Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:24

Ўшлик онахон ўз уйига бора олмаяпти


Ўшдаги аралаш маҳаллаларда яшаган ўзбекларнинг айримлари бир йилдан буён ўз уйларига яқинлаша олмайди.

Ёши 60 га бориб қолган ўшлик онахон ўз исмини ва аниқ манзилини айтишга қўрқади. Ая бир йилдан буён ўз уйига бора олмайди.

- Ҳозиргача ҳар қаерда яшаб юрибмиз. Уйимизга бора олмаймиз. Бир девор қўшним “ўлдираман, ураман, ҳали келишасан-ку” деяпти. Шунга барибир кучимиз етмайди-да. Яна ҳалигиларни чақириб қўйса, улар ҳозир очиқда юришибди. Шунинг учун қўрқиб уйимга бора олмаяпмиз, - дейди ая.

Суҳбатдошимиз тилга олган қўшниси қирғиз миллатига мансуб аёл. “Ҳалигилар” сўзи остида эса ая ўтган йилнинг 15 июн куни унинг уйига кирган қирғиз йигитларини назарда тутмоқда.

- Қўшним томонидаги деворлардан ошиб тушишди. Қўшним уларни чақириб келган экан. Мен ҳайрон бўлиб, ким чақирганлигини тушунмай қолган эдим, - дейди ўшлик аёл.

Суҳбатдошимиз ўзи, қизи ва неваралари тирик қолганини бостириб кирганлар унинг уйидан Ҳаж сафарига атаб тўплаган пулини олганлиги билан боғлайди. Ая уйига бир неча бор бостириб киришганини, охири бошқа бир қирғиз қўшнисининг ертўласида бир неча соат жон сақлашганини ҳам эслади. Бироқ, унинг айтишича, суҳбатдошимиз ва унинг яқинлари бу уйдан кетганларидан кейин ўзбеклар жонини сақлаб қолган қирғиз қўшниси ҳам босқинчилардан калтак еган экан.

Суҳбатдошимиз ўша кунлари унинг уйига ўт қўйилмаганини, бунинг эса ўзига хос сабаблари борлигини айтади:

- Энди ёқиша олмайди-да. Бир тарафимда, орқа томонимда қирғизлар, ўрислар - ёқиша олмайди. Яхши ҳам шундай бўлган экан, - дейди онахон.

Бугун эса суҳбатдошимиз нима қиларини билмайди.

- Нима қилишимга ҳам ақлим етмай қолди. Ёрдам бўлар деб, январгача озиқ-овқат ҳам олмаган эдим. Январдан кейин икки марта озиқ-овқат олдим. Шу билан тирикчилик қилиб турибмиз. Ҳар ким ҳадеб ёрдам беравермайди. 1500 сўмлик нафақам 2 минг сўм бўлиб қолди. Шу билан тирикчилик қилиб турибмиз, - дейди ўшлик ая.

Бир йилдан буён уйига бора олмаётган суҳбатдошимиз шу кунгача қариндошлариникида, таниш-билишларининг уйида яшаб юрган экан. Унинг айтишича, аралаш маҳалладаги уйини сотувга қўйгани билан харидор чиқмаётир.
XS
SM
MD
LG