Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:33

Камаробдаги ҳужумга оид иш судга ошди


Тожикистон Мудофаа вазирлиги карвонига қилинган ҳужумдан кейин Рашт водийси анчагача мамлакат ҳарбийларининг қатъий назорати остида бўлди.
Тожикистон Мудофаа вазирлиги карвонига қилинган ҳужумдан кейин Рашт водийси анчагача мамлакат ҳарбийларининг қатъий назорати остида бўлди.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги карвонига ҳужум қилганликда гумонланаётганлар устидан тергов ниҳоясига етди.

Иш моҳиятан ўрганилиш учун душанба куни ҳарбий судга юборилади. Бу ҳақда Озодликка Тожикистон ҳарбий прокурори ёрдамчиси Ҳомиджон Обидов маълум қилди.

- Тергов ниҳоясига етди. Келгуси ҳафта бошида ишни судга оширамиз, - деди ҳарбий прокурор ёрдамчиси Ҳомиджон Обидов.

Аммо жаноб Обидов Камароб иши бўйича гумонланаётганлар сони, уларнинг қайси давлат фуқароси экани ва шу каби бизни қизиқтирган кўплаб саволларимиз очиқ қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг кузида ҳукуматга мухолиф мулла Абдулло ўз гуруҳи билан мамлакат шарқига ўтгани маълум бўлганидан сўнг ҳукумат кучлари Рашт ҳудудига сафарбар қилинди.

Ана шундай сафарбарликларнинг бирида, аниқроғи 19 сентябр куни Рашт водийсининг Камароб дарасидан ўтаётган Мудофаа вазирлиги карвони номаълум кишилар томонидан ҳужумга учради.

Натижада 28 аскар воқеа жойида ҳалок бўлди. Оғир тан жароҳати олган ўндан ортиқ ҳарбийдан яна икки нафари ҳарбий госпиталда ҳушига келмай вафот этди.

Камаробдаги қонли фожеа ортидан Тожикистон ҳукуматининг жанггариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёти бошлаб юборилди.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги мазкур ҳужумда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларидан бири мулла Абдулло лақаби билан танилган Абдулло Раҳимов ва Аловуддин Давлатов каби тожик дала қўмондонларини айблади.

Мазкур гуруҳлар таркибида Афғонистон, Покистон ва Чеченистондан келган ёлланма жанггарилар борлиги ҳам айтилганди ўшанда.

Рашт водийсидаги амалиётлар натижасида Али Бедакийнинг яқинлари, унинг қишлоқдошларидан айримлари ва ҳатто қуролли тўқнашувларнинг бирида ярадор бўлган мулла Абдуллога тиббий ёрдам кўрсатган шифокор ҳам бир-бир ҳибсга олинди.

Камароб фожеасининг асосий айбдорлари саналган Али Бедакий шу йил январида, мулла Абдулло эса шу йил апрел ойида ҳукумат кучлари томонидан ўлдирилди.

Хавфсизлик ходимлари томонидан тергов қилинганлар орасида Али Бедакийнинг укаси, Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Рашт бўйича раиси Ҳусниддин Давлатов ва 76 ёшли отаси Музаффар Давлатов ҳам бор.

Бироқ шуни ҳам айтиш лозимки, Раштдаги жанггарилар билан алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган ўнлаб раштликларнинг кейинги тақдири кўпчиликка номаълум.

Айни пайтда Тожикистон Мудофаа вазирлигининг исмини ошкор қилмаган масъули Камароб фожеасида қўли борликда гумонланаётганларнинг кўпи мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан республикада эълон қилиниши кутилаётган амнистия муносабати билан озод этилиши мумкинлигини айтди.

“Аммо, - деди исми сир тутилган тожик расмийси, - Камароб дарасидаги ҳужумда бевосита қўли борликда гумонланиб, жиноий жавобгарликка тортилганлар бундан мустасно”.

Аснода Тожикистон ҳукумат расмийлари мулла Абдулло ва Али Бедакий йўқ қилинганидан сўнг мамлакат хавфсизлигига таҳдид солган террор хавфи сусайганини эътироф этаётир.

- Дарҳақиқат, Тожикистон шарқида жанггарилар гуруҳи йўқ қилинганидан сўнг Тожикистон ҳукумати ва халқи ташвишга сабаб бўладиган бирор хавф йўқ, - деди Тожикистон президенти Миллий гвардияси қўмондони Ражабали Раҳмонов.
XS
SM
MD
LG