Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:56

Ўшда яна адвокатлар калтакланаяпти


Ўшдаги судларда калтакланган адвокатларнинг аксарияти ўзбекларнинг ҳимоячиси экани айтилмоқда.
Ўшдаги судларда калтакланган адвокатларнинг аксарияти ўзбекларнинг ҳимоячиси экани айтилмоқда.

Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланаётган ўзбекларнинг адвокати Татяна Томина ўтган ҳафтада яна дўппосланди.

Томинага кўра, воқеа 2 август куни Ўш шаҳар суди биносида содир бўлган.

- Бир аёл ёнимга яқинлашибоқ сумкаси билан уриб қолди. Кейин эса тепкилай бошлади. Унга яна уч аёл қўшилди. Ёнимда ҳамкасбим Таштемир уулу Алмаз бор эди. У мени ҳимоя қилишга уринди. Бошқа ҳеч ким мени ҳимоя қилгани йўқ. Суд котиблари ва уларнинг ёрдамчилари ўзларини ишлаганга солиб, бошларини эгиб ўтираверди, - дейди ўша куни ўз ҳимоясидаги Анвар Йўлдошев иши бўйича Ўш шаҳар суд биносига борган Татяна Томина.

Адвокатнинг айтишича, уни аёллар чангалидан соқчи милиционер қутқариб қолган.

- Биз суд биносини ичидан чиқолмай қолдик. Кейин улар тош кўтариб келишди. Суд котиблари чиқиб кетишди, йўлакда фақат ҳамкасбим иккимизгина қолдик. Улар бизга яна даф қилаётган пайтда маҳбусларга соқчилик қилувчи милиционер келиб қолди ва аёлларни бинодан қувиб чиқарди. Кейин мен милиция навбатчисига қўнғироқ қилдим ва улар мени у ердан олиб чиқиб кетишди, - дер экан Томина ўзини калтаклаган аёлларнинг жабрланувчиларга алоқаси йўқлигини, уларни кимдир ёллаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Томинанинг айтишича, адвокатга 3 август куни Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасида ҳам даф қилишган. Адвокат бу куни жабрланувчи томон уни таҳқирлаб, қўрқитганини айтади.

Ўтган ҳафтадаги калтакланишлардан сўнг буйруги ва бели оғриётганидан шикоят қилган Томина бу воқеалар юзасидан прокуратурага ариза ёзган.

- Бугун урологга бориб кўрингандим. Шифокор мендан: “Ўзбекларни ҳимоя қилгандирсан-да?” дея ўсмоқчилаб сўради. Мен унга: “Сиз ўз ишингизни қилинг, яъни мени даволанг, кимни ҳимоя қилишни эса ўзимга қўйиб беринг” дедим, - дейди адвокат.

Татяна Томина ҳуқуқ-тартибот идоралари ва судларда адвокатларнинг ишлаши учун шароит яратиб берилмаётганидан ҳам шикоят қилади.

Аснода адвокат Томинанинг калтакланиши юзасидан Human Rights Watch ҳуқуқни муҳофаза қилиш халқаро ташкилоти баёнот билан чиқди.

“Биз Татяна Томинанинг хавфсизлигидан ўта хавотирдамиз. Бу ҳужум ўтган йилги нохуш ҳодисалар ортидан содир бўлмоқда. Расмийларнинг бу воқеалар юзасидан текширув ўтказиб, айбдорларни топиб, уларни жазолай олмаётгани ҳужумчиларни янада ҳаволантираяпти”, дейилади Human Rights Watch баёнотида.

Маълумотларга кўра, ўтган 10 ой давомида июн воқеалари бўйича маҳкама жараёнларида этник ўзбеклар манфаатларини ҳимоя қилган Татяна Томинага 4 маротаба ҳужум қилинган.

Ўшда адвокатларни калтаклаш айниқса 2010 йил кузида авж олганди. Масалан, 30 сентябр куни адвокат Таир Асанов, 13 октябр куни Татяна Томина, Дилбар Турдиева, эртаси куни Динара Турдиматова каби неча адвокат жабрланувчилар томонидан калтакланганди.

Адвокатларга ҳужумнинг янги тўлқини шу йил июн ойида қайта бошланганди. Хусусан, адвокат Валерян Вахитовга16 июн куни Ўш шаҳар суди биносида жабрланувчи тарафнинг вакиллари ҳужум қилишган ва 2010 йилнинг июнидаги воқеаларда иштирок этганликда айбланиб қўлга олинган ўзбек йигитини ҳимоя қилишдан воз кечишини талаб этишганди.

22 июн куни эса Ўш шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтаётган суд жараёнида адвокатлар Татяна Томина ва Улуғбек Усмонов Ўш қирғинида қотиллик содир этганликда айбланаётган ўзбекларни ҳимоя қилаётгани учун номаълум аёллар таҳдид қилишган ва калтаклашмоқчи бўлишган. Татяна Томина ўшанда ўзини ва ҳамкасбини ҳарбий қисм аскарлари сақлаб қолганини, аскарлар адвокатларни яширин йўллар орқали ҳарбий қисмдан чиқариб юборишганини айтганди.

Қирғизистон Олий суди матбуот котиби Бақитбек Рисалиев маҳкама жараёнларида суд иштирокчиларини ҳимоя қилиш аслида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг вазифасига киришини урғулайди. Озодликнинг қирғиз шўъбасига берган суҳбатида Рисалиев “ҳозир адвокатларнигина эмас, ҳакамларни ҳам калтаклаб кетишлар бўлиб тургани”ни қайд этган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси раҳбари Турсунбек Чалов ўтган йилнинг апрел ва июн воқеалари бўйича маҳкама жараёнларида хавфсизлик чоралари кўрилаётганини, шунга қарамай, маҳкама мажлисларида қонунбузарликлар камаймаётганини айтади.

- Бу қонунбузарликлар асосан жабрланувчилар томонидан содир этилмоқда. Уларни тушунса бўлади, яқинларини йўқотганлари учун аламдан шундай қилаётган бўлишлари мумкин, - дер экан Турсунбек Чалов бундай ҳужумларга жабрланувчиларнинг адвокатлар иши моҳиятини тушунмаганлик сабаб бўлаётганини қўшимча қилади.

Мутахассисларга кўра, Қирғизистонда адвокатлик фаолияти тўғрисидаги қонунда адвокатлар дахлсизлиги ҳақида махсус модда бор, бироқ амалда бу қонун ишлаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG