Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:57

Ўзбекистонда "давлатчилик инқирози" даражаси камайди


Давлат инқирози рейтинги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий мезонлар билан ўлчанади.
Давлат инқирози рейтинги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий мезонлар билан ўлчанади.

АҚШдаги “The Fund for Peace” жамғармаси ва “Foreign Policy” журнали 2011 йилги “Давлатчилик инқирози” рейтингини эълон қилди. Дунёнинг 177 давлатида ҳокимият бошқаруви самардорлиги натижасига қараб тузилган рўйхатда Ўзбекистон бу йил 88,3 балл билан 40-ўринни эгаллаган ва ўтган йилгига нисбатан тўрт поғона яхшироқ натижа кўрсатган. 2010 йилги рўйхатда Ўзбекистон 90,5 балл билан 36-ўринни эгаллаган эди.


Мазкур рейтингда дунё давлатларидаги ҳокимият бошқаруви 12та ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий мезон, жумладан, давлат легитимлиги, демографик аҳвол, номутаносиб ривожланиш, инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик идоралари тизими ва давлат идораларининг ишлаши, ташқи таҳдид ва бошқа мезонларга асосланган ҳолда 1дан 10 баллгача баҳоланган.

2011 йилги рўйхатда Сомали 113,4 балл билан инқирозга учраган давлат сифатида рўйхатнинг биринчи ўрнини эгаллаган. Финляндия барча кўрсаткичлар бўйича 19,7 балл билан бошқарув энг яхши йўлга қўйилган давлат деб тан олинган.

Бу йилги рейтингда Ўзбекистон бу мезонлар бўйича инсон ҳуқуқлари соҳасида энг ёмон кўрсаткичга ва давлат идораларининг ишлаши бўйича энг яхши кўрсаткичга эришган. Бошқа меъзонлар бўйича жиддий ўзгаришлар кузатилмаган.

“The Fund for Peace” жамғармаси (Тинчлик жамғармаси) ва “Foreign Policy” журналининг 2010 йилги “Давлатчилик инқирози” рейтингида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти 6,6 балл деб бахоланган.

Сўнгги бир йил давомида бу соҳада вазият ёмонлашгани боис жорий йилги рейтинда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига 9 балл берилган.

Ўзбекистон Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов фикрича, охирги бир йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланмаган ва бу муаммо мамлакат тараққиётига тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан биридир.

- Инсон ҳуқуқлари масаласига келсак, Ўзбекистонда ҳеч қандай ўзгариш рўй бермаган. Анализ қилинаëтганда олинган критерийлар ҳаммада ҳар хил талқин қилиш мумкин. Масалан, мен учун биринчи ўринда инсон ҳуқуқлари. Рейтингда Ўзбекистонга фақат инсон ҳуқуқлари бўйича 9 балл қўйилган бўлса, бу ҳақиқатга яқин. Чунки Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари умуман поймол қилиниб бўлган. Ўзбекистонда эркин сўзлик йўқ. Агар шу нарса йўқ бўлса, қолган ҳеч нарса минг ҳаракат қилманг, минг қидирманг демак қолган инсон ҳуқуқлари ҳам, ҳаммаси поймол қилинган. Сабаби шу. Бизларни тўхтатиб турган нарса ҳам аслида шу. Давлатнинг ривожланишини тўхтатиб турган нарса ҳам мана шу инсон ҳуқуқлари масаласи,- дейди И.Худойберганов.

“The Fund for Peace” жамғармаси ва “Foreign Policy” журнали“нинг ўтган йилги “Давлатчилик инқирози” рейтингида Ўзбекистон давлат идоралари иши 6,4 балл деб бахоланган. Бу йилги рейтинда давлат идоралари ишига 5,7 балл берилган.

Ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиев сўнгги пайтларда Ўзбекистонда давлат идоралари фаолияти аста-секин яхшиланиб бораётгани ҳақиқатга яқин, деган фикр билдирди.

- Ўзбекистонда бюджетнинг 70 фоизи ижтимойи соҳага йўналтирилаяпти. 70 фоиздан ортиғи. Ижтимоий соҳага йўналтирилган дегани бу транспорт соҳаси, соғлиқни сақлаш, маориф ҳаммаси ўша 70 фоиздан ортиқ ниманинг ичида бор. Мана шундай ҳозир кўчага чиқсангиз, Тошкентни оладиган бўлсак, бошқа вилоятларда ҳам, бекатларда кутмайсиз. Машиналар қайси йўналиш десангиз, кетма-кет келади автобуслар. Эрталаб соат 6дан кечқурун соат 11гача шаҳар транспорти тинимсиз юриб турибди. Бу ҳам Ўзбекистонда давлат идораларида, автокорхоналар ҳаммаси давлат идораларида. Бу бир.

Иккинчидан, касалхоналаримизда, қишлоқ жойларни олсангиз, қишлоқларда тиббий хизмат кўрсатишда ҳар бир қишлоқда тиббий пунктлар бор. Булар энг замонавий оборудованиелар билан таъминланган. Ўзимиз ҳам бир неча қишлоқларга бориб кўрдик. Ҳаммаси фуқароларга намунали хизмат кўрсатаяпти деб ўйлайман. Биз хурсандмиз Тинчлик жамғармаси мана шу нарсаларга эътибор берганига. Энди 20 йил жуда қисқа вақт тарих учун. 20 йилда Худо хоҳласа, Ўзбекистон бундан ҳам катта ривожланишларга эришади. Бошқа соҳаларда ҳам муваффақиятларга эришади деб ўйлайман, шунга ишонаман,- дейди ёзувчи Ё.Хўжамбердиев.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган “The Fund for Peace” жамғармаси мустақил, бетараф, нотижорат тадқиқот маркази ҳисобланади. Ташкилот дунё минтақаларида можаролар олдини олиш, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
XS
SM
MD
LG