Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:31

Ходорковский Страссбург судида ютиб чиқди


Инсон ҳуқуқлари бўйича суднинг қарори Михаил Ходорковский учун ютуқ ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича суднинг қарори Михаил Ходорковский учун ютуқ ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 31 май куни “Ходорковский Россияга қарши” деб ном олган иш юзасидан ҳукм чиқарди. Михаил Ходорковский ўзининг Россия расмийлари томонидан ҳибсга олиниши юзасидан берган шикоят аризаси қисман қондирилди. Европа суди қарорига кўра, Россия собиқ олигархга маънавий зарарни қоплаш учун товон пули тўлаши керак бўлади.


Страссбург суди 31 май куни 5829/04 сонли “Ходорковский Россияга қарши” номли иш бўйича чиқарган ҳукмда Россия расмийлари собиқ нефт магнати Михаил Ходорковскийнинг ҳуқуқларини бузгани эътироф этилди, лекин унинг сиёсий мотивлар билан ҳибсга олингани ҳақидаги иддаолар рад қилинди.

Бир пайтлар Россиянинг энг бадавлат кишиси бўлган Ходорковский 2003 йилда ҳибсга олинган ва ўшанда кўпчилик буни олигархнинг сиёсий амбициялари ва собиқ президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлгани билан боғлашган.

Ходорковский ва унинг бизнес ҳамкори МЕНАТЕП банки хўжайини Платон Лебедев солиқдан бўйин товлаганлик ва товламачиликда айбланиб, қамоққа ҳукм қилинган эди ва ўтган декабрда ўтказилган иккинчи судловда уларнинг қамоқ жазолари узайтирлди. Ўтган ҳафта ўтказилган аппеляция маҳкамаси икки маҳкумнинг 14 йиллик қамоқ жазоларини бир йилданга қисқартириб берди.

Иккала тадбиркор шу пайтгача ўзларига нисбатан илгари сурилаётган айбловларни инкор қилиб келмоқда.

Франциянинг Страссбург шаҳрида жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди сешанба куни чиқарган қарори билан Россия ҳукуматига Ходорковскийга 24 минг евро (35 минг АҚШ доллари) миқдорида товон пули тўлаш масълиятини юклади. Бу маблағ бизнесменнинг судга сарфлаган ҳаражатлари ва маънавий зарар, жумладан “абгор” ва “таҳқиромуз” шароитда сақлангани билан боғлиқ зарарни қоплаш мақсадида белгиланди.

Ходорковскийнинг биринчи судига доир шикоят аризаси билан боғлиқ ҳукмда, унинг ҳибсга олиниши ноқонуний бўлгани айтилади.

Ходорковский дастлаб судга гувоҳ сифатида келмагани важидан ҳибсга олинган эди. Лекин, дейилади Страссбург суди ҳукмида, тергвочиларнинг тез орада Ходорковскийга янги айбловларни қўйганидан, уларнинг “воқеанинг бундай ривожига шай турганлари” ва асл мақсадлари тадбиркорни “қора курсига ўтказиш” бўлганига ишора қилади.

Европа суди шунингдек, Россия расмийларининг Ходорковскийни тергов олди жараёнлари давомида ҳибсда қолиш муддатини икки марта қонунга ҳилоф равишда узайтирганини қоралади.

Бироқ, Страссбург суди собиқ нефт магнатининг ўзига нисбатан тергов сиёсий мотивларга асосланганига доир иддаоларини инкор қилди.

“Жаноб Ходорковскийнинг иши Россия расмийларининг уни таъқиб қилишдан кўзлаган асл ниятлари нима бўлгани тўғрисидаги шубҳаларни уйғотса-да, тергов ортида сиёсий мотивлар турганига оид иддаоларни тасдиқлаш учун инкор қилиб бўлмайдиган далиллар талаб этилади, бундай далиллар эса тақдим қилинмади”, дейилади инсон ҳуқуқлари бўйича суд ҳукмида.

Россиялик таниқли ҳуқуқ фаоли Людмила Алексеева Страссбург суди Ходорковский устидан судловларнинг сиёсий эканини тан олмаганидан хафсаласи пир бўлганини таъкидлади.

Бу ҳукмдан бир неча кун аввал Аменсти Интернейшнл халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ходорковский ва Лебедевни сиёсий маҳбуслар, дея эътироф этган эди. Бу хулоса бизнесменлар устидан ўтказилган иккинчи судловга асосланиб чиқарилди.

Бироқ Ходорковскийнинг адвокатлари Европа суди чиқарган ҳукм ҳақида некбин фикрда. Улардан бири Давид Панник сешанба кунги брифингда жумладан бундай деди:

- Суд, хоҳ у Страссбург суди бўлсин, хоҳ АҚШ Олий суди ёки бошқи бир мамлакат миллий суди бўлсин, инсон ҳуқуқлари жиддий тарзда бузилгани ҳақида ҳукм чиқарара экан, бу шикоят қилаётган шахс учун ютуқдир ва ҳукумат учун мағлубиятдир. Бунда ҳукуматнинг ёмон ниятда буни амалга оширганини аниқлашнинг аҳамияти катта эмас, деди адвокат Панник.

31 май кунги ҳукм терговчилар Ходорковский ишини қайтадан кўриб чиқади дегани эмас. 2007 йилда Европа суди Платон Лебедевнинг ҳибсга олиниши ҳам ноқонуний бўлгани тўғрисида ҳукм қилган эди, лекин конкрет айбловларни илгари сурмаган эди.

Шунга қарамай сешанба кунги қарор собиқ нефт магнати Михаил Ходорковский учун ютуқ ҳисобланади ва унинг шартли равишда муддатидан аввал озодликка чиқаришни сўраб берган аризаси қондирилишига умид беради.

30 май куни унинг адвокатлари Ходорковский ва Лебедев бундай ариза билан расмийларга мурожаат қилганини маълум қилди. Иккала бизнесменга қўйилган айбловлар бўйича улар қамоқ жазосининг яримини ўтаб бўлган ҳолда муддатидан аввал озодликка чиқиш ҳуқуқига эга.

Собиқ президент, ҳозирда Россия Бош вазири Владимир Путин Ходорковскийга янги айбловлар қўйилиши мумкинлигига шаъма қилган бўлса-да, президент Дмитрий Медведев шу ой бошида Ходорковский озод қилинса, “жамиятга мутлақо хавфи йўқ”, дея баён қилди.
XS
SM
MD
LG