Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:08

"Аъзамжон Фармонов руҳий қийноқда"


Айни кунда Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган Аъзамжон Фармонов 2006 йилда 9 йилга озодликдан маҳрум этилганди.
Айни кунда Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган Аъзамжон Фармонов 2006 йилда 9 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Беш йилдан буён Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган ҳуқуқ фаоли Аъзамжон Фармоновга нисбатан руҳий қийноқлар давом этмоқда.

Товламачиликда айбланиб, беш йил олдин 9 йилга ҳукм қилинган Аъзамжон Фармонов Жаслиқ қамоқхонасида ўзига нисбатан жисмоний тазйиқлар тўхтатилганини, бироқ руҳий қийноқлар давом этаётганини айтган. Бу ҳақда Озодликка Фармоновни 17 май куни кўриб қайтган маҳбуснинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубова гапириб берди.

- Кўрдик, икки суткага рухсат беришди. Аҳволлари ўртача, яхши. Руҳий қийноқлар ҳалигача давом этаяпти. “Жисмоний қийноқлар хозирча қўлланилгани йўқ, лекин доим руҳий қийноқда бўламиз” деб айтдилар, - деди Озода Ёқубова.

Руҳий қийноқларга мисол ўлароқ Озода опа ҳар йили маҳбуслар амнистия чиқиши олдидан эрига нисбатан қонунбузарлик содир этганлик айби қўйиб келинаётганлигини айтади:

- Мана 2010 йилнинг охирида, декабр ойида 10 кунга изоляторга ташлашган. “Нарушение қилгансан” деб ташлашган. Ўзлари ҳам билмайдилар қандай нарушение қилганликларини. “Нарушение қилдим" деган ҳужжатга қўл қўймасанг, бутун отрядни сени деб қийнаймиз” деб, руҳий қийноқ ўтказишган. Шундан кейин мажбур “нарушение қилдим” деб рози бўлганлар. Жуда ҳам зерикиб кетганлар, жуда ҳам сиқилганлар. Бола-чақа соғинчи, яқинларини соғинган. Шу сафар жуда ҳам сиқилиб кетганларини сездим, - дейди Озода опа кўзига ёш олиб.

Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Аъзамжон Фармоновнинг аёли Озода Ёқубова эрини турли коммиссиялардан яшириш давом этаётганини ҳам қўшимча қилди:

- 10 апрел куни уларни икки ҳафтага Нукус изоляторига жўнатишган. Хўжайинимни айтиши бўйича, зонага халқаро ташкилотлардан текшириш, комиссия келса, буларни 3 йилдан бери Нукусга этап қилиб, ўша ерда яшириб олиб ўтиради. Комиссия кетганидан кейин яна қайтариб Жаслиққа олиб келишади, - дейди маҳбуснинг аёли.

Озода Ёқубова эрининг сўзларига асосланган ҳолда апрелда Жаслиқ қамоқхонасига келган комиссиядан яширилган тўққиз нафар маҳбус орасида диний мотивлар билан қамалганлар, СПИД касалига чалинган маҳбуслар бўлганини айтади.

Озода опанинг айтишича, уларни Жаслиқ қамоқхонасига қайтаришганидан сўнг барчасининг соч-соқолини битта устара билан олишган.

Айни пайтда, Жаслиқ қамоқхонасига бориб қайтган Озода Ёқубовага кўра, қамоқхонанинг янги раҳбари томонидан унга нисбатан қўполлик ҳаракатлари сезилмаган.

Аъзамжон Фармонов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарë вилояти бўлимига раҳбарлик қилган. 2006 йил 29 апрель куни ҳибсга олинган. 2006 йилнинг 15 июнь куни Янгиер шаҳри суди уни Жиноят кодексининг 165-моддаси бўйича товламачиликда айблаб, 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Ўзбекистонлик мухолифат фаоли ва айни кезда “Бирдамлик” ҳаракати фаоли бўлган Дилором Исҳоқова ҳуқуқ фаоллари ва мухолифат аъзоларини сиёсий мотивлар билан қамашдан кўра уларга товламачилик каби моддаларни қўйиш осонроқ, деган фикрда.

- Агар қараб чиқилса, жуда кўпчилик айнан шундай хунук моддалар билан қамалмоқда. Бу дунё жамоатчилиги олдида ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларини "аферист", "товламачи" дея кўрсатиш учун қилинмоқда. Бугунги кунда уларнинг ҳеч қайсиниси амнистияга тушмаётганлиги бу ишларнинг аслида ҳаммаси "заказной" эканлигини билдиради, - дейди Дилором Исҳоқова.
XS
SM
MD
LG