Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:43

Афғон президентининг укаси суиқасд қурбони бўлди


Aҳмад Вали Карзай президентнинг ўгай укаси ҳисобланади.
Aҳмад Вали Карзай президентнинг ўгай укаси ҳисобланади.

Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида президент Ҳамид Карзайнинг укаси ўз тан қўриқчиси томонидан отиб ўлдирилди.


Мирвоис касалхонаси ходимлари вилоят Кенгаши раҳбари Аҳмад Вали Карзай оламдан ўтганини расмaн тасдиқлади.

Маҳаллий депутатлардан бири Озодликка суиқасднинг Карзайлар оиласига яқин бўлган шахс, Сардор Муҳаммад томонидан амалга оширилганини айтди.

Ҳожи оға Лали Дастуғирийга кўра, Сардор Муҳаммад анча вақтдан бери Аҳмад Валининг катта акаси Қаюмнинг тан қўриқчи бўлиб ишлаган.

Бироқ бошқа хабарларга кўра, Сардор Муҳаммад Аҳмад Вали Карзайнинг ўзига тан қўриқчи бўлган.

Афғонистон расмийлари Аҳмад Валининг бошқа қўриқчилари томонидан отиб ўлдирилган қотил исмини ҳозирча ошкор қилмади.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай 12 июл куни Кобулда Франция Президенти Николя Саркози билан ўтказган матбуот анжуманида ўз укасига қарши уюштирилган суиқасдга муносабат билдирди.

- Эшитганингиздек, укам Аҳмад Вали Карзай бугун ўз уйида шаҳид бўлди. Афғонистонликларнинг бугунги ҳаёти шундай. Афғонистондаги ҳар бир хонадон шундай жудоликларга учраган. Иншааллоҳ, биз афғон халқининг уқубатлари тугашига, мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришига, Афғонистондаги бирор оила биз бошдан кечирган бундай фожиага дуч келмаслигига умид қиламиз, - деди президент Ҳамид Карзай.

Қотиллик тафсилотлари ҳақида ҳозирча аниқ расмий маълумот ошкор қилинмади.

Қандаҳор ҳокими эълон қилган баёнотда воқеа юзасидан текширув олиб борилаётгани билдирилган¸ холос.

Афғонистон ҳукуматида катта таъсирга эга бўлган 49 яшар сиёсатчи Аҳмад Вали Карзайнинг коррупция иддаолари билан боғлиқ жанжалнинг асосий сабабчиси бўлгани айтилади.

Аҳмад Вали Карзай суиқасд қурбони бўлгунига қадар Қандаҳор вилоят кенгашига раис бўлган.

Бироқ маълумотларга кўра, унинг таъсир доираси қонуний ваколатларидан кўра анча кенг бўлган.

Ўтган ой Қандаҳор вилоятидаги қабила оқсоқоллари Кобулга бориб президент Ҳамд Карзайга Аҳмад Валини вилоят ҳокими этиб тайинлаш борасида сўзлашганлар.

Агар ҳоким лавозимини эгалласа, Аҳмад Вали Карзайнинг Қандаҳорда якка ҳоким бўлиши тахмин қилинаётган эди.

Ўз уйида ишонган одами томонидан ўлдирилгунига қадар Аҳмад Вали Карзай Афғонистондаги энг бадавлат 10 кишидан бири саналар эди.

Афғонистондаги Халқаро коалиция кучлари қўмондони¸ АҚШ армияси генерали Дэвид Петреус 12 июн куни эълон қилган баёнотда президент Ҳамид Карзайга чуқур таъзия изҳор қилган.

Толиблар эълон қилган баёнотда гуруҳ Аҳмад Вали Карзайга уюштирилган суиқасд учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Баёнотда президент укасининг қатл этилгани Толибон ҳаракати эришган “энг катта ютуқ” экани билдирилган.
XS
SM
MD
LG