Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:03

Тожик расмийлари байроқ тарқатмоқчи


Тожикистондаги 70 минг оилага миллий байроқ тарқатилиши, Душанбе расмийлари мулоҳазасича, мамлакат аҳолисининг ватанпарварлик туйғусини кучайтириши керак.
Тожикистондаги 70 минг оилага миллий байроқ тарқатилиши, Душанбе расмийлари мулоҳазасича, мамлакат аҳолисининг ватанпарварлик туйғусини кучайтириши керак.

9 май - Ғалаба байрами арафасида Тожикистонда 70 минг оилага мамлакат миллий байроғи совға қилинади.

Душанбе шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Шавкат Саидовнинг Озодликка маълум қилишича, ортда қолаётган ҳафтада ҳокимиятда сиёсий партиялар вакиллари ва маданият арбоблари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган.

Ўша йиғинда, Саидовга кўра, Тожикистон мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлаш тадбирлари доирасида республикадаги 70 минг оилага мамлакат миллий байроғи текин тарқатилишига қарор қилинган.

Душанбе шаҳар ҳокимлигининг фуқароларга текинга байроқ тарқатиш қарори республика бўйлаб озиқ-овқат нархи икки, баъзи ҳудудларда эса уч бараварга қимматлашган бир вақтга тўғри келди.

Ҳафта бошида Тожикистонда ёнилғи нархининг кескин ошиб кетиши ортидан мамлакатда АҚШ долларининг ҳам тақчиллашиб қолиши нарх-навонинг кескин кўтарилишига туртки бўлди.

Айни пайтда аксарият тожикистонлик оилаларнинг байроқдан кўра нон ва овқатга эҳтиёжи тобора кучаяётгани сезилади.

- Байроқ бизга нима берарди - ҳеч нарса бермайди. Истайманки, президентимиз очиқ кўнгил билан халқига ёрдам берсин, нархларни сал бўлса ҳам арзонлаштирсин. Бепул байроқ тарқатиш ўрнига бизга ўхшаган нафақага яшаётган оилаларнинг нафақасини кўтарсин. Арзончилик бўлсин, бизга ҳозир бепул байроқнинг ўрнига шулар зарур, - дейди душанбелик нафақахўр Мунаввара Фозилова.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг 75 фоизи қашшоқликда кун кечиради. БМТ Озиқ-овқат дастурининг Душанбедаги ваколатхонаси ортда қолаётган ҳафтада шу йил кутилаётган қурғоқчилик сабабли Тожикистондаги қашшоқ оилаларнинг аҳволи янада ночорлашиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

Аснода кун сайин турмуши қийинлашиб бораётганига қарамай, “ҳукуматнинг бугунги сиёсатини қувватлаш лозим”, дейдиган фуқаролар ҳам йўқ эмас.

- Моддий қийинчилик ва ижтимоий таъминотнинг ёмонлашиши биргина Тожикистон эмас, балки дунёнинг қатор давлатлари бошига келган тўй. Ҳозир кўплаб мамлакатларда одамлар қийналиб яшаётгани ҳақида кўп гапирилаяпти. Шунга қарамасдан, ҳукуматнинг сиёсатини қувватлаб, хусусан, миллий қадриятларни тиклаш ва мустаҳкамлаш борасидаги дастурларини бажаришда фаоллик қилишимиз мақсадга мувофиқ, - дейди ўзини Марина деб таништирган бу суҳбатдошимиз.

Маринанинг фикрича, ҳукуматнинг ватанпарварлик дастурига ижобий қарайдиган фуқаролар мамлакатда талайгина. Вахшлик 29 ёшли Бахтиёр Беков ҳам Маринанинг фикрини қўллайди.

- Уйимиз деворларига ёпиштирилган хорижлик қўшиқчилар ёки актёрлар портретлари ўрнини миллий байроғимизга бўшатиб берсак, нима қилибди? Биз тожикистонликлар давлатга эгалигини дунёга танитаётган ҳам айнан шу байроғимиз, нишонимиз-ку. Дунёда неча юз минглаб ватансиз, фуқароликсиз яшаётган одамлар бор. Бизнинг ўз ватанимиз, байроғимиз борлигидан фахрланишимиз керак, - дея мулоҳаза билдиради вахшлик Бахтиёр Беков.

Мавзу юзасидан Душанбе кўчаларида ёшу қарини суҳбатга тортар эканмиз, кўпчилик “Давлат сиёсатига тегишли мавзуларда гапиришдан тийилишини”ни айтиб, шаҳар ҳокимлигининг янги қарорига муносабат билдирмади.

Шу ўринда айтиш жоизки, фуқароларга байроқ совға қилиш қарори Душанбе шаҳар ҳокимлигининг Тожикистон байроғини тарғиб қилиш борасидаги илк ташаббуси эмас.

2009 йил ҳокимлик ҳомийлигида бир ярим километр узунликдаги байроқ тикилиб, Роғун ГЭСи майдонига осиб қўйилганди. Ўшанда шаҳар ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев бу дунёдаги энг узун байроқ эканини иддао қилиб, у “Гиннес рекордлар китобига киритилиши зарур”лигини айтганди.

Ўтган йили эса Маҳмадсаид Убайдуллоев бошлиқ шаҳар ҳокимлиги 2011 йилнинг март ойида дунёдаги энг баланд байроқ устуни ўрнатилиши ҳақидаги режасини эълон қилганди.

Аммо шаҳар ҳокимлигининг Тожикистон байроғи илинадиган 165 метр баландликдаги устун режаси ҳам, “тожиклар байроғининг Гиннес рекордлар китобига киритилиш” истаги ҳам ҳозирча амалга ошганича йўқ.
XS
SM
MD
LG