Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:18

Ўзбекистон Тожикистон учун газ нархини оширди


Тожикистонга сотилаётган ўзбек газининг нархи 35,14 АҚШ долларига қимматлади.

Эндиликда “Тожиктрансгаз” ширкати қўшни мамлакатдан олинаётган табиий газнинг ҳар минг кубометри учун аввалги 249,19 доллар ўрнига 284,33 АҚШ долларидан тўлайди.

Бу ҳақда “Тожиктрансгаз” ширкати раиси Сайидаҳмад Шарофиддинов маълум қилди.

“Тожиктрансгаз” раҳбари йилнинг учинчи чорагида ўз ширкати ҳар минг кубометр табиий газ учун “Ўзбектрансгаз” ширкатига сал кам 285 АҚШ долларидан тўлай бошлашини билдирди.

- Жорий йил учун Ўзбекистон билан 180 миллион куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома тузганмиз. Ўзбекистон билан Европадаги сингари махсус формула асосида шартнома имзоланган. Шуни назарга олган ҳолда, жаҳон бозорида нефт ва нефт маҳсулотлари нархининг ошиши билан табиий газ нархи ҳам кўтарилади. Айни пайтда газ учун олдиндан ҳақ тўлаяпмиз. “Ўзтрансгаз” ширкати олдида қарздор эмасмиз, - дея билдирди тожик расмийси Шарофиддинов.

Унинг айтишича, жорий йилнинг олти ойи давомида Тожикистон Ўзбекистондан 88 миллион куб метр табиий газ сотиб олган.

“Тожиктрансгаз” ширкат раиси Ўзбекистондан импорт қилинаётган табиий газнинг асосий қисми республика саноат корхоналари, жумладан, “Тожикцемент” ва “Талко” алюминий ишлаб чиқариш заводига тақсимлаб берилаётганини маълум қилди.

Республика жанубида ишлаб чиқарилаётган табиий газ мамлакат йиллик эҳтиёжини қондиролмаслиги сабабли Тожикистон собиқ иттифоқ давридан ўзбек газидан фойдаланиб келади.

Аммо сўнгги уч йил ичида ўзбек гази ҳам жаҳон бозоридаги нархларга тенглаштирилаётгани важидан расмий Душанбе табиий газ импорти ҳажмини қисқартиришга мажбур бўлмоқда.
Бунинг ортидан Тожикистон аҳолисининг аксарияти газ таъминотидан узилиб қолмоқда.

Аснода “Тожиктрансгаз” ширкати Рамазон ойида республиканинг айрим ҳудудларини газ тўла билан таъминлашга қарор қилди.

- Биринчи ўринда электрон газ ҳисоблагичлар билан 100 фоиз таъминланган Сўғд вилоятининг Истаравшан шаҳри аҳолиси Рамазон ойида 24 соат газ билан таъминланади. Республиканинг бошқа ҳудудлари аҳолиси ҳам замонавий ҳисоблагичлар билан тўла таъминланганидан кейин уларга ҳам газ беришни бошлаймиз, - деди “Тожиктрансгаз” ширкат раиси Сайидаҳмад Шарофиддинов.

Бироқ Озодлик мухбири билан суҳбатда бўлган истаравшанликлар “Тожиктрансгаз” ширкати бошлиғининг айтганлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтмоқдалар.

- Газимиз йўқ. Бизга ҳам Рамазонда ”газ берилади”, деб ваъда қилишгандик, лекин ҳалигача газ беришгани йўқ. Газимиз йўқлиги учун саҳарлик, ифторликларда қийналаяпмиз, - дейди истаравшанлик суҳбатдошимиз Раънохон.

Тожикистон ҳукумати табиий газ таъминоти бўйича Ўзбекистонга қарамликдан қутилиш учун муқобил йўлларни қидирмоқда.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаровдаги маълумотларга кўра, Тожикистон келгуси йилдан бошлаб тошкўмирдан газ олишни йўлга қўяди.

- Тожикистонда газ заҳиралари билан бирга тошкўмир заҳиралари улкан. Аҳолининг газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида келгуси йилдан бошлаб тошкўмирдан газ ҳосил қилиш йўлга қўйилади. Ўйлайманки, келгуси 15 йил ичида бу технология республиканинг барча ҳудудларида қўлланилиши ортидан ўзбек табиий газига эҳтиёж қолмайди, - дея мулоҳаза билдиради таҳлилчи Умаров.

Тожикистон энергетика ва саноат вазири муовини Пўлат Муҳиддинов ҳам ўз давлати яқин келажакда энергетика мустақиллигига эришишига ишонади.

Расмийнинг гапига қараганда, айни пайтда Россиянинг “Газпром” ширкати Данғара туманидаги “Саргазон”, Рудакий туманидаги “Ренгон” ва Ҳисор туманидаги “Шоҳамбари” газ конларида иш олиб бормоқда.

- Бу конлардаги газ ўзлаштирилгач, республикада табиий газ билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топади, - деди энергетика вазири муовини Муҳиддинов.

Айни пайтда тожикистонлик мутахассислар орасида Тожикистоннинг энергетика мустақиллиги истиқболларига шубҳа билан қараётганлар ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG