Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:19

E. Coli Европа Иттифоқи сиёсатчиларини ўйлантирмоқда.


E. Coli бактериясининг заҳарли кўринишидан чиққан касалликдан шу пайтгача 22 киши нобуд бўлди.
E. Coli бактериясининг заҳарли кўринишидан чиққан касалликдан шу пайтгача 22 киши нобуд бўлди.

Сешанба куни Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги вазирлари Люксембургда фавқулодда мажлис ўтказиб E. coli бактериясининг одам учун хавли бўлган формаси иттифоқнинг қатор давлатларига тарқалиши оқибатида мева ва сабзавот етиштириш соҳасига етказилган зарарни муҳокама қилди. Ҳозиргача бактерия 2300 дан ортиқ одамга юқиб, 22 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Қурбонларнинг 21 нафари Германияда қайд этилди. Айни пайтда Европа Иттифоқи соғлиқни сақлаш бўйича комиссари Жон Далли иттифоқнинг озиқ-овқат хавфсизлигига оид огоҳлантирув тизими қайта кўриб чиқилишини айтмоқда.


Расмийларга кўра, Люксембургдаги фавқулодда мажлисда Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги вазирлари E. coli бактериясининг одам учун хавли кўриниши Германияда тарқалганидан бери мева-сабзавот етиштирувчи ширкатларга етказилган зарарни қоплаш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Германия расмийлари дастлаб бактерия ўчоғи Испанияда етиштирилган бодрингда эканини айтишди. Кейинчалик эса, бунга оид бошқа маълумотларни тарқатгани истеъмолчилар орасида саросимага сабаб бўлди ҳамда Испания, Ҳолландия, Германия ва Белгия каби мамлакатлардаги фермер ширкатларининг маҳсулотлари туриб қолди.

Бундан ташқари Россиянинг Европа Иттифоқида етиштирилган мева-сабзавотлар импортига таъқиқ жорий қилгани европалик фермерлар кўрган зарарни янада кўпайтирди.

Европа Иттифоқи соғлиқни сақлаш бўйича комиссари Жон Далли Германия расмийларининг хавли бактерия ўчоғи ҳақида шошма-шошарлик билан хулоса чиқарганини танқид қилиб, иттифоқнинг озиқ-овқат хавфсизлигига оид огоҳлантирув тизими қайта кўриб чиқилиши лозимлигини таъкидлади.

7 июн куни Страссбургда Европарламентда қилган чиқишида Далли жумладан бундай деди:

- Давлат идоралари инфекция ўчоғи ҳақида шошма-шошарлик қилиб, бактериологик таҳлилга асосланмаган ахборот тарқатмасликлари ўта муҳимдир. Чунки бу бутун Европа бўйлаб аҳоли орасида асоссиз ваҳимага сабаб бўлади ва Европа Иттифоқи ҳамда унинг ташқарисида ўз маҳсулотларини сотадиган озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларига муаммоларни яратади,- деди ЕИ расмийси.

E. Coli, яъни эшерихия таёқчалари аслида ҳар бир одамнинг ошқозон-ичак тизимида бўлади ва овқат хазм қилишда муҳим аҳамият касб этади.

E. Coli бактериясининг Германияда қайд этилган ва эпидемияни келтириб чиқарган заҳарли формаси ҳақида тингловчиларимизга тушунтириб беришни илтимос қилиб ўзбекистонлик эпидемиолог олим Маъруфжон Мадаминовга мурожаат қилди.

Эшерихия коли (E. Coli) бу ичак бактериялари микроблари оиласига мансуб бўлиб, одатда ичак таëқчаси деб юритилади. Бу одатда одамнинг ва бошқа иссиқ қонли ҳайвонларнинг ичагида доимий яшайдиган микроблар ҳисобланади. Булар умуман олганда бутун шу оила шартли равишда касаллик чақирадиган микроблар ҳисобланади. Лекин уларнинг ичида касаллик чақирадиган турлари ҳам бўлади. Масалан уларда ҳозирги фанда маълум бўлган туларидан энтрапатогенли ичак таëқчалари деймиз, энтраинвазив ичак таëқчалари ва энтрагоморифик ичак таëқчалари бор. Булар ҳар хил тусдаги ошқозон, ичак фаолияти бузилиши билан боғлиқ бўлган касалликларни чақириши мумкин. Мана кейинги пайтда Европада бўлаëтган ҳолат бўйича боғлайдиган бўлсак, менимча одат тусига кириб бораëтган кимëвий ўғитларнинг ўрнига органик ўғитлар – гўнг ва шунга ўхшаган ўғитлар билан ўғитланаëтган пайтда у ерда ўстирилаëтган сабзавотларга юққан бўлиши мумкин деган тахмин қилишимиз мумкин.

Маъруфжон Мадаминов Озодлик билан суҳбат воситасида тингловчиларимизга ёз ойларида кўп кузатиладиган ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш учун оддий гигиена қоидаларига амал қилиш лозимлигини эслатди.

- Бутун шу микроб юқадиган бўлса, оғизга нима тушадиган бўлса, шу билан юқади. Бу сув бўлиши мумкин, озиқ-овқат маҳсулотлари бўлиши мумкин. Ўшаларнинг тозалигига, сифати кафолатланганлигини истеъмол қилишга риоя қилиш керак. Бу биринчиси. Иккинчиси, овқат тоза бўладиган бўлса ҳам агар қўл ифлос бўладиган бўлса, қўл орқали овқатга ўтиб, овқатдан ошқозон ичак йўлига ўтиши мумкин. Шунинг учун шахсий гигиена, қўл ювиш қоидаларига риоя қилиш мумкин. Болалардан буларни доимий равишда талаб қилиш бориш керак, доим уларни ўқитиб бориш керак, лекин болалар ерга тушган нарсани ҳам олиб еявериши мумкин, болаларнинг устидан назорат, уларни ўқитиш, одат тусига киритиш ҳар куни қилиб юрадиган нарсаларимизни, кейин болаларимизга берадиган овқат сифати устидан назоратни яхши қилиш керак. Қайнатилмаган, ювилмаган, тозаланмаган, тозалигига ишонч ҳосил қилинмаган овқатлардан болаларни тийишга ҳаракат қилиш керак. Бу ерда катта бир ихтиро қилиш керак эмас. Одатда қилиб юрадиган элементар қоидалар холос. Бу ерда катта нарсаларнинг ҳожати йўқ.

Европадаги эпидемия май ойида Германиянинг Ҳамбург шаҳрида бошланганидан бери E. coli бактериясининг хавли формасидан 22 киши нобуд бўлди. Уларнинг 21 нафари Германияда қайд этилди. Инфекцияни юқтириб олганлар сони 2300 дан ортди. Уни юқтриганларнинг аксари ўтган ойда Ҳамбургда бўлиб қайтгани айтилмоқда.

Германиялик эпидемиологлар инфекциянинг ўчоғи ҳамон ноаниқ қолаётганини айтмоқда. Бир кун аввал касаллик манбаси Германия шимолида етиштириладиган брюссел-карамида экани гумон қилинган эди, лекин ўтказилган таҳлил натижасида карамда E. Coli бактериясининг заҳрли штамми топилмади.
XS
SM
MD
LG