Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:20

Ўзбек бойлари Лондонда уй сотиб олишда рекорд қўймоқда


Лондонда сотувга қўйилган ҳашаматли уйларнинг аксар янги хорижий соҳиблари Тошкентда ўтирганлардир.
Лондонда сотувга қўйилган ҳашаматли уйларнинг аксар янги хорижий соҳиблари Тошкентда ўтирганлардир.

Британиядаги кўчмас мулк бозорининг етакчи даллолларидан бўлган Knight Frank LLP ширкатига кўра¸ Ўзбекистон фуқаролари сўнгги 12 ой ичида Лондондаги қимматбаҳо уйларни сотиб олаëтган хорижликлар рўйхатининг иккинчи поғонасига кўтарилган.



Лондондаги 3-10 миллион долларлик уйлар янги соҳиблари - ўзбеклар


2010 йил давомида Лондоннинг энг ҳашаматли районларидаги кўп миллион долларлик уйларни сотиб олаëтган хорижийлар 61 давлат фуқаролари бўлса¸ бу рўйхатнинг биринчи поғонасини испанияликлар¸ иккинчисини эса ўзбекистонликлар эгаллади¸ дейди Knight Frank LLP ширкатининг турар-жой бинолари бўйича тадқиқот бўлими раҳбари Liam Bailey Озодлик билан суҳбатда.

- Ўзбекистон фуқаролари Лондондаги қимматбаҳо уйларни сотиб олиш бобида иккинчи энг тез ўсаëтган гуруҳдир. Гар бу ерда нисбатан кичик рақам¸ дейлик 10-15 одам ҳақида кетаëтган бўлса-да¸ муҳим жиҳат сотиб олинаëтган кўчмас мулкнинг баҳосидир. Биз энг ками 2 миллион Британия фунт стерлинггига тенг бўлган уйлар савдоси ҳақида гапираяпмиз¸ дейди Liam Bailey.


"Лондонлик ўзбек"ка айланишга кимнинг қурби етади?

Хўш¸ Британия пойтахтининг энг қиммат уйларини сотиб олаëтган ўзбекистонликлар ким?

- Бу одамларнинг аксарияти қимматбаҳо маъданлар¸ газ ва нефт қазиб олиш¸ шунингдек истеъмол моллари савдоси билан шуғулланувчилардир. Биласиз¸ ўтган йил давомида бу маҳсулотлар нархи жаҳон бўйлаб кескин кўтарилди ва бу мазкур соҳаларни назорат қилаëтганларнинг бир бойлигига ўн бойлик қўшди. Авваллари Россия ва Қозоғистон янги бойлари Лондондаги ҳашаматли уйларни сотиб олиш борасида ўзига хос рекорд қўйган бўлса¸ ҳозирда бу ўринни ўзбекистонликлар эгалламоқда¸ дейди Лондондаги қимматбаҳо турар-жой бинолари савдоси билан шуғулланувчи Knight Frank LLP ширкатининг тадқиқот бўлими раҳбари Liam Bailey Озодлик билан суҳбатда.

Йиллардан бери Лондонда истиқомат қилиб келаëтган ўзбекистонлик Нодербекнинг айтишича¸ Британия пойтахтида уйлик бўлаëтган ўзбекистонлик янги бойлар ҳам¸ асосан собиқ иттифоқдан чиққан корчалонлар яшаëтган районларни ўз янги манзили қилиб танламоқда.

- Kensington тарафларида ëки Shepherd Bush деган тарафларда Россия элчихонаси атрофларида асосан бойларнинг яшайдиган районлари жойлашган. Ўша ëқда жуда кўп Россиядан ëки собиқ совет ўлкаларидан, шу жумладан Ўзбекистондан келган одамлар яшайди¸ дейди ўзбекистонлик Нодир.


Нега Лондон? Нега бугун?


Нега бадавлат ўзбекистонликлар айнан 2010 йил охирлари¸ 2011 йил бошларига келиб айнан Лондондан қимматбаҳо уй сотиб олиш борасида ўзига хос мусобақа бошладилар? Liam Bailey бунинг асосий сабаблари деб¸ фунт стерлинг қурбининг дунëдаги бошқа валюталарга нисбатан қадрсизлангани ва Лондондан уй олишнинг нисбатан арзонлашганини¸ айни пайтда Ўзбекистондаги сиëсий маҳвумликдан туғилаëтган асабийлик мамлакат бойларини ўз пулларини бехавотир жойларга кўчиришга ундаëтганини билишини айтади.

