Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:45

Тожикистонда энг баланд байроқ ўрнатилди


Тожикистоннинг узунлиги 60 метр, эни 30 метрли байроғи 25 май куни 165 метр баландликдаги устунга тикилди.


Душанбе шаҳрининг қоқ ўртасида ҳилпираётган миллий байроқ шаҳарнинг ҳар бурчагидан кўзга ташланади.

Тожик расмийлари мамлакат мустақиллигининг йигирма йиллиги муносабати билан президент саройларидан бирига яқин жойда ўрнатилган устун дунёда ягона эканини фаҳрланиб айтмоқдалар.

Маълумотларга кўра, яна шундай баланд устун Озарбайжонда бўлиб, унинг баландлиги 162 метрни ташкил қилади.

Айрим тожикистонликлар бундай байроқ устуни фақат уларнинг диёрида борлигидан фахрланиб гапирмоқдалар.

- Қараб турсанг, кўз қувонади, худди байроғимизни дунё томоша қилаётгандек. Бу устун Душанбе шаҳрининг ҳуснига ҳусн қўшгандек назаримда, - дейди душанбелик суҳбатдошимиз Марғубахон.

Байроқ устунини қуришга 2010 йил ноябрида киришилган эди. Уни қурган “Алюминбинокор” ва “Trident Support” хорижий ширкати масъуллари бу устунга сарфланган маблағ миқдорини эълон қилишдан тийилмоқда.

Аммо Eurasianet.org сайтининг ўз манбасига таяниб ёзишича, бу лойиҳа учун 32 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган.

Тожикистон парламенти юқори палатасида Коммунистик партиядан вакил Исмоил Талбаков байроқ кенглиги ва узунлиги билан одамлар қалбида миллий қадриятлардан фахрланиш ҳиссини кучайтиради, деган фикрда.

- Ҳар ҳолда тожикистонликлар америкалик ва германияликлар сингари миллий байроқни ҳурмат қилишга одатланмаган бўлсалар-да, бундай катта байроқ кўрувчини бефарқ қолдирмайди. Америкаликлар ҳар тонгда уйидан чиқишдан аввал миллий байроғига таъзим бажо келтиришини кўпчилик билади. Биз эса бошқа йўлни тутдик. Ҳар эрталаб ўз иши ва ташвиши билан кўчага чиққан юртдошларимизнинг кўзи дунёдаги энг баланд байроқ устунига тушгач, байроғимизга бўлган муҳаббати ошади, - дейди депутат Талбаков.

Аснода мамлакатда нарх-навонинг уч, баъзи ҳудудларида эса тўрт бараваргача қимматлашиб, жамиятда ижтимоий портлаш таҳдидларини кучаяётгани бир пайтда пойтахт Душанбеда осмонўпар байроқ устуни ўрнатилгани кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, мустақил таҳлилчи Нурали Давлатов Тожикистонда байроқ ўрнатишдан кўра муҳимроқ ишлар тўлиб ётибди, деган мулоҳазада.

- Менимча, бу бир манманлик. Озиқ-овқат маҳсулотларининг 60 фоиздан кўпроғи ташқаридан импорт қилинади. Фуқаролар ижтимоий аҳволи жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган. Бунча катта сарфу ҳаражат билан устун ўрнатиш ўрнига давлат шу пулни фуқаролар ижтимоий шароитини яхшилашга сарфлаши зарур эди, - дейди Нурали Давлатов.

Икки йилдан буён тожикистонликларга озиқ-овқат заҳира қилиш зарурлигини таъкидлаб келаётган мамлакат президенти Имомали Раҳмон ватандошларига миллий қадриятларни эъзозлаш, миллий байроқ ва давлат нишонини ҳурмат қилишни ҳам тавсия қилиб келади.

Тожикистон миллий байроғи 1992 йил 24 ноябрида Тожикистон Олий кенгаши томонидан қабул қилинган бўлиб, у қизил, оқ ва яшил ранглар ҳамда тож ва етти юлдуздан иборат. Бу ранглар озодлик учун кураш, мустақиллик, бахту иқбол, тинчлик ва барқарорлик ҳамда мамлакат ободончилиги учун саъй-ҳаракат маъносини англатиши айтилади.

Тожикистонликлар 2009 йилдан буён ҳар йили 24 ноябр куни Миллий байроқ кунини нишонлайди. Лекин Озарбайжондан фарқли ўлароқ ўша кун тожикистонликлар учун дам олиш куни, деб эълон қилинмаган.
XS
SM
MD
LG