Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:56

Қаддафий ажали етгунича иқтидорда қолмоқчи


Ғазабга тўла оҳангда муштини тугиб гапирган Муаммар Қаддафий охирги томчи қолгунича курашажагини айтди.

- Бобомнинг табаррук ҳоки ётган тупроқдан кетолмайман. Керак бўлса, шу ерда шаҳид бўлишга тайёрман, - деди Қаддафий.

Телевидение орқали мурожаатида полковник Қаддафий ўзини "инқилоб етакчиси" дер экан, унинг таъбирига кўра, "мамлакатнинг бирлиги билан ўйнашаётганлар" қатл қилинишлари ҳақида огоҳлантирди.

- Сўнгги намойишлар хоинлару сувараклар томонидан уюштирилган ва улар ўлим жазосига лойиқдирлар, - деди Қаддафий.

Ливия раҳбарининг баёноти пойтахт Триполида хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар авж олган пайтда янгради.

Гувоҳларга кўра, сўнгги икки-уч кун ичида Ливиянинг пойтахти Триполи ва бошқа шаҳарларида 200 одам ўлдирилган.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маҳаллий касалхоналардаги манбаларга таяниб билдиришича, биргина Триполи шаҳрида якшанба кунидан буён камида 62 одам нобуд бўлган.

Ливия мухолифати эса намойишларда ҳалок бўлганлар сони 400 дан ортишини даъво қилаяпти.

Телевидение орқали чиқишида полковник Қаддафий намойишчиларга қарши куч қўллашга ҳали буйруқ бермаганини айтди.

- Лекин буйруқ берсам, ҳаммаси ёниб кулга айланади, - деди Ливия раҳбари.

Айни пайтда Қаддафий режимига нисбатан халқаро танқидлар кучайиб бормоқда.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ливияда намойишчиларга куч қўлланилганини кескин қоралади.

- Ливияда намойишчилар ҳарбий учқичлар ва вертолётлардан ўққа тутилди. Бу қабул қилиб бўлмас ҳол, бунга чек қўймоқ керак, - деди Бан Ки Мун.

Сешанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғин ўтказиб, Ливиядаги вазиятни муҳокама қилди.

Ливиянинг БМТдаги ваколатхонаси раҳбари муовини Иброҳим Даббаший ливияликларни қатлиомдан ҳимоялаш зарурлигини айтиб, БМТни Ливия ҳаво худудини учиш таъқиқланган ҳудуд, деб эълон қилишга чақирди.

Айни пайтда Қаддафийдан юз ўгираётган ливиялик дипломатлар сони ортмоқда.

Ҳозирга қадар Ливиянинг АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш ва Индонезиядаги элчилари Қаддафий режимига норозилик билдириб, лавозимларини тарк этди.

Қаддафийнинг яқин сафдоши, мамлакат ички ишлар вазири Абдул Фаттоҳ Юнус ҳам инқилобчилар томонига ўтганини билдирди.

Мухолифат назоратидаги Бенғози шаҳрига қочган Абдул Фаттоҳ Юнус мамлакат армиясини ҳам инқилобчилар томонига ўтишга чорлади.

Ҳозир Ливиянинг шарқий қисми намойишчилар назоратига ўтган. Ҳукумат расмийлари ҳам шарқий Бенғози ва Ал-Байда шаҳарлари мухолифат қўлига ўтганини тан олган, лекин қирғин бўлгани ҳақидаги даъволарни рад этган.

Ливия телевидениеси қирғин ҳақидаги хабарларни хориж матбуотининг "асоссиз ёлғонлари", деб атаган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ олий комиссари Нави Пиллей хоним Ливия ҳукумати томонидан намойишчиларга қарши куч қўлланилгани борасида халқаро текширув ўтказишга чақирди.
XS
SM
MD
LG