Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:11

Тожикистон юк машиналарига тўлов оширилди


Ўзбекистон ўз ҳудудига ўтадиган Тожикистон уловлари учун белгиланган қўшимча тўлов ставкасини оширди.


UzDaily.uz нашри хабарига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қарорига мувофиқ 2011 йил 1 июлдан бошлаб Тожикистондан чегарани кесиб Ўзбекистон ҳудудига ўтадиган хорижий юк ташувчи транспорт воситалари ва автобусларнинг кириши ва транзити учун белгиланган тўлов ставкаси 230 доллардан 265 долларга оширилди.

Тожикистоннинг юк ташувчи транспорт воситалари ва автобуслари учун белгиланган тўлов ставкаси 103 доллардан 118 долларга ошган.

Туркманистондан Тожикистонга кетаётган юк ташувчи транспорт воситалари ва автобуслар учун белгиланган тўлов ставкаси ўзгаришсиз қолган.

Ҳозирда Туркманистондан Ўзбекистон орқали Тожикистонга кетаётган 10 тоннагача юк ташувчи автотранспорт воситалари ва 12тадан кам ўринли автобусларга белгиланган тўлов ставкаси 35 долларни ташкил қилади.

10 тоннадан кўп юк ташувчи ва 12тадан кўп ўринга эга автобусларга белгиланган тўлов ставкаси 55 долларни ташкил қилади.

Озодлик боғланган Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси расмийлари Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига чегарани кесиб ўтадиган юк ташувчи хорижий транспорт воситалари ва автобусларнинг кириши ва транзити учун белгиланган тўлов ставкаси оширилганини тасдиқлади. Бироқ бу ҳақда телефон орқали маълумот берилмаслигини айтди.

Ўзбекистон Молия вазирлиги собиқ ходими, ҳозирда Остона шаҳридаги Евроосиё миллий университети доценти Сапарбой Жубаев Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига ўтадиган хорижий юк ташувчи транспорт воситалари ва автобусларнинг мамлакатга кириши ва транзити учун белгиланган тўлов ставкасининг оширилишига қатор сабаблар борлигини айтади.

- Энг асосийси¸ айтиш керак¸ бу иқтисодий масала. Бир-биримизга яқин қардош давлатлар халқаро вазиятларга, ўзгаришларга қарамасдан¸ бир-бирига енгилроқ тариф қўйиши мумкин эди олдинги вақтларда. Кейинги пайтларда жаҳонга чиқишимиз кенгайиб борганидан кейин шунақа енгилликларни олиб ташлаб, халқаро тарифларга ўта бошлаш масаласи қўйилган. Буни фақат Ўзбекистон эмас, масалан, буни Қозоғистон ҳам қилади. Қозоғистон Ўзбекистон тарафидан, Қирғизистон тарафидан келадиган машиналарни, юклар транзити тарифлари масаласини ҳар йили бўлмаса ҳам¸ икки йилда бир кўтариб туради. Бу умумий иқтисодий масала. Шунинг учун тарифларнинг 10-20 фоиз ўсишига ҳайрон қолиш керак эмас, - дейди Сапарбой Жубаев.

Унга кўра, Ўзбекистон томонининг тариф стафкасини оширишига 1 августдан бошлаб давлат идоралари ходимлари маошларининг оширилиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Наманган машинасозлик заводининг собиқ директори Абдувоҳид Паттаев фикрича, Тошкентнинг Тожикистон юк ташувчи транспорт воситалари ва автобуслари учун белгиланган тўлов ставкаси ошириб¸ Туркманистондан Тожикистонга кетаётган транспорт воситалари учун тўлов миқдорини ўзгаришсиз қолдиргани ҳукуматлар ўртасидаги келишув асосида бўлган бўлиши мумкин.

Паттаев Тожикистон транспорт воситаларига тўлов ставкаларининг ошишига Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб давлат идоралари ходимлари маошларининг оширилиши ҳам туртки бўлганини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Иккинчи масала, ҳеч кимга сир эмас мана ҳозир Ўзбекистонда бюджет идораларида иш ҳақлари оширилаяпти. Шуни ошириш учун бюджетда пул бўлиши керак. 15 фоизга ошганини ахир қаердандир тўлдириш керак. Тўлдириладиган энг яқин йўллар шу сингари соҳалардан, яъни транзит нархининг ошишидан, бошқалардан олиш энг қулай усул ҳисобланади. Чунки аҳолининг устига солиқ қилиб туширилиши норозилик келтириб чиқариши мумкин. Учинчиси, албатта¸ сиëсатга ҳам алоқаси бордир. Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги алоқалар яхши бўлса, қўшничилик алоқалари бўлса, иккита давлат ўзаро келишиб нархни тушириши мумкин. Қолаверса, Тожикистон ҳозир Божхона иттифоқига қўшиламиз¸ деб ҳаракат қилаяпти. Ўзбекистон “ҳали бунга тайëр эмасмиз”¸ деб розилик бермаяпти. Божхона иттифоқига қўшилиш учун юклар Ўзбекистон ҳудудидан ўтиши керак. Шунинг учун бунинг сабабларидан бири ҳам шунда бўлса керак деб ҳисоблайман, - дейди Абдувоҳид Паттаев.

Баъзи кузатувчилар Ўзбекистон Роғун ГЭСи қурилиши масаласида Тожикистон билан келиша олмаётгани боис¸ Душанбе ҳукуматига босимни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон транспорт воситалари транзити нархини оширмоқда¸ деган фикрда.

Бироқ Сапарбой Жубаев тўлов ставкаларининг ошганини Роғун можароси билан бевосита боғлаш тўғри эмас, деган фикрда.

- Буни айнан шунинг учун қилаяпти¸ деб айтиш қийин. Масалан, Тожикистонга болалар учун бораëтган озиқ-овқат бўлса, энди Ўзбекистон “Роғунни шунақа қилдиларинг. Шунақа ўзгаришларга мажбурмиз” деб айтмайдию. Буни боғлиқ дейиш мумкин, лекин шунинг учун буни қилаяпти¸ деб айтмайдию. Бунинг истисодий асослари бор. Иқтисоднинг ўз талаблари бор-да. Шунинг учун “Ўзбекистон Туркманистонга кўтармаяптида, Тожикистонга кўтараяпти” деган масалада, ҳар бир нарсанинг ўзининг сабаблари бўлади. Кейинги вақтларда сабаблар ҳамма жойда бир хил бўлиши мумкин эмас,- дейди Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистон ҳукумати шу йилнинг 1 мартидан бошлаб Тожикистонга кетаётган ва қайтаётган автотранспорт воситаларидан олинадиган тўлов ставкаси ҳажмини қарийб 14,5 фоизга оширган эди.

Ҳукуматнинг 2011 йил 17 февралда қабул қилган қарорига мувофиқ, Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига ўтаётган юк машиналари ва автобуслар 1 мартдан аввалгидек 90 АҚШ долларидан эмас, балки 103 АҚШ долларидан тўлашлари белгиланган эди.

Айни қарорга мувофиқ Ўзбекистон бошқа хорижий давлатларнинг юк машиналари ва йўловчи автобусларидан олинадиган йиғим ставкаларини ҳам 15 фоизга оширган.

2011 йил 1 мартдан бошлаб хорижий юк ташувчи транспорт воситалари Ўзбекистонга аввалгидек 200 доллар ўрнига 230 доллар тўлаб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG