Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:09

Немцовга Россиядан чиқиш тақиқланди


Борис Немцов ва Гарри Каспаров ҳозирда Россия мухолифатининг олди вакиллари ҳисобланади.
Борис Немцов ва Гарри Каспаров ҳозирда Россия мухолифатининг олди вакиллари ҳисобланади.

Европа парламенти Немцовга қўйилган 6 ойлик тақиқни қоралаб, Россия ҳукуматини зудлик билан уни бекор қилишга чақирди.


Россия мухолифати етакчиси, собиқ Бош вазир ўринбосари Борис Немцовга ярим йил давомида мамлакатни тарк қилиш тақиқланди.

Борис Немцов бу ҳақда 7 июл куни Страсбургда Европарламентнинг демократия ва инсон ҳақлари муҳокамасига бағишланган йиғилишида қатнашаётган пайти хабар топди.

Россия суд ижрочилари Федерал хизмати Немцовга мамлакатдан чиқиш ҳақида тақиқ қўйилганини тасдиқлади.

7 июл куни Европа парламенти Борис Немцовга қўйилган тақиқни қоралаб резолюция қабул қилди.

Европа парламенти депутати Кристина Оюландга кўра, резолюцияда Россия ҳукумати Немцовга қўйилган тақиқни бекор қилишга чақирилган.

- Европа парламенти Борис Немцовга 5 июл куни мамлакатдан чиқиши учун 6 ой тақиқ қўйилгани борасида афсусланиш билдиради ва зудлик билан бу тақиқни бекор қилишга чақиради, деди Кристина Оюланд.

Россия суд ижрочилари Федерал хизматининг Москва бошқармаси вакили Мария Кудрявцевага кўра, Немцовга қўйилган тақиқ борасидаги ҳужжат чегара назорати билан шуғулланувчи органларга жўнатилган.

Кудрявцева мамлакатдан чиқиш тўғрисидаги тақиқ Немцовнинг суд қарорларини бажармагани учун киритилганини маълум қилди.

Немцов адвокати Вадим Прохоровга кўра¸ унга қўйилган тақиқ унинг табиий газ савдоси билан шуғулланувчи Геннадий Тимченконинг Бош вазир Путин билан яқинлиги ва шу яқинлик боис бойиб кетгани ҳақидаги баëнотлари билан боғлиқ.

Жорий йилнинг февралида Gunvor компанияси эгаларидан бири Геннадий Тимченко “Путин. Натижалар. 10 йил” мақоласи муаллифлари Борис Немцов билан Владимир Миловни судга берган эди. Тимченко мазкур мақолада “Путиннинг эски дўстлари, жумладан, Тимченко ҳам Путин ҳокимиятга келганидан кейин миллиардерга айлангани” ҳақидаги фикрлари учун раддия беришни талаб қилган эди.

Немцовга кўра, тақиқ борасидаги суд қарори сиёсий буюртма бўлиб, Россия бош вазири Владимир Путин “Парнас” учун ундан қасос олаяпти.

Борис Немцов тақиқга қарамай Россияга қайтиш ниятида эканлигини маълум қилди.

7 июл кунги Европа парламенти резолюциясида Борис Немцов еткачиларидан бири бўлган Халқ озодлиги партияси - “Парнас” нинг расмий қайддан ўтказилмагани учун ҳам Россия ҳукумати танқидга олинади.

“Парнас” партияси ўтган йилнинг декабрида мухолифатдаги сиёсатчилар - собиқ Бош вазир Михаил Касьянов, собиқ Бош вазир ўринбосари Борис Немцов ва бошқа таниқли арбоблар томонидан тузилган.

Ўтган ой Россия Адлия вазирлиги "Парнас"ни расмий қайддан ўтказиш сўровини рад қилди.
XS
SM
MD
LG