- Гарчи ҳозирча Ўзбекистондаги вазиятни сиëсий беқарорлик¸ деб бўлмаса-да¸ мамлакат бойликларини ўзлаштираëтган кам сонли одамлар бу бойликни Ўзбекистондан олиб чиқиш ва уни турли соҳаларга сармоя сифатида ëтқизишга уринмоқда. Бу Ўзбекистондаги вазият ҳам кутилмаганда Тунис¸ Миср ва Ливиядаги каби издан чиқиб кетгудек бўлса¸ бойлар учун ўзи ва бойликларини ҳимоялаш воситасидир. Яқин Шарқдаги сиëсий беқарорлик турткисида бу жараëннинг янада кучайиши ва ўз бойликларини дунëнинг бошқа давлатлари¸ хусусан Лондон кўчмас мулк бозорига сарфлайдиган ўзбек бойларининг кўпайишини кутиш мумкин¸ дейди Liam Bailey.

Британия пойтахтидаги қиммат турар-жой бинолари бозорининг машҳур даллолларидан бўлмиш Knight Frank LLP ширкати таҳлилчисига кўра¸ жаҳонда юз берган молиявий бўҳрондан сўнг Лондон кўчмас мулк бозори Африканинг қолоқ давлатлари¸ Яқин Шарқ ҳукмдорлари ва уларга содиқ мулозимлар қатори Ўзбекистондаги халқ ва давлатга қарашли табиий бойликларни талаш орқасидан бойиган ўзбекистонликлар учун Швейцария банкларидан-да бехатарроқ жойга айланган.


Лондон ўзбек бойлари учун "запасной аэродром"ми?

10 йилдан буëн Британияда яшаб келаëтган ўзбекистонлик Нодир фикрича¸ Лондондан уй сотиб олиш нафақат ўзбек корчалонларининг миллионлаб бойлиги учун бехатар¸ балки уларнинг ўзлари учун Ўзбекистонда дўппи тор келиб қолса¸ қочиб келиб яшаш учун ҳам замин ҳозирлашдир.

- Албатта¸ уй олганлигингиз ëрдам беради, лекин уйингиз бўлганлиги дарров бу ëқда яшаш ҳуқуқини бермайди. Масалан¸ визага топширган пайтда “Уйим бор” деб кўрсатса, албатта¸ у ëрдамчи факторлардан биттаси бўлиб ишлайди. Энди бойлар ҳар хил ширкатлар қуриб, ўша ширкатнинг ишчиси деб келиши ҳам мумкин. Ширкат очиб бирорта сармоя қилса, бу бизнес визаси олиб келиши мумкин. Мен эшитган кўпчилиги болаларини юборган пайтда ўқишга деб юборишади. Ўқиши тугагандан кейин у-бу ширкатларга ëки ўзлари бирорта ширкат очиб, ўша ëққа ишга жойлаштириб ўша орқали виза олишади¸ дейди Британияда яшаëтган ўзбекистонлик Нодир.

Ўзбекистонда давлат назоратида бўлган хориж валютаси Лондонга қандай йўл топмоқда?

Ҳозирча Божхона хизматида декларация тўлдирмай туриб¸ атиги бир неча минг доллар маблағнигина хорижга олиб чиқишга рухсат берилган Ўзбекистондан миллионлаб доллар пулларнинг қай йўллар билан Лондондаги бадавлат уй соҳиблари ҳисобига келиб тушаëтгани ҳақида маълумот йўқ. Фақат бу пуллар Ўзбекистонда¸ Liam Bailey айтган каби¸ нефт ва газ¸ қимматбаҳо маъданлар қазиб чиқариш¸ шунингдек пахта ва тўқимачилик савдосини ўз монополиясига айлантирган бир ҳовуч давлат расмийларининг оффшор ҳудудлардаги банк ҳисоблари орқали ўтказилганини тахмин қилиш мумкин¸ холос.
XS
SM
MD
LG