Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:57

Душанбеда афғон муаммоси муҳокама қилинди


Афғонистондаги муаммоларга бағишланиб Душанбеда ўтказилган халқаро тадбирда кўплаб мамлакатлардан келган етмишдан ортиқ афғоншунос мутахассис ва таҳлилчи иштирок этди.
Афғонистондаги муаммоларга бағишланиб Душанбеда ўтказилган халқаро тадбирда кўплаб мамлакатлардан келган етмишдан ортиқ афғоншунос мутахассис ва таҳлилчи иштирок этди.

“Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик қарор топиши учун миллий ярашув зарур!”

Бундай баёнот “Афғонистондаги низо ва тинчлик: бугунги кун ва келажак” номи остида Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган икки кунлик халқаро тадбир чоғида янгради.

Минтақада терроризм хавфи кучли

Афғонистон мавзуига бағишлаб Душанбеда ўтказилган давра суҳбати иштирокчилари афғон тупроғида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг мукаммал механизми атрофида баҳслашдилар.

Тадбирда дунёнинг бир қатор давлатлари, жумладан, Россия, Германия, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан вакиллар қатнашди.

Тадбир қатнашчилари “Қайси йўл билан Афғонистонда низоларга якун ясаш мумкин”лиги атрофида турлича фикр билдирдилар.

Афғонистоннинг Душанбедаги элчиси Абдул Ғафур Орзу ўз юртида фақат миллий ярашув йўли билан тинчлик қарор топтириш мумкинлигини таъкидлади. Афғонистонлик дипломат Толибон ҳам афғон жамиятининг бир бўлаги эканини эътироф этар экан, “Толиблар Афғонистонда тичлик ўрнатиш музокараларида қатнашишлари зарурлиги”ни таъкидлади.

- Аммо у томон (Толибон гуруҳи назарда тутилаяпти - таҳр.) терроризмдан ҳоли бўлишлари ва инсон ҳуқуқлари, хусусан, аёллар ҳуқуқларини топтамасликлари лозим, - деди Абдул Ғафур Орзу.

Афғон дипломати, шунингдек, ўз давлати терроризм ва экстремизмга қарши курашдан мағлуб бўлса, у ҳолда қўшни давлатлар, хусусан, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари хавф остида қолиши табиийлигини қайд этди.

Афғонистон - йирик давлатларнинг ҳарбий машқ майдони

Россиялик мустақил таҳлилчи Виктор Хриченко фикрича, Афғонистондаги низога иқтисодий манфаатлар тўқнашуви сабаб бўлмоқда.

- Эгасиз майдон саналган Афғонистондаги низо иқтисодий низодир. Бу эгасиз майдон мафия гуруҳлар учун юзлаб минг доллар даромад олиб келмоқда. Афғонистон дунёнинг АҚШ ва Англия каби йирик давлатларга модерн ҳарбий техникаси ва қуролларини синаш учун машқ майдонидир. Қурол-аслаҳа қора бозорига бежиз кириб келмаган бу давлатлар террорчилик ва экстремизмга қарши кураш баҳонасида афғон тупроғининг турли бурчагида ҳарбий базалар очди, - дер экан россиялик мустақил таҳлилчи Хриченко АҚШнинг бу мамлакатдаги йиллик ҳарбий харажати бир триллион долларни ташкил қилишини қўшимча қилди.

Россиялик таҳлилчи фикрича, афғонларнинг энг катта муаммоси мамлакатнинг ўзида нафақат сиёсий лидер, балки сиёсий ғоянинг йўқлигидадир.

Иқтисодиётни жонлантириш билан тинчликка эришиш мумкин

Қарийб ярим асрлик умрини Афғонистондаги воқеаларни кузатишга бағишлаган Москва университети ўқитувчиси Григорий Ежов Афғонистон иқтисодиётини ривожлантириш билан бу мамлакатда тинчлик ўрнатиш мумкинлигига ишонади. Бу йўналишда, мутахассис мулоҳазасича, Афғонистонга зеҳнияти жиҳатдан яқин бўлган минтақа давлатлари ёрдам бера олади, холос.

