Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:27

Би-би-си мухбири иши Тожикистон Бош прокуратурасига юборилди


Ўринбой Усмоновнинг иши Тожикистон президенти Имомали Раҳмон диққат марказида турибди.

Бу борада 12 июл куни кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Бош прокурор Шерхон Салимзода маълум қилди.

- Давлат раҳбари жаноб олийлари ҳам Усмонов ишига алоҳида эътибор қаратаётганлиги боис биз ишнинг конкрет жиҳатларини ўрганиб, президентга ҳисобот тайёрлаш мақсадида делони Сўғд прокуратурасидан талаб қилдик, - деди Шерхон Салимзода.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов бундан роса бир ой аввал Хўжанд шаҳрида хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

У аввалига “Ҳизбут-таҳрир”га аъзоликда айбланаётган эди, бироқ тергов давомида бу иддао ўз исботини топмагани сабабли Усмоновга аввал эълон қилинган айблов олиб ташланди.

Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Тожикистондаги ваколатхонаси Ўринбой Усмоновга нисбатан "Ҳизбут-Таҳрир"га аъзолик айбловининг олиб ташланишини олқишлади.

Айни пайтда Ўринбой Усмонов тожик жамиятида фаолияти таъқиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” партияси ҳақида расмий идораларга хабар бермаганликда айбланиб, Хўжанд милициясининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида қолмоқда.

Бош прокурор Шерхон Салимзоданинг айтишича, бугунги кунда Усмонов иши юзасидан тергов жараёни ниҳоясига етган.

Одатда терговчилар хулосасидан кейин иш моҳиятан ўрганилиши учун судга юборилади. Бироқ Тожикистон куч ишлатар идоралари масъуллари бу гал одатий процедурага амал қилмади, яъни Усмонов иши судга эмас, балки марказга - Тожикистон Бош прокуратурасига юбориладиган бўлди.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, халқаро ташкилотлар қаттиқ босими остида қолган Тожикистон куч ишлатар тизими расмийларининг бундан ўзга чораси қолмаган.

Айтиб ўтсак, ўтган бир ой ичида Би-би-си жамоаси дохил дунёдаги қатор нуфузли халқаро ташкилотлар Ўринбой Усмоновнинг айбсизлигини таъкидлаб, уни зудлик билан озод этишга чақириб келади.

Аммо тожик расмийлари бу даъватларга сукут билан жавоб қайтариб келаётган эдилар.

Бироқ 12 июл куни матбуот анжумани ўтказган Бош прокурор Шерхон Салимзода Ўринбой Усмоновнинг журналист экани ва унинг ҳибсга олиниши халқаро ҳамжамият норозилигига сабаб бўлаётгани боси Би-би-си мухбирининг иши марказда кўриб чиқилишига қарор қилинганини яшириб ўтирмади.

Айни пайтда маҳбус журналистнинг саломатлиги ҳам ташвишланарли.

Ўринбой Усмоновни тиббий кўрикдан ўтказган профессор Маҳмуджон Мамажонов унинг бош мияси томография қилинишини кераклигини айтган.

- Бир марта врач кўргандан кейин ҳозир у кишига ҳеч ким эътибор ҳам бергани йўқ. “Бошини томография қилинглар”, деб кетган варч. Ҳозир хўжайинимни, врачнинг айтишича, шифохонага ётқизиш керак. Неча марта терговчисига айтдик, лекин фойдаси йўқ, - дейди Ўринбой Усмоновнинг рафиқаси Малоҳат Абдуазимова.

Усмонов билан Хўжанд ҳибсхонасида учрашган ҳамкасблари Абдулҳамид Исмоил ва Исфандиёр Одина унинг руҳий ҳолатидан ташвиш билдирган эдилар.

Ўринбой Усмонов, яқинларининг айтишича, анчадан буён қанд ва юрак хасталиги билан ҳам оғрийди.

Аввалроқ Ўринбой Усмоновнинг ҳимоячиси Воҳидова журналистнинг хасталигини назарга олган ҳолда дастлабки тергов тугагунича маҳбусни ҳибсхонадан уй қамоғига ўтказишни сўраган эди.

Бироқ, Воҳидова хонимнинг айтишича, унинг таклифи хавфсизлик идораси томонидан қондирилмаган.

Ўринбой Усмоновга дастлаб қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмаганидан сўнг маҳбус журналистнинг яқинлари унинг ҳибсхонаданоқ оқланиб чиқишига қаттиқ ишонган эдилар. Бироқ натижа улар кутгандек бўлмади. Адвокат Воҳидова хонимнинг айтишича, Ўринбой Усмонов иши судга оширилиши кутилмоқда.

Айни пайтда Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев Ўринбой Усмонов суд залидан оқланиб чиқишига ҳам ишонмайди.

- Ўринбой Усмоновга нисбатан жиноят иши очган идора масъуллари маҳкама унга нисбатан ҳеч бўлмаганда арзимас бир айб билан бўлса ҳам жазо белгилашига ҳаракат қилади. Чунки, агар Усмоновга оқлов ҳукм чиқарилса, жорий қонунларга кўра, уни ҳибсга олган ва жиноят иши очган кишилар албатта қонун олдида жавоб бериши шарт, - дейди Нуриддин Қаршибоев.
XS
SM
MD
LG