Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:32

Ҳолландияда ҳалол гўшт тақиқланиши мумкин


Ҳолландияда ҳозирча ҳалол гўштни сотиб олиш мумкин, лекин бундай дўконлар сақланиб қоладими, деган савол очиқ қоляпти.
Ҳолландияда ҳозирча ҳалол гўштни сотиб олиш мумкин, лекин бундай дўконлар сақланиб қоладими, деган савол очиқ қоляпти.

Жорий ҳафтада Ҳолландия Парламенти ҳайвонларни карахт қилмай туриб, сўйишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа қонун кучига кирса, диний анъаналарига кўра, ҳайвонларни ҳушёрлигида сўядиган мусулмонлар ва яҳудийларга таъсир қилиши мумкин. Қонун тарафдорлари тақиқ ҳайвонларнинг керагидан ортиқ қийналиши олдини олишини айтмоқда. Ҳолландиялик мусулмон ва яҳудийлар жамоалари эса, мазкур қарор диний озчиликларни яккалаб қўйишга қаратилганидан огоҳлантирмоқда.


Ҳайвонлар ҳуқуқлари диний эркинликлардан устун келиши керакми? Ҳолландиядаги мусулмон ва яҳудийлар яқин орада бу савол жавобини билиб оладиган кўринади.

Мамлакат яҳудий ва мусулмон жамоалари ғайриодатий бирдамлик билан Ҳолландия Парламентининг ҳайвонларни диний анъаналарга кўра сўйишни тақиқловчи қонунни маъқуллаганини қораламоқда.

Парламент муҳокамасидан ўтган қонун лойиҳасида ҳайвонларни карахт қилмасдан туриб, сўйишни тақиқлаш кўзда тутилган. Бу эса мусулмонлар ва яҳудийларнинг динида сўйилаётган ҳайвон ҳушёр бўлиши талаб қилинадиган исм-расмга зиддир.

Қонунни ёқлаб чиқаётганлар мазкур қонун ҳайвонларнинг керагидан ортиқ қийналиши ва оғриқдан ҳимоя қилади, демоқда. Ҳолландиялик яҳудий ва мусулмонлар агар бундай қонун қабул қилинса, диний озчиликлар яккаланиб қолишидан огоҳлантирмоқда.

Ҳолландиянинг 16 миллион аҳолисидан бир миллиондан ортиғи мусулмонлардир, яҳудий жамоаси 50 минг кишини ташкил қилади.

Мусулмон исм-расмларга кўра гўшт ҳалол, ёки яҳудийларга кошер бўлиши учун мол ёки қўй сўйилаётганда бўйндан ўткир пичоқ тортилиб, қон чиқарилиши керак.

Қонун кучига кириши учун Ҳолландия Сенати ҳам тасдиқлаши лозим бўлган лойиҳада диний гуруҳлар ҳайвонларни сўйиш усуллари уларни карахт қилишдан кўра оғриқсизроқ эканини исботлай олса, қонундан истисно олишларига изн берилган.

Европадаги етакчи яҳудийлар гуруҳлари ҳисобланадиган Европа Яҳудийлар конгресси ва Европа Раввинлари конференцияси қонуннинг қабул қилинишига қарши чиқишларини эълон қилди.

Яҳудийлар конгресси мазкур “қонун камситувчи” хусусиятга эга, деган бўлса, раввинлар кенгаши раиси Пинхас Голдсмит “Қонун яҳудийларнинг Ҳолландияда исталмаган дин вакилларига айланганини англатади. Бундай ҳолат 60 йилдан бери биринчи марта юз бермоқда”, дея баён қилди.

Ҳолландиядаги яҳудиялар жамоаси етакчилари қоннуни Иккинчи Жаҳон уруши пайтида нацист Германиясининг кошер гўшти дўконларини ёпгани билан таққослади.

Мусулмон жамоалари ҳам қонун лойиҳасини ўз диний анъаналарига ҳужум, дея қоралади.

Парламент қонун лойиҳасини маъқуллашидан бир неча кун аввал Амстердамдаги суд мусулмонларга нисбатан адоват қўзғаганлик ва уларни камситганликда айбланган популист сиёсатчи Геерт Вилдерсни оқлаган эди.

Ультра-ўнгчи Вилдерс ўзининг Исломга қарши баёнотлари ва мусулмонларни Ҳолландия маданиятига таҳдид, қабилидаги чиқишлари билан танилган.

Асмтердам Университетининг профессори асли эронлик Тураж Атабакий “Ҳолландиядаги кўплаб мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари ҳайвонларни диний одатларга кўра сўйишни тақиқлаш мусулмонларга қарши қаратилгани, аслида бу ерда аксил-мусулмон кайфият кучаётганини англатишини билади”, дейди.

- Бу қонуннинг нишони кейинги йилларда Европа мамлакатларида сони мунтазам ошиб бораётган мусулмон жамоалари экани кўриниб турибди. Улар ўзларининг исломий қадриятларини, жумладан кйиниш қоидаларини сақлаб қолди. Ва улар одатда жамиятнинг қолган қисмидан масофани сақлаган ҳолда, ўзларининг жамоалари ичида яшаб келмоқда. Бу эса исломий гуруҳлар ва жамоаларга босимни кучайтириш кетига тушган ультра-ўнгчи сиёсатчиларни ташвишга солмоқда. Франция ва Австрияда рўй берган кейинги воқеалар бунинг тасдиғидир, дейди профессор Атабакий.

Қонун лойиҳаси ташаббусчилари эса ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳирмоя қилишдан ўзга мақсадларни кўзламаётганини иддао қилишмоқда.

Ҳолландия Парламенти депутати Жониворлар партияси етакчиси Мариан Тим 2008 йилдан бери мазкур қонуннинг қабул қилиниши учун ҳаракат қиляпмиз, дейди.

Озодлик билан суҳбатда депутат “мамлакатимизда ҳайвонлар ҳуқуқларининг таъминланиши катта муаммодир, шунинг учун инсон ёки ҳайвонлар ҳуқуқи бошланадиган жойда, диний эркинликлар тугаши лозим, деб ҳисоблаймиз”, дея таъкидлади.

- Агар диний эркинликлар бирор киши, одам ёки ҳайвонга зарар келтирадиган бўлса, диний эркинлик чекланиши керак, дейди Мариан Тим.

Унинг айтишича, Ҳолландияда муслумон ва яҳудийлардан ташқари ҳеч ким ҳайвонларни карахт қилмай туриб сўймайди.

“Ҳайвонлар ҳуқуқларини таъминлаш масаласига жиддий ёндашаётганлар сони ошиб бормоқда”, дейди Тим.

Сўровларга кўра, қонуннинг қабул қилинишини ҳолландияликларнинг кўпчилиги қўллаб қувватлмоқда.

Ҳайвонларни диний одатларга сўйиш шу пайтгача Люксембург, Янги Зеландия, Норвегия, Швеция ва Швейцарияда тақиқланган.

Туркия сиёсий доиралар бундай тақиқни муҳокама қилаётган биринчи мусулмон давлатидир.
XS
SM
MD
LG