли айбланган фуқароларга нисбатан қўлланилмайди.
XS
SM
MD
LG