Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:42

Ўзбеклар адолат топа олмади


Қирғизистон ҳукумати Ўш қирғини ва ундан кейинги воқеалар учун ҳеч қандай масъулият ҳис қилаётгани йўқ, дейилади ҲРУ ҳисоботида.
Қирғизистон ҳукумати Ўш қирғини ва ундан кейинги воқеалар учун ҳеч қандай масъулият ҳис қилаётгани йўқ, дейилади ҲРУ ҳисоботида.

Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотлари Ўш воқеаларининг бир йиллиги арафасида эълон қилган ҳисоботларида Қирғизистон расмийларини фожиа оқибатларини тегишли тарзда бартараф этмаётганликда танқид қилди.


Бишкекда 8 июн куни эълон қилинган ҳисоботларнинг иккаласида ғарблик тадқиқотчилар, жумладан, Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаева сўровига кўра тузилган комиссия 2010 йил июн ойида рўй берган тўқнашувлар қурбонлар ва азият чекканларнинг аксар кўпчилиги ўзбеклар бўлганини хулоса қилгани яна бир бор таъкидланади.

"Бироқ, Қирғизистон ҳукумати воқеаларда асосан ўзбеклар азият чекканини эътироф этмади ва судлов жараёнларини "қирғизлар қурбон бўлган" деган фикрга йўналтириб ҳамда вужудга келган бўҳронни ўзбеклар жамоасига қарши таъқибларни амалга ошириш мақсадида ишлатиб, муаммони янада кескинлаштирди", дейилади Халқаро Амнистия ва ҲРУ ҳисоботларида.

“Адолат ҳамон қарор топмади”


Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси ва “Адолат ҳамон қарор топмади” номли ҳисобот муаллифи Мэйси Уайшердинг “ўтказилган судловларда ўзбекларга нисбатан ўтакетган нохолислик кузатилгани мамлакат жанубида икки этник гуруҳ ўртасидаги муносабатларни янада ёмонлаштирди”, дея хулоса қилди.

Унинг фикрича, бу вазиятда, айниқса, мамлакатда президентлик сайловлари каби миллатчилик руҳидаги чиқишлар кучаядиган сиёсий мавсум яқинлашаётган бир пайтда янги зўравонликлар эҳтимоли сақланиб қолади.

- Агар қурбонлар адолатни топа олмаса - афтидан, жиноятни содир этганлар мутлақо жазосиз қоладиганга ўхшайди - айниқса, президентлик сайловларидан аввал миллатчилик руҳидаги ташвиқот давом этадиган бўлса, "яна зўравонликлар рўй беради" дейишга ҳар қандай асос борлигини айтишимиз мумкин, менимча. Балки бу сафар Ўшда эмас, бошқа жойда бўлиши мумкин. Лекин, менимча, янги зўравонликлар рўй бериши эҳтимоллари жуда юқоридир,- дейди Уайшердинг.

“Бузуқ адолат”


Ҳюман райтс уотч ташкилоти Ўш қирғинидан кейин бир неча ой давомида ўтказган текшируви натижасида эълон қилган “Бузуқ адолат” номли ҳисоботида "мамлакат сиёсий ва маъмурий тизимларида ўзбекларнинг йўқлиги мутлоқ жазосизлик кайфиятини яратди", дея хулоса қилади.

"Расмийлар ҳисбга олинганларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётганига оид хабарлар ҳамда судланувчилар ва уларнинг адвокатларига нисбатан ҳужумларни эътиборсиз қолдирди", дейилади ҲРУ ҳисоботида.

ҲРУнинг Европа бўлими директори Рэйчел Денбер Қирғизистон ҳукуматининг хунрезлик учун масъулиятни тан олмаётгани ярашув умидларини пучга чиқармоқда, дейди.

- Ҳукумат 2010 йил июн ойида рўй берган воқеалар ва ундан кейинги ходислар учун ҳеч қандай масъулият ҳис этаётгани йўқ. Зўравонлик ва ундан кейинги жараёнлар пайтида ҳукуматнинг ҳатти-ҳаракатларига оид танқидларга жавобнинг бўлмаганини сўз билан ифодалаш қийин. Менимча ҳукумат бўҳронни баратарф этишда бошқача йўл тутиши лозим бўлганини тан олди, лекин ҳукуматнинг Қирғизистон Халқаро комиссияси (Ўш қирғини юзсаидан мустақил тергов ўтказган халқаро гуруҳ) ҳисоботига жавоби ўта таассуфлидир, аниқроқ айтганда фожиавийдир,- дейди Рэйчел Денбер.

