Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:13

Владимир Норов Прагага келди


Владимир Норов.
Владимир Норов.

Ўзбекистон Ташқи ишлари вазири ўринбосари Владимир Норов Прагада Чехия ҳукумати расмийлари билан музокаралар ўтказди.


Тошкентдаги Чехия элчихонаси биринчи котиби Роман Масарикнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов Чехия ҳукумати расмийлари билан музокаралар чоғида бир қатор иқтисодий-сиёсий масалалар билан бирга Тошкентда иш бошлаётган Европа Иттифоқи ваколатхонасига оид масалаларни ҳам муҳокама қилган.

- Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари жаноб Норов 27 май куни Прагада Чехияда бўлди ва (унинг ташрифи чоғида), жумладан, ташқи ишлар вазирлигида кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳар йили бўладиган сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдагисидир. Кун тартибига бир қатор масалалар қўйилган ва асосий масалалардан бири иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган,- деди Роман Масарик.

Шунингдек, жаноб Масарик 23 майдан эътиборан Тошкентда иш бошлаган Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат масалалари бўйича идораси сиёсий дипломати Ондржей Шимек фаолиятига оид маълумотларга ҳам ойдинлик киритиб ўтди.

- Ҳозир Тошкентда ваколатхонага раҳбарлик қилаётган Ондржей Шимек вақтинчалик муддатга тайинланган ишончли вакилдир. Лекин кейинчалик элчи тайинланади ва ҳозир элчиликка номзодлар кўрилмоқда. Элчини тайинлаш бир мунча муддат талаб қилиши мумкин. Унга қадар жаноб Шимек ваколатхонани бошқариб туради,- деди Роман Масарик.

Чех дипломатига кўра, жаноб Шимекнинг хизмат вазифасига ваколатхона фаолияти учун зарур нарсаларни тайёрлаш, ваколатхона учун қароргоҳ топиш ва ваколатхонани акрредитациядан ўтказиш киради.

Роман Масарик ЕИ ваколатхонасининг аккредитация олишига катта ишонч билдирди.

- Умид қиламизки, ваколатхонага аккредитация берилади. Чунки, Ўзбекистонда ЕИ ваколатхонаси бўлишидан Ўзбекистон ҳукумати ҳам манфаатдор ва ҳозир алоқалар жуда яхши,- деди Тошкентдаги Чехия элчихонаси биринчи котиби Роман Масарик.

ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилиш маросимининг эса жорий йилда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Владимир Норов Чехияга келишидан аввал Германияда бўлиб немис расмийлари билан музокара қилган эди.

Бу музокаралар чоғида немис расмийлари Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш бўйича сезиларли чоралар кўрмаётгани масаласини кўтармаганидан Германия парламентидаги баъзи фракциялар таассуф билдирди.

Бир кун аввал эса, Норовнинг ташрифи давомида Берлиндаги Ўзбекистон элчихонаси олдида Ўзбекистонда 10 йилга қамалган журналист Солижон Абдураҳмонов ҳимоясига ўтказилган норозилик тадбири ўзбек дипломатлари ғашига теккани боис, дипломатик миссия ходимлари полиция чақирган эди.
XS
SM
MD
LG