Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:54

Олмаота ҳибсхонасидаги қочқинлар аризаси рад этилди


Олимжон Холтўраев экстрадицияни тўхтатиш бўйича Олмали туман судига ариза топшириб, рад жавоби олган 29 ўзбек қочқинининг биридир.
Олимжон Холтўраев экстрадицияни тўхтатиш бўйича Олмали туман судига ариза топшириб, рад жавоби олган 29 ўзбек қочқинининг биридир.

Олмали туман суди Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган ўзбек қочқинларининг экстрадицияни тўхтатиш бўйича аризасини рад қилди. Тўққиз ойдан буён ҳибсда қолаётган 29 ўзбек қочқинининг адвокатлари бу борада эндиликда юқори инстанция судига мурожаат қилмоқчилар.

15-16 март кунлари Олмали туман суди Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган 29 ўзбек қочқинининг Қозоғистон Бош прокуратураси қарори юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқди.

Аввал хабар қилганимиздек, 2010 йилнинг 8 сентябр куни Олмаота шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Ташкенбай Аубакиров Қозоғистон Бош прокуратураси ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарганини билдирганди.

Учинчи давлатдан бошпана олиш ниятида Қозоғистонда яшаб келган бу қочқинлар 2010 йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганди. Шу пайтгача бу диндор қочқинлардан бир нечтаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинди, қолган 29 нафари эса тўққиз ойдан буён Олмаота шаҳридаги ҳибсхоналарда сақланмоқда.

Қозоғистон жанубий пойтахтидаги икки ҳибсхонада сақланаётган ўзбекистонликларнинг бошпана изловчи шахс мақомини бериш бўйича илтимосини Олмаота шаҳар миграция департаменти ўтган йили рад этганди. Ўзбек қочқинларининг мазкур қарори юзасидан шикоят аризаси 2010 йил сўнгида Олмали туман суди томонидан ҳам, жорий йил бошида Олмаота шаҳар суди томонидан ҳам рад этилди.

Ҳибсда сақланаётганларни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари таъқиқланган диний-экстремистик оқимларга мансублик ва конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ҳамда қасддан қотиллик қилганликда гумон қилмоқда. Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ўзлари ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини ва ўзларининг айбсиз эканларини айтиб келишади.

Ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларининг Қозоғистондан бадарға қилинишию Ўзбекистонга қайтарилиши улар ҳаёти учун хавф экани ҳақида инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланиб келадиган маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ҳам бир неча бор баёнотлар тарқатган. Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинлари ҳимоясига ўтган тўққиз ой мобайнида Қозоғистоннинг ўзида ҳамда Европа ва Америка қитъасининг катта шаҳарларида бир неча маротаба пикетлар ўтказилди.

Олмаота шаҳар миграция департаменти қарори юзасидан судларга мурожаат қилган ўзбек қочқинлари Қозоғистонда бошпана изловчи шахс мақомини олиш ёки учинчи давлатга чиқиб кетишга умид қилаётгандилар. Эндиликда қочқинлар қозоқ судидан, жилла қурса, Қозоғистон Бош прокуратурасининг экстрадиция ҳақидаги қарорини бекор қилиш ва уларни қийноқлар қўлланилиши мумкин бўлган Ўзбекистонга юбормасликни илтимос қилаётгандилар. Бироқ ўзбек қочқинларидан бу борада шикоят аризаси олган Олмали туман суди кеча ва бугун уларнинг аризасига рад жавоби бериб, Қозоғистон Бош прокуратурасининг ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирди.

Айни пайтда ҳибсхонадаги қочқинларнинг адвокатлари иш Олмали туман суди билан ниҳоясига етмаслигини ҳамда эндиликда улар бу борада иккинчи инстанция - Олмаота шаҳар судига шикоят аризаси топширишни режалаётганларини айтаяптилар.
XS
SM
MD
LG