Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:36

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ливия ҳаво ҳудудини ëпди


БМТ Хавфсизлик Кенгашиниг 17 март кунги йиғини.
БМТ Хавфсизлик Кенгашиниг 17 март кунги йиғини.

БМТ Ливияга қарши халқаро ҳарбий интервенция бошлаш учун замин ҳозирлади - 17 март куни Ливия ҳарбий кучларининг ҳавога кўтарилиши тақиқланди. Мазкур резолюциядан Ливия режимига мухолиф кучлар ва тинч аҳолининг Қаддафий кучлари ҳужумидан асраш кўзда тутилаëтгани айтилмоқда.


БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 17 март кунги резолюциясига мувофиқ Ливия ҳарбий кучларининг ҳавога кўтарилиши тақиқланди. Агар Қаддафий режими бу резолюцияни бузгудек бўлса¸ унга қарши халқаро ҳарбий ҳужум уюштирилиши мумкин.

Айни пайтда БМТ ҳужжати Ливияга халқаро қуруқлик қўшини юбориш эҳтимолини рад қилди.

Мазкур резолюция 10-0 нисбатда қабул қилинди ва айтилишича БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш аъзоси¸ хусусан Россия¸ Хитой¸ Бразилия¸ Ҳиндистон ва Германиянинг овоз беришдан сақланган.

Дипломатларнинг айтишича¸ Ливия режими мазкур резолюцияга амал қилмаган тақдирда Британия¸ Франция ва АҚШдан иборат халқаро учлик Ливия ҳукумат кучларига қарши ҳаво ҳужумлари уюштириш ҳаққига эга бўлади.

Оқ уй матбуот хизматига кўра¸ резолюция қабул қилиниши арафасида президент Обама Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ва Франция президенти Николя Саркози билан телефон орқали гаплашиб¸ Қаддафий резолюцияни менсимаган тақдирда¸ кейинги чораларни бошлаш борасида келишиб олган.

Оқ уйга кўра¸ учала раҳбар Ливия режими БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига дарҳол амал қилиши ва фуқароларга низбатан зўравонликларни тўхтатиши шарт¸ деган тўхтамга келганлар.

Буюк Британиянинг БМТ даги элчиси Марк Грант Хавфсизлик Кенгаши йиғини давомида Муаммар Қаддафий халқаро ҳамжамиятнинг 26 феврал куни қабул қилинган аввалги резолюциясини менсимагани ва ҳамон ўз халқига зўравонлик қилишни давом эттираëтганини таъкидлади.

- Бу резолюциянинг асосий мақсади очиқ-ойдин – у зўравонликни тўхтатиш¸ тинч аҳолини ҳимоялаш ва Ливия халқига Қаддафий режими зулмидан озод келажак танлаш имконини беришдир¸ деди жумладан Британия элчиси.

Озодлик суҳбатлашган БМТдаги айрим дипломатлар¸ 17 март кунги резолюция матнининг БМТ мезонлари бўйича анча кескин эканини тан олган ҳолда¸ унинг анча кеч қабул қилинганини айтдилар.

Кейинги хабарларга кўра¸ айни соатларда Қаддафийга содиқ кучлар мухолифат қўлига ўтган Бенғози шаҳрига қарши кенг кўламли ҳужумга ҳозирланмоқда. Айни пайтда¸ Қаддафий кучларининг бу катта шаҳарни қўлга олишга етарли ҳарбий қудратга эга ëки эга эмаслиги мавҳум қолмоқда.

АҚШ нинг БМТ даги элчиси Сюзан Райс янги резолюция БМТда ташкил этилган Ливия санкциялари қўмитасига Қаддафий режимини қурол билан таъминлаëтганларга қарши санкциялар жорий этиш ваколатини беришини билдирди.

- Бу резолюция¸ шунингдек Ливияга қарши жорий этилган қурол-яроғ эмбаргосини кучайтиради ва Ливияга қарашли учқичларнинг халқаро парвозларини ҳам тақиқлайди. Шунингдек резолюция Ливиядаги етти шахс ва беш давлат ширкатининг хориждаги маблағларини музлатишни ҳам кўзда тутади¸ деди элчи Райс.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши шунингдек Ливияга қарши жорий этилган халқаро санкцияларнинг қисқа ва узоқ муддатли ижросини назорат қилувчи экспертлар гуруҳини ҳам таъсис қилди.

Хавфсизлик кенгашининг беш аъзоси¸ улар орасида Хитой ва Россия ҳам бор¸ бу резолюция Қаддафий режими томонидан эътиборга олинмаган тақдирда Ливияга қарши халқаро ҳужум уюштириш эҳтимолини қўлламагани боис¸ уни маъқуллашдан сақланди.

Россиянинг БМТ даги элчиси Виталий Чуркин¸ Москва резолюциядаги Ливия халқаро талабни бажармаган тақдирда¸ унга қарши “барча чоралар ишга солинади” деган бандга қўшилмаганини билдирди.

Германия ҳукумати ҳам Ливияга қарши халқаро ҳужум уюштириш эҳтимолига айни шундай танқидий ëндашмоқда.
XS
SM
MD
LG