Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:24

Дарко Младич: Қатлиомга отамнинг дахли йўқ


Дарко Младич Белграддаги махсус суд олдида мухбирлар саволларига жавоб бермоқда, 2011 йил 27 май
Дарко Младич Белграддаги махсус суд олдида мухбирлар саволларига жавоб бермоқда, 2011 йил 27 май

Серб генерали Ратко Младичнинг ўғли 1995 йили Сребренницада содир этилган қатлиомга отасининг алоқадорлиги бўйича даъвони рад этди.

Дарко Младич Сербия пойтахти Белград шаҳридаги қамоқхонада уруш жиноятларида гумонланиб сақланаётган отасини кўриб чиққанидан кейин 29 май куни ана шундай баёнот берди.

Ҳозир Ратко Младичнинг уруш жиноятлари бўйича Ҳаага шаҳридаги БМТ трибуналига жўнатилиши кутилмоқда.

Айни пайтда генерал Ратко Младичнинг адвокати қамоқхонада уни кўриб чиққанидан сўнг ўз ҳимояси остидаги Младичнинг аҳволини “ташвишланарли” дея баҳолади. Адвокат Младичнинг соғлигини қайта текширувдан ўтказиш кераклиги ҳақида ариза ёзганини қўшимча қилди.

69 ёшли Ратко Младич Сребренница шаҳрида камида етти минг одам қатлиом этилишини уюштирганликда, шунингдек, 1992 – 1995 йилги Босния урушида уруш жиноятлари содир этганликда айбланган.

Эктремистик ташкилотларга алоқадор бўлган юзлаб одам Сербия пойтахти Белградда 16 йилдан бери яшириниб юрган Ратко Младич қўлга олинганига норозилик билдириб, якшанба куни Белградда намойишга чиқди.

Сербиядаги радикал партия фаоли Слободан Бозич Рейтерс ахборот агентлиги мухбирига намойишга чиққани сабабини шундай изоҳлади:

- Ратко Младич серб миллати ҳарбий қўмондони. Унинг ҳибсга олингани серб халқи ва давлатимиз учун шармандалик. У серб халқининг қаҳрамони. У миллатимизни ҳимоя қилди. Шу боис ҳаммамиз кўчага чиқиб, уни қўллаб-қувватлашимизни намойиш қилишимиз керак, - деди серб миллатчиларидан бири Слободан Бозич.

29 май кунги намойиш бошланишидан олдин Сербия ҳукумати пойтахтда хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Шанба куни Сербия президенти Борис Тадич босниялик серблар собиқ қўмондони Радко Младичнинг сўнгги 16 йил мобайнида яшриниб юришига ким ёрдам берган бўлса, жавобгарликка тортилишини айтди.

Тадич собиқ генерал давлат тизимидаги айрим амалдорлар ёрдамига таянган бўлиши эҳтимолини ҳам истисно қилмади.

Сербия пойтахти Белградда яшаб келган Младич 2001 йилда Югославиянинг собиқ президенти Слободан Милошевич ҳибсга олинганидан сўнгғойиб бўлганди.

2008 йилда Босния сербларининг собиқ раҳбари Радован Каражич ҳам ҳибсга олинган ва ўшандан буён Ратко Младич уруш жиноятларида гумонланмиш энг асосий шахсга айланган.

Унинг ҳибсга олиниши Сербиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун Белград ҳукуматига қўйилган асосий талаблардан эди.
XS
SM
MD
LG