Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:23

Хўжандлик Ленин манзилини алмаштирди


Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Марказий Осиёдаги энг баланд Ленин ҳайкали кўчирилди.

Хўжанд шаҳри расмийлари қарорига кўра, шаҳарнинг ўнг соҳилида жойлашган бу ҳайкал ўрнини Сомоний ҳайкали ва фавворалар комплекси эгаллайди, айни пайтда Ленин ҳайкали Хўжанддаги Ғалаба боғида ўрнатилади.

Умумий баландлиги 36 метр бўлган бу ҳайкал олдида маҳаллий коммунистлар ҳали-ҳанузгача ўз партияларига аъзоларни қабул қилиб келадилар. Улар Октябр революцияси ва Владимир Лениннинг туғилган кунларини ҳам ўша ерда нишонлайдилар.

Тожикистон Коммунистик партияси Сўғд вилояти бўлими котиби Ғуфрон Рустамовнинг айтишича, Ленин ҳайкали вилоятдаги тарихий ёдгорликлар рўйхатига киритилган.

- Айни пайтда Хўжанд шаҳар ҳукумати қонунга зид қарор чиқарган. Зеро, Ленин ҳайкали тарихий обида ҳисобланади. Агар ҳайкални олиб ташлаш керак бўлса, буни халқдан сўраш керак эди, сўров ўтказиш керак эди. Лекин биз барибир мақсадимизга эришдик. Доҳий ҳайкали Ғалаба боғида ўрнатилади, - дейди коммунист Ғуфрон Рустамов.

Хўжанд шаҳар ҳукумати меъморчилик бўлими ходимлари Ленин ҳайкалининг кўчирилишини унинг замона талабларига жавоб бера олмай қолгани билан изоҳламоқдалар.

- Тожикистонда халқимиз тарихини, удумларини тиклашга қаратилган тадбирлар давом этмоқда. Мана шуларни ҳисобга олиб, Ленин ҳайкали ўрнида Сомоний хайкали ўрнатилади, фавворалар мажмуаси ҳамда боғ ташкил этилади. Чунки аждодларимиз яшаган даврда айнан боғу роғлар ва фавворалар жуда кўп бўлган, - дейди меъморчилик бўлими мудири Олимжон Ҳайдаров.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси Сўғд вилояти бўлими вакили Салоҳиддин Ҳусейнзода ҳам бугунги кунда Тожикистонда ижтимоий қадриятлар ўзгарганини қайд этаркан, Ленин ҳайкали кўчирилишини ўринли, деб ҳисоблашини айтади.

- Менинг фикримча, шунинг учун ҳам эндиликда мамлакатимиздаги бу ҳайкал ва ҳайкалчаларнинг жойи тарих музейларида. Чунки бизнинг ёш авлод бу ҳайкаллар тўғрисида тасаввурга ҳам эга эмас. Уларнинг зарурати йўқ, - дейди Салоҳиддин Хусейнзода.

Жамиятшунос Жамолиддин Саидов фикрича эса, Лениннинг ҳайкалларини йўқотмаслик ва кўчирмаслик керак.

- Тарихий шахсларнинг жамиятнинг ривожланишида ўз ўрни ва аҳамияти бор. Ҳайкал ҳеч кимдан нон сўрамайди. Ленин ҳайкалини олиб ташлаш қарори нотўғри, деб ҳисоблайман. Чунки Ленин тарихда буюк инсон эканлигини исбот қилди, жамиятни тубдан ўзгартирди. Оддий мисол, камбағалларга давлатдорлик нима эканлигини, турмушни яхшилаш нимадан иборат эканлигини исботлаб берган, - дейди Жамолиддин Саидов.

Тожикистонда Ленин ҳайкалларидан ташқари, Сталин ва бошқа коммунист раҳбарлар ҳайкаллари деярли ҳамма туман ва вилоятларда сақланиб қолган. Жумладан, Конибодом туманидаги Энажон Бойматова деҳқон хўжалигида Сталин ҳайкали ва музейи мавжуд.
XS
SM
MD
LG