- Менимча, ҳозир биринчи галда мамлакат иқтисодиётини жонлантиришга катта эътибор қаратиш зарур. Сўнгги ўттиз йилда Афғонистон аҳолиси икки бараварга ошди, экин майдонлари эса қисқарди. Бу мамлакат иқтисодиётини кўтариш учун, энг аввало, ҳосилдор ерларни кўпайтириш ва бунинг учун ирригация соҳасини ривожлантириш лозим. Бу йўналишда афғонларга яхши тажрибага эга бўлган Тожикистон ёрдам бера олади, - деди россиялик афғоншунос мутахассис Григорий Ежов.

Афғонистонда давлат тузумини ўзгартиш лозим

Афғонистонликларнинг миллий қаҳрамони сифатида улуғланиб келинган Аҳмадшоҳ Маъсуднинг укаси Аҳмад Вали Маъсуд “Афғонистон янги адолатли тузумга эҳтиёж сезаётибди”, деган фикрда.

У мамлакатдаги мавжуд тузумни “авторитар тузум” деб атаб, президент Ҳамид Карзайни эса Афғонистон Бош қонуни ислоҳотидан сўнг “мутлақ ҳокимият эгаси” бўлиб олганлигини таъкидлади.

- Иқтидордаги ҳукумат таркибида Афғонистондаги барча миллат ва элатлардан вакил йўқ. Афсуски, биз халқ ишончини оқлай оладиган ҳукуматга эга эмасмиз. Шундай экан, қандай қилиб Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш мумкин? Афғонистондаги бугунги тинчлик бу Карзай ва унинг атрофидагилар тинчлигидир. Биз бундай тинчликни тан олмаймиз. Шуни назарга олган ҳолда, Афғонистонда янги адолатли тузум барпо этишга эҳтиёж катта, - дея таъкидлади Аҳмад Вали Масъуд.

Афғонистонда федерал тузум ғояси

Аввалроқ Афғонистон матбуоти бу мамлакатда тожиклар, ўзбеклар ва ҳазорийлар каолицияси тузилганидан хабар берганди.

Афғонистон парламенти депутати Латиф Педром бу маълумотларни тасдиқлар экан, Аҳмад Вали Маъсуд, генерал Абдурашид Дўстим ва мамлакатнинг “Ҳизби Ваҳдат” партияси етакчиси Ҳожи Муҳаммад Муҳаққиқ шундай бир каолиция тузиш борасида бир битимга келганини маълум қилди.

Айни пайтда, Педром жаноблари, ҳозирча аниқ номга эга бўлмаган каолиция Карзай ҳукумати ёки пуштуларга қарши бўлмай, балки асосий мақсади тинчлик йўли билан давлат тузумини ўзгартириш ҳамда федерал система тузиш эканини билдирди.

“Конгараи миллий” партияси раиси Латиф Педромнинг ўзи ҳам кўп миллатли афғон жамиятида федерал тузум ташкил топтириш тарафдорларидан биридир.

- Иқтисодий жиҳатдан ривожланган Балх, Ҳирот ва шимолий Бадахшон вилоятларида қизларнинг маълумотли бўлишлари, кино, рақс, мусиқа ва бошқа шу кабилар маън қилинмаган. Айни пайтда мамлакатнинг жанубий вилоятларида бундай муаммо мавжуддир. Афғонистонда федерал тузум тўғрисидаги қонун тасдиқланса, мамлакат айрим ҳудудлари демократия сари ҳаракат қилади, қолган ҳудудлар эса демократик принципларни тан олмаган ҳолда, ўз маҳаллий қонунлари доирасида фаолият юритаверади, - деди афғонистонлик депутат Педром.

Айни пайтда россиялик афғоншунос мутахассислар фикрича, Афғонистондаги беқарорликдан манфаатдор бўлган АҚШ ва НАТО бу каби қонуннинг қабул қилинишига имкон бермайди.

Ўз навбатида, Афғонистон парламенти депутати Педром жаноблари бу фикрларда жон борлигини айтиб, “НАТО кучлари юртимизни тарк этмас экан, тинчликка эриша олмаслигимиз аниқ”, деди.

Элчи Абдул Ғафур Орзу эса НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этиши ортидан ўз мамлакати дохил Марказий Осиё терроризм хавфи остида қолиши мумкинлигини эътибордан соқит қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG