Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:43

Талкочилар электр нархи оширилишидан норози


Тожикистон алюминий ишлаб чиқариш корхонаси вакиллари электр нархининг оширилиши ТАЛКО учун ҳалокатли бўлишини айтмоқдалар.
Тожикистон алюминий ишлаб чиқариш корхонаси вакиллари электр нархининг оширилиши ТАЛКО учун ҳалокатли бўлишини айтмоқдалар.

Жорий йил давомида Тожикистонда электр нархи 20-25 фоизга оширилиши кўзда тутилмоқда. Айни пайтда мамлакатдаги энг йирик саноат корхонаси саналмиш “Талко” ширкати ҳукуматнинг бу режасига қаршилигини билдирди.

“Талко” алюминий ишлаб чиқариш ширкат масъулларидан бири Игор Сатторовнинг Озодликка маълум қилишича, сўнгги беш йил давомида ўз ширкати фойдаланилган электр учун тахминан 1,5 миллиард сомоний ёки 336 миллион АҚШ доллари миқдорида пул тўлаган.

- Энди ҳозирги глобал иқтисодий бўҳрон чоғида электр нархининг янада оширилиши Талко ширкати учун фожеа билан тугаши табиий. Негаки бизнинг маҳсулотимиз жаҳон бозоридаги рақобатга дош бераолмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳукумат электрга нархни ошириш чоғида бошқа мамлакатлар тажрибасига ҳам бир назар солсин. Дунёдаги ҳамма мамлакатларда алюминий ишлаб чиқариш корхонасига стратегик объект сифатида қаралиб, бир қатор енгилликлар берилади. Масалан, Америка, Озарбойжон ва Россияда бундай саноат корхоналарига давлат субцидия ажратади. Ваҳоланки, бу давлатлардаги ўша ширкатлар гилни биз сингари хориждан импорт қилмайди. Бизнингча, электрга тарифни ошираётиб, бу жиҳатлар эътиборга олинмаса, Талко фожиага юз тутади, - дейди Талко алюминий ишлаб чиқариш корхонасининг ахборот- таҳлилий бўлими бошлиғи Игор Сатторов.

Талко расмийсининг айтишича, 2010 йилдаги сўнгги тариф бўйича ўз ширкати бир кВт/соат электр учун 8,2 дирам ёки 1,86 центдан тўлаб келмоқда экан.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ўтган йил электрга белгиланган тарифга мувофиқ, тожикистонлик оддий аҳоли фойдаланилган ҳар кВт/соат электр учун икки центдан сал кўпроқ маблағ тўламоқда.

Демак, 70 фоизи қашшоқ экани айтилаётган оддий тожикистонликларга белгиланган электр тўлови йилига миллионлаб доллар даромад кўраётган Талко компаниясига белгиланган нархдан тахминан 0,2 цент қимматроқ экан.

Шунга қарамай, Талко расмийлари “Барқи тожик” ширкати ўз ширкати учун электр нархини оширмаслиги лозимлигини, аксинча бугунги глобал иқтисодий вазиятда уларга айрим енгилликлар бериши зарурлигини таъкидламоқдалар.

- Талко ширкатига ҳам бошқа саноат корхоналарига оширилгани каби электрнинг оширилиши мамлакатимизнинг зарур валютадан мосуво бўлишига олиб келади. Ўйламай қилинган бу иш ортидан мамлакат иқтисодиёти жуда катта зарар кўриши мумкин. Мамлакат иқтисодиётининг тахминан 70 фоизи Талко олиб келаётган даромад ҳисобига эканини унутмайлик, - дейди Талко масъули Сатторов.

Аснода Тожикистон иқтисодиёт ва иқтисодий алоқалар собиқ вазири Давлат Усмонов эса Талко иддаоларини рад этиб, алюминий заводи жаҳон бозоридаги рақобатга дош беролмаса, унинг фаолияти тўхтатилиши лозимлигини айтади.

- Расмий рақамларда Тожикистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг тахминан 30 фоизи Талко учун сарфланаётгани айтилади.
Аслида эса бу рақам икки-уч баравар кўпроқ. Шўролар замонидан бизга мерос бўлиб қолган Талкони қуриш вақтида жуда кўп жиҳатлар эътиборга олинган эди. Аммо бу ширкат бугунги глобал иқтисодий шароитда ҳам Тожикистон дардига малҳам бўлмаётир. Неча йилдирки, Талко аҳолига нисбатан арзон нархда электр олади. Агар Талкага ажратилаётган мана шу миқдор электр энергиясини ташқарига сотсак, давлат бюджетига миллионлаб доллар фойда келган бўларди. Демак, бугун бу компания давлат субсидиясисиз фаолият қилолмас экан, электр оширилса, жаҳон бозоридаги рақобатга дош беролмас экан, у ҳолда бу ширкатни ёпиш лозим, - дея мулоҳаза билдиради собиқ вазир Давлат Усмонов.

Аммо Усмонов жаноблари Талко фаолиятини тўхтатиш ортидан юзлаб тожикистонликлар ишсиз қолиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилади.

Бир гуруҳ таҳлилчилар Талко ва ундан тушаётган миллионлаб доллар даромад Тожикистон давлат раҳбари Раҳмон жаноблари ва унинг яқинларига тегишли хориждаги банк ҳисобларига тушаётганига ишора қилар экан, алюминий ишлаб чиқариш компаниясининг мамлакат иқтисодиётига қанчалик зарари бўлмасин, у ҳеч қачон фаолиятдан тўхтатилмаслигини айтишади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Талко ва “Барқи тожик” ширкатлари ўртасида электр қарзнинг тўланмаётгани борасида ахборот жанги бир неча йилдан буён давом этиб келмоқда.

Айни пайтда Талко корхонаси Тожикистонга қўшни бўлган Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти аҳолиси ва қишлоқ хўжалигига тузатиб бўлмас зарар етказаётгани ва бу ширкат фаолияти тўхтатилиши зарурлиги ўзбек оммавий ахборот воситаларида ҳам кўп гапирилмоқда.
XS
SM
MD
LG