Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:29

Туркманистонда аҳоли рўйхатга олинади


2012 йил охирида ўтказиладиган Туркманистондаги аҳолини рўйхатга олиш жараёни МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб электрон шаклда амалга оширилади.

Бу ҳақда хабар қилаётган туркман матбуотига кўра, айни кунларда мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш учун масъул бўлган давлат комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтган.

Хусусан, “Нейтральний Туркменистан” газетасининг ёзишича, мажлисда 2010 йил ва 2011 йилнинг биринчи ярмида бу борада амалга оширилган ишларга баҳо берилган, яқин истиқболдаги ишлар режаси тузилган.

Аҳоли ва турар-жой фондини ёппасига рўйхатга олиш Туркманистонда қанча одам яшаши, уларнинг ёши, жинси, миллати, тили, маълумоти ва ҳаказо маълумотларни ўз ичига олади.

Бу тадбир чоғида жамланган маълумотлар давлат ва ижтимоий тараққиёт бўйича узоқ муддатли дастур ва режалар тузишда муҳим роль ўйнайди.

2012 йил декабрида якунига етказилиши мўлжалланаётган тадбир анъанавий аҳолини рўйхатга олишдан камчиқимлиги билан ҳам фарқ қилади. Электрон рўйхатга олишда маълумот йиғиш ва уни қайта ишлаш, мутахассисларга кўра, бир неча маротаба тезроқ амалга оширилиши мумкин.

Туркманистонлик мутахассислар шу йил март ойида бу инновацион усулни синаб кўриб, унинг анъанавий рўйхатга олишдан кўра самаралироқ эканини эътироф этганлар.

МДҲ Статистика қўмитаси сайти маълумотларига кўра, 2006 йилдаги маълумотлар бўйича Туркманистонда 6,746 миллиондан кўпроқ киши истиқомат қилади.

Туркманистонда сўнгги марта аҳолини рўйхатга олиш жараёни 1995 йилда ўтказилган.
XS
SM
MD
LG