Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:23

Ўшнинг кўз ёши қачон тўхтайди?


Ичимдаги дардни ёзмасам, ўзимни қўйгани жой тополмаяпман. Мақолаларга, видеоларга кирита олмаган дардларим анчагина.

Ўшда бир ҳафта бўлган эсам-да, хаёлимда бир ой юргандек бўлдим.

Ўшдаги кайфиятни ҳис этмоқчи бўлганлар бугунги кунда ўша шаҳарга боришлари керак экан. Бир йил олдинги Ўш билан бугунги Ўш орасида фарқ катта.

Қонун ким учун?

Бу саволга жавоб ёзмасам ҳам нима демоқчи бўлганимни тушунгандирсиз. Ўшда бугун қонун бир томонлама ишлаяпти. Шаҳарда шу чоққача ҳам ноқонуний ҳибсга олишлар тўхтамаган. Қонун асосида терговчи қабулига чақирув қоғози билан чақириш аллақачондан буён ўзбеклар учун дахлдор бўлмай қолган.

Кўчада кетаётганида, бозорга тушганида, машинаси билан чиққанида бақувват эркаклар томонидан қорнига би-ир уриб олиб кетилаётган ўзбек эркаклари қанча, деб ўйлайсиз?

Новвойлар, такси ҳайдовчилари, оддий ўзбеклару бу миллатга мансуб пулдорроқ одамлар... Уларнинг исталгани исталган пайтда ҳибс қилиниши мумкин.

Уларни ё қотиллик ва бошқа жиноятларда айблашади, ёки улардан пул ундиришади. Камида 500 АҚШ долларидан бошланадиган "ўлпон" "мижоз"нинг чўнтагига қараб бир неча минг долларгача чиқиши мумкин. Қарзга ботганларнинг сони ҳам анчагина. Эрларининг ҳибсга олинишидан чўчиб қолган аёллар уларнинг бу ҳақда журналистларга гапириб беришидан ҳам қўрқишади.

Қийноқларнинг турлари ҳам кўп экан. Бошига кийдирилган сув қоғоз халталарни йиртиб ташлаган йигитлар ҳам Ўшда кўп топилади. Бу қийноқларнинг фақат битта тури, холос.

Расмийлар эса бу ҳақда интервю беришни истамайди. Уч кун кутганим интервюни барибир ололмадим - ҳар сафар расмийлар бирор-бир сабабни рўкач қилишади. "Балки менинг саволларимга жавоби йўқлигидан баҳона топаётгандир?" деб ўйлайман ўзимча.

"Мен дардимни кимга айтаман?"

Бугун ўзбекларни эшитадиган маҳаллий журналистлар деярли қолмаган.

Келадиган хорижий журналистлар уларнинг дардини эшитадиганлар ягона кишилар бўлиб қолган.

Йиғи, алам, изтироб... Эркакларнинг уввос солиб йиғлашини Ўшда кўрдим. Жонидан тўйиб, дардини дастурхон қилганларни ҳам Ўшда учратдим.

Каталакларга сиғмаётган ўшликлар

Икки хонали уйда тиқилиб яшаётган оилаларнинг ҳовлилари қум-тупроқ билан тўлиб кетган. Илгари гулзор бўлган ҳовлиларни кўриб ачиниб кетдим. Бу уйларда газ таъминоти ҳам йўқ. Мана бир йилдирки, ўчоқда овқат пишираетган оилалар ўтин топиш билан овора.

Тинчлик ҳақида

Расмийлар тинчлик ҳақида гапиради. Одамларни дўстликка чақирмоқда. Бундай учрашувлар бугунги Ўшда кўп ўтказилмоқда. Аммо тинчликнинг ўзи борми? Мен билан бирга юрган ҳайдовчини кўз ўнгимда қирғиз миллати вакили ҳеч бир сабабсиз уриб қўйди. Забардаст ўзбек йигити жавоб зарбасини беришдан ўзини тийди. Уйдаги қария отасини ўйлаб, кучи етса ҳам муштлашиб ўтирмади. Уриб қўйса, қамаб қўйишади-да.

Ўшликлар эҳсонларда қатнашаётганлар шаҳар мэрнинг гапини бошни эгиб эшитади. Кимдир истеҳзо билан кулиб қўяди, кимдир тешиб юборгудек қарайди. Дардини айтай деса, қўрқади.

Қарғиш

Ўшни тарк этаётганимда бир ҳайдовчи мени аэропортгача ташлаб қўйди. У киши билан йўл-йўлакай гаплашиб кетдик. Суҳбатимиз яна ўтган йилги қирғин ҳақида бўлди.

Ёши 40 дан ошган ҳамроҳим суҳбат чоғида бир воқеани эслади. Унинг айтишича, қирғиндан сўнг 17 жасадни бир қабрга қўйишган. Ўша пайтда имомлардан бири қарғиш энг сўнгги нуқта эканлигини айтиб, мингга яқин ўзбекнинг қўли дуога очилган пайтда қотилларни қарғаган.

- Раҳматли онам доим мени ҳеч кимни ҳеч қачон қарғамасликка чақирарди. Қарғиш ёмонлигини кексалардан ҳам эшитганман. Агар ислом динидан бохабар имом ўтган йилги қотилликларни кўриб, қарғаган бўлса, ўзингиз хулоса қилаверинг, - деди кўзидан оқаётган шашқатор ёшларни тўхтатолмаган ҳамроҳим.

"Ўшда тинчлик, адолат қачон ўрнатилади?" Бу саволга Ўшдан жавоб топа олмай қайтдим.
XS
SM
MD
LG