Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:59

Сузоқда ўлдирилган Россия фуқаросининг оиласи консулликдан ёрдам сўрамоқда


11 феврал оқшомида асли сузоқлик Илҳомжон Ҳамроев Сузоқ туманида отиб ўлдирилди. Россия фуқароси бўлган Ҳамроевнинг беваси ва уч фарзанди нафақа илинжида Ўшдаги Россия Федерацияси бош консуллигига ариза билан мурожаат қилди.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманидан бўлган Илҳомжон Ҳамроев 11 йилдан буён Россияда қурилишда ишлаб келган. Уни таниган меҳнат муҳожирларидан бири Акмалжонга кўра, сузоқлик бир қанча ёшлар Илҳомжон орқасидан тирикчилик қилиб келган.

- Бригадирлик, прораблик қилар эди. Бу бола мен билганим фақат Сузоқ элининг қўлида ҳунари йўқ болаларини шу ерга олиб келиб, иш билан таъминлаб ишлатар эди. Сезонда қирқта-элликта сузоқлик шу бола билан ишлар эди, - дейди Илҳомжон Ҳамроевни таниган меҳнат муҳожирларидан бири Акмалжон.

11 феврал куни отаси бетоблиги боис Сузоққа етиб келган Илҳомжон жума намозидан сўнг тумандаги сартарошхонада номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилди. Унинг онаси Хайринисо Ҳамроева ўша кунни юраклари эзилиб эслайди:

- Соқол олдиргани сартарошхонага кирганида, иккита бола кириб, отиб чиқиб кетибди. Учта боласи билан келиним қолди-да. Россия фуқароси бўлиб, бу ерларга кам келар эди. Бу йил отаси касал бўлганига олиб кетиб, "Ҳожига жўнатаман" деб, шунақа ниятлар билан келган экан. Отган одамни кўрганлар бор экан. Олиб келиб қўйган таксичи одам ҳам бор экан. “Булар қўлга тушди” дейишган эди мелисалар. У бола бўйнига олган. "Бу болаларни Тошкентда қўлган тушди”, дейишган эди. Биттаси Ниязалиев Камолдин Жалолдинович, дейишди. Биттаси Ниязалиев Хайрулло Жалолдинович экан. Ака-уканинг болалари экан. Бу ўзи уч-тўрт кун эмас, уч-тўрт йилдан бери бўлаётган ғалва эди, - дейди отиб ўлдирилган Илҳомжоннинг онаси.

Хайринисо опага кўра, ўғлидан юқорида тилга олинганлар “Россиядаги рэкетдан ҳимоя қиламиз” дея пул талаб қилган. Бир неча йил давомида Илҳомжон пул бериб турган. Сўнгги йилларда отаси бемор бўлиб, 18 кишини боқаётгани сабабли пул беришдан бош тортган. Шундан сўнг унинг Сузоқдаги уйи 2010 йилнинг май ойида ёқиб юборилган. Унинг ўзига эса отиб ўлдирилиши ҳақида дўқ-пўписалар ҳам бўлган.

- Шу билан кузга келиб "100 минг пул қилиб берасан, қилиб бермасанг, отиб ўлдирамиз", дейишибди. Пулни қилиб бера олмади. Булар ўзи катта компания экан. Буларнинг акаси ҳам бор экан. Ниязалиев Шамшиддин Жамолдинович деган. У куни мелисаларнинг ўзи бизга кўрсатди. "Булар международний розискда юришибди” деб, - дейди боласини йўқотган она.

Мазкур жиноий иш бўйича терговни олиб бораётган Сузоқ ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари даставввал ахборот беришга рози бўлишди.Бироқ кейинги мурожаатларимиз жавобсиз қолди.

Айни пайтда Россия фуқароси бўлган Илҳомжоннинг беваси ва уч нафар фарзанди Россия Федерациясининг Ўшдаги консуллигига моддий ёрдам сўраб ариза киритди.

Мазкур консулликнинг пресс-атташеси Алексей Красноштанов Россия фуқароси Илҳом Ҳамроев ўлдирилганлигидан хабари йўқлигини билдирди. Бироқ, унга кўра, Россия Федерацияси фуқаролари ваколатхонадан бир марта бериладиган моддий ёрдам олиши мумкин:

- Одамлар турли илтимослар билан мурожаат қилишади. Бундай мурожаат ҳам хориждаги ваколатхона ёрдам бериши мумкин бўлган рўйхатга киради. Бироқ консуллик ажратадиган моддий ёрдам у қадар кўп эмас ва у бир маротаба берилади, холос. Аризани махсус гуруҳ кўриб чиқиб, лозим топсагина, моддий ёрдам ажратади. Россия фуқаролари эса фақат Россия Федерацияси ҳудудида боқувчисини йўқотганлиги нафақасини олиши мумкин. Бунинг учун ўлган одам Россияда ишлаган бўлиши лозим. Унинг яқинлари барча ҳужжатларни тўплаб, Россиядаги ижтимоий таъминот органларига мурожаат қилиш керак, - деди Россия Федерациясининг Ўшдаги бош консуллиги пресс-атташеси Алексей Красноштанов.

Красноштановга кўра, Сузоқда отиб ўлдирилган Илҳом Ҳамроев иши бўйича маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига бош консуллик расмий мурожаатнома юбормаган. Унинг айтишича, консуллик расмий мурожаатномани Россия Федерацияси прокуратурасининг расмий сўровидан сўнггина ёзилади.

Айни пайтда Россиянинг Ўшдаги консуллиги ходимлари Илҳом Ҳамроев оиласининг аризаси бир неча кун ичида кўриб чиқилишини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG