Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:35

Россия ўзбеклар учун қопқонга айланди!


Экстрадиция сўровларини юбориш бўйича Ўзбекситон илғорлик кўрсатмоқда, дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари.
Экстрадиция сўровларини юбориш бўйича Ўзбекситон илғорлик кўрсатмоқда, дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари.

Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институти хорижда таъқиб остида бўлган шахсларнинг Россиядан экстрадиция қилиниши мавзусида анжуман ўтказди. Давра суҳбатига йиғилган ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар охирги пайтларда Марказий Осиё, айниқса Ўзбекистондан экстрадиция сўровлари кўпайганини қайд этди.


Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институти 17 март куни Журналистлар марказий уйида уюштирган йиғилишда Россияда экстрадиция масалалари билан боғлиқ ишларни олиб борувчи кўплаб адвокатлар, ҳуқуқ фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари қўмитаси котиби Михаил Федотов, Инсон ҳуқуқлари институти директори Валентин Гефтер, Мемориал қошидаги “Фуқаровий кўмак” кўмитаси раҳбари, Нобел мукофотига номзод Светлана Ганнушкина, “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина ва бошқа ҳуқуқ фаоллари иштирок этди.

Анжуманда муҳокама қилинган асосий масала – хориж давлатларидан келаётган сўровларга кўра қочқинларни экстрадиция қилиш.

“Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина бундай сўровлар сўровлар асосан Марказий Осиё давлатларидан келаётганига урғу берди. Айниқса, деди у, бу борада Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари “илғорлик” қилмоқда.

- Сўнгги пайтларда Россияда ҳукуматлари репрессив бўлган давлатлар сўровларига кўра, қўлга олиниб, экстрадиция қилинаётганлар сони кескин ошиб бораётгани кузатилмоқда. Уларнинг аксарияти ўз мамлакатларида қонундан ташқари, сиёсий ва диний асосда таъқибга учраган шахслардир. Бу шахслар ҳам 1951 йилги қочқинлик мақоми ҳақидаги БМТ Конвенцияси, ҳам Россиянинг “Қочқинлар тўғрисидаги” Қонун ҳимояси остидадир. Мисол тариқасида, икки-уч йил олдин фақатгина Марказий Осиё давлатларидан экстрадиция талаби билан йилига беш-олтита сўров келган бўлса, бугунги кунда биргина “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳамизнинг назоратида сўнгги бир йил давомида 18 киши қайд этилди,- дейди лойиҳа раҳбари Елена Рябинина.

Ҳуқуқ ҳимоячиснинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон каби экстрадиция қилиш сўровни юборишни анъанага айлантирган мамлакатлар қаторига Қирғизистон, Беларус ва Қозоғистонлар ҳам қўшилмоқда. Сўнгги бир йил давомида мамлакатда Қирғизистондаги июн воқеаларидан кейин Бишкекдан экстрадиция қилиш сўровларининг кети узилмай қолди, дея маълум қилди Елена Рябинина.

- Бугунга келиб Қирғизистондан жўнатилган экстрадиция сўровлари юзасидан очилган қатор ишлар мавжуд. Асосан бу сўровлар жанжал пайтида мамлакатни тарк этган этник ўзбекларга тегишли, яъни кеча жабрдийда бўлган бугун айбдорга айлантирилмоқда,- деди “Бошпана ҳуқуқи” лойиҳаси раҳбари Елена Рябинина.

Унинг сўзларини тасдиқлаган яна бир таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мемориал қошидаги “Фуқаровий кўмак” кўмитаси раҳбари, Нобел мукофотига номзод Светлана Ганнушкина Ўзбекистондан келаётган экстрадиция сўровларининг ошиб боришига бевосита Ўзбекистон ва Россия ўртасида имзоланган махсус шартномани сабаб қилиб кўрсатди. Бу шартномага кўра, Россия ҳудудида бошпана сўраган ўзбек қочқинлари учинчи мамлакатларга фақатгина ўзбек расмийларининг рухсати билан қўйиб юборилиши мумкин.

- Бу билан ҳаракат эркинлиги тамойили бузилмоқда. Биз Россияни ўзбеклар учун қопқонга айлантирдик! Мен бу масалада президент Медведев билан кўп маротаба гаплашган эдим, саноқсиз сўровларни жўнатганмиз, ҳозирча жавоб олганимизча йўқ. Аҳвол шундайки, айрим ҳолларда Россиядан Марказий Осиё мамлакатларига Россия фуқаролигини олган шахслар экстрадиция қилинмоқда. Паспортлари олиб қўйилиб, улар фуқароликдан маҳрум қилинган. Яъни ҳукуматимиз ўз фуқароларимизни ҳимоя қилиш у ёқда турсин – ўз қўллари билан ўшлаб топширмоқда,- деди Светлана Ганнушкина.

Сўзга чиққан яна бир ҳуқуқ фаоли, собиқ Россия матбуот ва ахборот вазири Михаил Федотов экстрадицияни фақатгина салбий тушунча сифатида талқин қилмасликка чақирди. Президент Медведев ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари қўмитаси котиби Федотов ҳуқуқий соҳада, хусусан экстрадиция қилиш соҳасида ўзгартирилиши талаб қилинаётган ҳуқуқий нормалар кўплигини маълум қилди.

- Эсдан чиқармайлик: мамлакатимиз учун ҳам экстрадициядан ҳимоялаш, ҳам экстрадициянинг ўзи жуда муҳимдир. Чунки жиноятни содир этган шахс албатта жазоланиши керак, лекин унинг қанчалик жиноятга таалуқлилиги ҳам жиддий текширилмоғи лозим,- деди президент маслаҳатчиси Михаил Федотов.

Экстрадиция масаласи муҳокамасига қўшилган бир қатор адвокатлар, мавжуд муаммоларга қарамасдан сўнгги ярим йил ичида ижобий ўзгаришлар кузатилганини эътироф этишди.

Кўплаб ўзбекистонликларнинг экстрадиция ишлари билан шуғулланаётган асли тошкентлик адвокат Елена Коренева айрим ҳолларда Россия ҳуқуқ-тартибот органлари экстрадиция масалаларида ҳатто ноқонуний усуллардан фойдаланишга уринаётганлигига қарамасдан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Страсбург суди босими остида Ўзбекистон Жиноий Кодексининг 159, 216, 242-1, 242-2 ва 246 моддалари асосида юборилган сўровларнинг деярли барчасига маҳаллий судлар томонидан рад жавоби берилаётганини катта ютуқ деб баҳолади.

Шунингдек, йиғилиш давомида БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича Олий коммисарлиги кўмагида Инсон ҳуқуқлари институти раҳбари Елена Рябинина бошчилигида ишлаб чиқилган “Экстрадиция ишлари бўйича ҳимоя” амалий қўлланмаси тақдим этилди. Бу қўлланма экстрадиция ишлари билан шуғулланаётган адвокатлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мўлжалланган.

Анжуман қатнашчилари Россияда қочқинларнинг экстрадицияси масаласида юзага келган муаммолар биринчи навбатда мамлакатда эркин ва одил судловнинг йўқлигидан даракдир, дея хулоса қилди.

“Бизнинг асосий душманимиз – адолатсизлик бўлиши керак!”, дея таъкидлади Светлана Ганнушкина.
XS
SM
MD
LG