Ўтунбавеа ҳукумати хунрезлик учун ҳеч қандай масъулият ҳис этаётгани йўқ, демоқда халқаро ташкилотлар.
Президент Ўтунбаева ташаббусига кўра тузилган ва унинг мандати бўйича тергов ўтказган Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссия май ойида зўравонликларга оид ҳисоботини эълон қилган ва унда 2010 йил июн ойи хунрезликлари қурбонларининг тўртдан уч қисми ўзбеклар бўлгани ва бўҳронни ҳал этишда ҳукумат йўл қўйган хатоликлар зўравонликларнинг авж олишига оилб келганини аниқ кўрсатиб берган эди.

Табиийки, 2010 йил юин воқеалари халқаро қонунлар бўйича тергов қилинадиган бўлса, Ўш ва Жалолободда инсониятга қарши жиноятлар содир этилгани хулоса қилиниши мумкинлиги таъкидланган ҳисобот Қирғизситон сиёсатчилари томонидан совуқ қарши олинди.

Персона нон-грата


Қирғизистон парламенти ҳисобот хулосаларини инкор қилиб, халқаро тергов комиссиясига раҳбарлик қилган ЕХҲТнинг махсус вакили Киммо Килюненни Қирғизситонда исталмаган шахс, дея эълон қилди. Килюнен қирғиз сиёсатчиларининг бу қароридан ҳайрон қолганини яширмади ҳамда халқаро комиссия терговига ҳисса қўшган ва ҳукумат таъқибига учраётган маҳаллий фаоллар тақдиридан хавотир билдирди.

Қирғизситонда персона нон-грата ва Ўш қирғинини ўрганган халқаро комиссия раҳбари Киммо Килюнен.
- Нима десам экан? Бу каби халқаро терговлар мустақил равишда ўтказилиб, ҳисоботга ҳисса қўшган одамларга нисбатан босим ўтказиладиган бўлса, келгусида бундай жараёнлар қийин кечади. Бу келгуси терговлар учун модел бўладиган бўлса, келажакда бундай терговларни ўтказиш имконсиз бўлиб қолади, дейди ЕХҲТ вакили Килюнен.

Хунрезликнинг бир йиллиги яқинлашар экан, ҳукумат бу санадан ўз танқидчиларига ўзаро ярашувга тайёрлигини намойиш қилиш мақсадида фойдаланишга ҳаракат қилаётгандек.

Бош вазир Алмазбек Атамбаев 6 июн куни Жалолободга келиб, воқеа қурбонлари яқинларига ва кўрилган зарарни қоплаш учун ҳукумат жами 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида товон пули тўлашини эълон қилди. 10 июн куни Ўтунбаева ҳамда ҳукумат ва парламент вакилларидан иборат гуруҳнинг хотира тадбирларида қатнашиш учун Ўшга келиши кутилмоқда.

Лекин Бишкекдаги муҳит танглигича қолмоқда. Ар-Намис партиясидан парламентга сайланган Канибек Иманалиев Озодлик билан суҳбатда ҳукуматни Халқаро комиссия ҳисоботига тегишли муносабат билдирмаганликда айблади.

- Агар парламент ўзингинг сиёсий позициясини ифода эта олмаса, халқаро ҳамжамият Қирғизистонни инсониятга қарши жиноятларда айблайди. БМТ буни геноциддан кейин энг оғир жиноят, деб ҳисоблайди. Бундай айблов асрлар давомида авлодларимиз учун доғ бўлиб қолади,- дейди қирғиз сиёсатчиси.

Ўшда эса, воқеалар бир йиллиги арафасида шаҳар мэри Мелис Мирзақматов хавфсизлик чораларини кучайтириб, шаҳарга киравериш жойларига блок постлар қўйди ва кўчаларга милиция ходимларини тўкиб ташлади. Озодликка берган сўнгги интервьюларидан бирида Мирзақматов ўзбек тадбиркорларини таъқиб қилганига оид ўзига нисбатан ёғдирлаётган танқидларда асос йўқлиги ва миллатидан қатъий назар жиноятчиларнинг йўқ қилиниши тарафдори эканини таъкидлади.

- Менимча, биз миллатидан қатъий назар жиноятчи ва провокаторларни топишимиз креак. Шундан кейин жамиятнинг ёрдами билан тинчликни сақлаб қола оламиз. Ўзингиз кўрнидингиз, агар тўполон бўлса, ҳеч қандай танка, ҳеч қандай БТР, ҳеч қандай куч органлари билан тинчликни сақлаб бўлмаслигини ўзингиз кўрдингиз. Шунинг учун Ўшда тинчликни сақлаб қолиш учун доимо хушёр бўлишимиз зарур ва ўзимизни бўш қўймаслигимиз керак. Энди сизлар ўзбек бизнесменларининг кетиб қолгани ҳақида гапираяпсиз холос. Бу ердан қанчадан қанча қирғизлар кетганини биласизми? Уларга ҳам Мирзақматов ҳужум қилдими, уларни ҳам Мирзақаматов кетказиб юбордими?- дея таъкидлади анчайин агрессив оҳангда Ўш мэри Мелис Мирзақматов.
XS
SM
MD
LG